Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
«Янги конституция – улкан масъулият демакдир» – Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев
Мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги ҳар йилгидан кўра ўзгача шукуҳ билан нишонланиши табиийдир. Зеро, жорий йилда тубдан янгиланган Асосий қонун умумхалқ референдуми натижасида қабул қилинди ва миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор барча устувор қоидалари тўғридан-тўғри қўлланадиган мукаммал Конституцияга эга бўлдик.
Қайд этиш ўринлики, конституциявий ислоҳот ҳар қандай давлатдан қатъий сиёсий ирода, жасорат ва энг муҳими, етилган шароитни тақозо этади. Конституцияни, қолаверса, унинг биронта қоидасини замон ва маконнинг хусусияти талабларига зид равишда ўзгартириб бўлмайди.
Ўзбекистонда эса, Давлат раҳбари ташаббуслари асосида кейинги 7 йилда амалга оширилган тарихий ўзгаришлар Асосий қонунимизни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Бу даврда ислоҳотлар шу қадар кенг кўлам ва шиддат касб этдики, Конституция ва қонунлардан иборат ҳуқуқий макон уларнинг залворли юкини кўтаролмай қолди. Шу боис, муҳтарам Президентимиз томонидан Конституцияни тубдан ислоҳ қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Умумхалқ референдумида халқимиз Конституциямиз лойиҳасига овоз бериш баробарида Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижаларига ҳам ўзининг ҳаққоний баҳосини берди.
Зотан, овоз беришда иштирок этган қарийб 17 миллион нафар юртдошимизнинг 90 фоиздан зиёди референдумга қўйилган саволга ижобий жавоб берди.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, нуфузли экспертлар Давлатимиз раҳбарини ва у кишининг тимсолларида бутун халқимизни тарихий тадбирнинг юксак даражада ўтгани билан қутлади.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўли нақадар тўғри танлангани, тараққиётнинг янги босқичи тарихий аҳамиятга моликлигидан далолатдир.
Ўз навбатида, Конституцияни ислоҳ қилиш давлатимизнинг эл-юрт саодати йўлидаги олий мақсадлари сари қўйилган навбатдаги улкан қадамидир ва янгиланган Асосий қонунимизнинг кучга киргани барчамизнинг зиммамизга фавқулодда юксак масъулият юклади.
Бу ҳужжатнинг устувор қоидалари асосида тамомила янгича қиёфа ва моҳият касб этиб бораётган жамиятда, улуғвор мақсадлар кўзланаётган шароитда кечаги дунёқараш, ёндашув ва муносабат билан яшаб, ишлаб бўлмаслигини янада чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбарининг янгиланган Конституцияни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга оид 2023 йил 8 майдаги 67-сонли Фармонида белгиланган, умуман олганда, ушбу Конституциянинг ўзи ҳам тақозо этадиган вазифалар ижросига шу нуқтаи назардан ёндашмоқдамиз.
Жумладан, Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг учинчи йўналиши – ҳуқуқий давлат принципи асосида инсон қадрини улуғлаш сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқариш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошланди.
Бунда асосий эътибор Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилишига қаратилмоқда. Зотан, қайд этилган дастурда кўзда тутилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиб, амалга киритиш учун муайян вақт талаб этилар эди. Конституция нормалари эса, жорий йил 1 майдан кучга кирди.
Бинобарин, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича янги нормаларни амалиётда бевосита ўша куннинг ўзидан бошлаб қўллашга тўғри келди.
Хусусан, Конституция ҳамда дастурга мувофиқ уй-жойда тинтув ўтказиш, шахснинг телефон сўзлашувлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотларни олиш фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланди.
Бош прокуратура, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари вакиллари иштирокида ушбу муҳум қоидаларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтиришга, авваламбор, уни қўллашда Конституциявий тамойилларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ишлаб чиқилган Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятини суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тушунтириш бўйича ўқув курси модули доирасида вазирлик ва идораларнинг қарийб 2 500 нафардан ортиқ ходимлари ўқитилиши ташкил этилди. Бу борадаги тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши йўлга қўйилди.
Конституция нормаларини тўғридан-тўғри, сўзсиз ва самарали қўллашда Олий суд Пленумининг жорий йил 23 июнь куни қабул қилинган “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Зотан, Бош прокуратура ҳамда бошқа тузилмалар таклифлари асосида ишлаб чиқилган мазкур қарордаги тушунтиришлар нафақат судлар, балки ҳуқуқ-тартибот, назорат органлари, вазирлик ва идоралар, умуман олганда, барча ҳуқуқни қўлловчилар томонидан Конституция нормаларини қўллаш жараёнида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, давлат ҳамда жамият манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Конституция қоидаларидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминлашга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларни бюрократик тўсиқларсиз, тезкор равишда муҳокамалардан ўтказишга эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритиш учун тайёр ҳолга келтирилди. Ушбу лойиҳа 5 та қонун ва 2 та кодексни такомиллаштиришни назарда тутади.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, барча соҳа ва тармоқлар қатори прокуратура органлари фаолиятининг ҳам янгиланган Конституция асосида такомиллашаётгани қисқа муддатда ўз самараларини бера бошлади. Бунда жорий йилнинг 15 июль куни Бош прокуратура ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида прокуратура органларининг янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқадиган устувор вазифаларини белгилаб олганимиз, фаолиятнинг ҳар бир йўналишида тезкор равишда бажарилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилгани, уларнинг ижроси юзасидан кундалик назорат ўрнатилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Буни биргина инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалда таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунлар ижросини сўзсиз рўёбга чиқариш борасидаги ишлар натижаларини акс эттирувчи кўрсаткичлар, уларнинг ижобий томонга кескин ўзгарганида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 28 мингта текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича жами 134 мингтага яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. Энг муҳими, 321 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 2,3 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Шу мақсадда 9 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди, қайд этилган йўналишда қонунбузарликларга йўл қўйган 13,2 минг нафардан зиёд шахс жавобгарликка тортилди, 5,2 млрд. сўм зарар ихтиёрий ундирилди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолият ҳам такомиллашиб бормоқда. Бу борадаги долзарб муаммолар ва ечимталаб масалаларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 380 дан зиёд мувофиқлаштирувчи кенгашлари ўтказилди.
Шу ўринда жиноятчилик, жумладан коррупцияга қарши кураш бўйича Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида янгича ва самарали механизмлар жорий этилаётганини қайд этиш жоиз.
Биргина мисол: ҳар бир соҳа, тармоқ, вазирлик ёки идора тизимида коррупцияга шароит яратаётган сабаблар, омиллар ва бошқа жиҳатлар ана шу вазирлик ва идоранинг ўзида мутасаддилар иштирокида батафсил муҳокама қилинмоқда, мавжуд муаммолар, камчиликлар ва буларга йўл қўйганларнинг фаолиятига холис баҳо берилмоқда. Бундай амалиёт бир томондан жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, бошқа жиҳатдан эса, жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Судларда жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, судларда қарийб 80 мингта ишнинг кўрилишида прокурор иштироки таъминланди.
Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида келиб тушган жами 388 мингдан зиёд мурожаатнинг 215 мингтаси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 287 минг нафар фуқаро қабул қилинди.
Натижада 41 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 91 мингга яқин мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳам ҳал этиш чоралари кўрилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Конституция нормаларини қўллашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар кўп вақтдан буён долзарб бўлиб турган ва аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ечимини топишда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммолар бартараф этилишига эришилди.
Жумладан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик тармоқлари барпо этилди, газ тақсимлаш, трансформатор пунктлари, сув насослари ҳамда қозонхоналар янгиланди, кўп хонадонли уйлар ва уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди.
Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Бош прокуратурада Республика штаби ва прокурорлар иштирокидаги ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Кўмирни талон-торож қилишнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий омбор ва мавсумий шохобчаларга прокуратура ва бошқа тузилмалар вакиллари бириктирилди.
Талон-торож эҳтимоли мавжуд бўлган темир йўл бекатлари аниқланиб, кўмирнинг истеъмолчиларга хавфсиз ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш учун мазкур бекатларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари масъул этиб белгиланди ва патруль автомашиналари ажратилди.
Натижада бугунги кунда барча истеъмолчиларга кўмирни ўз вақтида ва етарли ҳажмда етказиш имконияти яратилди. Қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳам янгича талаблар асосида такомиллаштирилмоқда. Прокуратура органларида жорий этилган “Бюджет назорати” электрон дастурини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларининг тегишли тизимлари билан интеграция қилиш орқали барча объектларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб, у фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган жараёнлар бўйича “туман – вилоят –республика” даражасида онлайн мониторинг йўлга қўйилди.
Интернетда очилган махсус канал ва штабларда ишга туширилган “очиқ телефон” орқали кенг жамоатчилик учун дастурлар ижросининг боришини муҳокама қилиш имкони яратилди.
Тизимли камчиликлар омилларини бартараф этишга қаратилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан нохолис баҳолаш мезонлари бекор қилинди, 46 мингдан зиёд пудратчи ташкилот қайта сараланиб, уларнинг зарур салоҳиятга эга бўлмаган 29 мингтаси рейтинг рўйхатидан чиқарилди. Пудратчини танлаш жараёнида харид комиссиясининг иштироки илк маротаба тўлиқ бекор қилинди.
Илгари жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ва норозиликлар келтириб чиқарган лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларининг рейтинг баллари ва уларни шакллантирган кўрсаткичлар ошкора юритила бошланди.
Натижада биргина жорий йилги давлат дастурларига киритилган лойиҳаларда қиммат ва асоссиз ҳисобланган 2 трлн. 566,6 млрд. сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинди, 22,2 млрд. сўмлик сифатсиз ишлар ва 15,3 млрд. сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилди.
Маълумки, глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво сифатининг пасайиши ва Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг кескин тус олиши сабабли экологик масалалар Асосий қонунимиздан кенг ўрин олди.
Бинобарин, Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги Фармонига асосан прокуратура органларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган тармоғи ташкил этилди.
Юртни обод қилиш нияти билан яшаш, бу ният рўёби йўлида борини бериш халқимизнинг азалий ҳаёт тарзи, эзгу қадриятидир. Бу қадриятнинг тараққиётимиз янги босқичида янги тўлқин, янги куч ва хайрли мақсад билан қайта тиклангани Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсадимизга мосдир.
Бинобарин, прокуратура органлари ҳам савобли ва айни пайтда ҳар жиҳатдан фойдали бўлган бу ишлардан четда турмайди, албатта.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доимий назоратимиздадир. Жумладан, дарахтлар кесилишига эълон қилинган мораторий талабларига риоя қилинишини қатъий назорат қилаяпмиз.
Экология билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда аҳоли, давлат ва нодавлат тузилмаларга, кенг жамоатчиликка амалий ёрдам кўрсатаяпмиз. Бироқ, энг муҳими, бу каби лойиҳалар, ташаббуслар ижросига бевосита ҳисса қўшиш ҳам устувор вазифамиздир.
Шу боис, биргина жорий куз мавсумида 550 минг туп дархатни бевосита прокурорлар томонидан экишни режалаштирдик ва шу кунга қадар 456 минг тупдан зиёд дарахт экилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Прокурор боғлари” барпо этилмоқда...
Прокурорлар раҳбарлик қиладиган 2-секторларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эҳтиёжмандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ва бошқа объектлардаги муаммоларни бартараф этиш, жиноятчиликка қарши курашиш каби кўплаб йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, прокурорлар секторларидаги тегишли дафтарларга киритилган 163 300 та эҳтиёжманд оилага, 321 минг 400 нафар фуқарога зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
177 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланди, 8 минг нафардан зиёд ёшлар истиқболли иш ўринларига доимий ишга жойлаштирилди, 2,2 минг нафарга яқин ёшларга кредит, 5, 6 минг нафарига қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиши учун ер, 12 минг нафарига субсидия ажратилишида кўмак берилди.
Бундан ташқари, 86 минг нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 13,6 минг нафардан ортиғи касб-ҳунарга ўргатилди, улар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 10 605 нафарига қарийб 100 миллиард сўмлик кредит ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Прокурорлар томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашиш аҳволи ҳақида ахборотлар мунтазам киритилмоқда. Аҳоли ва ижрочиларга янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти еткзилмоқда, ушбу йўналишда олим ва экспертлар, вакиллик органлари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги Қарори билан Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси қабул қилинди ва шу тариқа тизимимизда маънавий-маърифий ишлар янги босқичга кўтарилди.
Айниқса, инсон қадрини улуғлаш, Ватанимиз озодлиги йўлида жон фидо этган тизим ходимларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ёш авлодга етказиш орқали уларда эл-юртга садоқат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Афсуски, шўролар қатағонларининг даҳшатли даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам кўплаб мусибатларга дучор бўлди.
Ори ва номусини ҳар нарсадан устун қўйиб, ноҳақликларга қарши борган, қатъият кўрсатган, чин маънода довюрак ва ватанпарвар маҳаллий ходимларнинг 150 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари эса отиб ташланган. Бу маълумотлар фақат қисқа муддатда аниқланганидир.
Ноҳақлик азобларини тортган тизимимиз ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини ёш авлодга етказиш бўйича бугун аниқ ишларни бошладик.
Хусусан, жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган фармойиш билан қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “йўл харитаси”, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳга прокуратура ходимларидан ташқари, турли илмий муассасалар, музейлар ва бошқа тузилмалар вакиллари киритилгани муҳим аҳамиятга эга...
Хулоса сифатида қайд этиш жоизки, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофазалашдек шарафли вазифаларни зиммасига олган прокурорларнинг масъулияти энди ҳар қачонгидан ҳам кучайди.
Таъбир жоиз бўлса, янгиланган Конституциянинг амалга киритилиши билан прокуратура органлари ҳам янги ва масъулиятли даврга қадам қўйди. Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ташаббуслари самараси ўлароқ, ҳар жиҳатдан такомиллашиб бораётган тизимимиз бу давр олдимизга қўяётган устувор вазифаларни шараф билан адо этиш учун барча имкониятларга эгадир.
Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев