Qidirish

18:47 / 2023-12-19 903 0 Жамият

Сирдарё вилояти бўйлаб пресс-тур ташкил этилди

world-news

Якунланаётган йил мобайнида вилоятда ишга туширилган янги лойиҳалар ва яратилган иш ўринлари, аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш йўлида амалга оширилган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.

Сирдарё туманидаги “Peng-Sheng“ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида кутиб олинган марказий телевизион каналлари, босма ва электрон нашрлар вакиллари ҳамда блогерлар мазкур қўшма корхона негизида ташкил қилинган ”AWP“ ва “Peng Sheng charm” корхоналари, Оқолтин туманидаги “Агромарказ” фаолияти, Мустақиллик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, туманнинг “Аҳиллик” маҳалласида ташкил қилинган узумчилик плантацияси, Янгиер шаҳридаги “Мебелчилик кластери” ва Ховос туманида Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилган иссиқлик электр станцияси билан танишди.

“Peng-Sheng“ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси 2009 йилда иш бошлаган. Умумий қиймати 26 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг бугунги инвестицион имконияти 100 млн АҚШ долларига чиққан. Янги иш ўринлари 2 мингдан ошди. Аввалига фақатгина керамик кафель ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда сантехника маҳсулотлари, қайта ишланган ва ишлов берилган терилар, декор панеллари, томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган елим қувурлар, махсус сув ўтказгичлар ва плёнкалар, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, чарм буюмлар каби ўндан зиёд лойиҳалар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш майдони 100 гектарга етказилиб, маҳсулотлар экспорти МДҲ давлатлари, Хитой ва Европагача чўзилди. Аҳамиятлиси жорий йилнинг апрель ойида Давлатимиз раҳбари ушбу корхонанинг қиймати 10 млн. АҚШ доллари бўлган 2 та янги лойиҳасига ҳам шахсан старт берди. Улар мармар тошларидан 40 турдаги тайёр маҳсулот тайёрлаш ва терининг чиқиндига чиқариб юбориладиган “оқсил” қисмидан желатин ишлаб чиқаришдир.

“AWP“ корхонасининг устав фонди 7,5 млн АҚШ долларини ташкил этади. Турли хилдаги 2 млн донадан ортиқ сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 400 киши иш билан таъминланган. Корхонанинг асосий фаолияти санитар-техника маҳсулотлари учун юқори технологиялар асосида сместител, ёпиш арматуралари(зулфин)ини ишлаб чиқариб, ички бозор талабларини тўлақонли қондириш ва маҳсулотлар экспортини таъминлашдан иборатдир.

“Peng Sheng charm” корхонасининг терини қайта ишлаш ва желатин ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 4,2 млн АҚШ долларига тенг. Йилига 1500 кв. метр турли хил ўлчамдаги табиий чарм ҳамда 468 минг кг желатин маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитой ҳамда МДХ давлатларига экспорт қилинмоқда.

“Oqoltin agro markaz“ “Сардоба универсал кластер” пахта-тўқимачилик кластери томонидан ташкил қилинган. Лойиҳа қиймати 5 млн АҚШ долларини ташкил қилади. Марказда ўсимликларни ҳимоя қилиш, тупроқ ва сув таҳлил лабораторияси, ветеринария дорихонаси, агроном маслаҳати, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриш ва қишлоқ хўжалиги техникалари каби хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, марказ қошида агромаркет дўкони ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Туманнинг Мустақиллик маҳалласи “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, ҳудуд қиёфаси қисқа фурсатда замонавий кўринишга келтирилди.

Бу ердаги мавжуд 16 та кўп қаватли уйларнинг барчаси реконструкция қилинди. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилди. 1 километр ички йўллар асфальтланиб, янги лотоклар қурилди. Пиёдалар йўлаклари, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва 50 дона янги темир бетон устунлар, замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2 дона трансформатор пункти янгиланди ҳамда 3 километр ҳаво тармоғи тортилди. Шунингдек, янги қуриб битказилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, “Work out”, 5 та болалар майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони, 8 та жамоат ҳожатхонаси, 6 та тандирхона ва 1 та ҳаммом, “Bookcafe“, хотин-қизларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди. 76 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Қийин аҳволга тушиб қолган 28 нафар фуқарога 150 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди. 10 дан зиёд фуқаро бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”даги 25 нафар фуқарога тикув машинаси, пишириқ печлари, электр пайвандлагич, компьютер ва бошқа зарур асбоб-ускуналар топширилди. Тижорат банклари томонидан 41 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 653 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Давлат раҳбари жорий йил 7 апрелдаги вилоятга ташрифи давомида Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини таъкидлаган ва у борада Хитой тажрибасига таяниш қўл келиши айтилган эди. Чунки бу давлат мазкур соҳаларда катта ютуқларга эришган. Қолаверса, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқиши катта. Шу аснода ўтган давр мобайнида вилоятимиз расмийлари ва тадбиркорлардан иборат делегациянинг Хитойга бир неча бор сафари уюштирилди. Ўтказилган музокараларда кўплаб манфаатли келишувларга эришилди. Айни вақтда эса ушбу келишувлар босқичма-босқич амалга татбиқ этилмоқда.

Бунга биргина Янгиер шаҳрида ташкил қилинган лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган мебелсозлик кластери яққол мисол бўла олади. Авваллари фақатгина ДСП доскалари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланган корхона вакиллари Хитойга ташрифи давомида ҳамкор топиб, ўз фаолиятини янада кенгайтиришга эришди.

Эндиликда бу ерда йилига 35 миллиард 465 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи 3 миллион метр квадрат ДСП ва МДФ, шунингдек, турли хилдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ускуналар Хитой ва Туркиядан келтирилган. Бунинг учун Хитойнинг “Beijing Goods Jiangsu New Material“ компанияси 4 миллион доллари миқдорида сармоя киритган. Яратилган янги иш ўринлари сони 100 тани ташкил этмоқда.

Келгусида экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга, иш ўринларини 500 тага етказиш мақсад қилинган.

Вилоятнинг Ховос туманида яна бир йирик инвестицион лойиҳа — Туркиянинг “Cengiz Enerji“ компанияси томонидан қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси қурилиши муваффақиятли амалга оширилди. Станцияга ўрнатилган қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги туфайли станция йилига 1,7 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 150 млн куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган табиий газ билан қўшимча 685 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш