Qidirish

21:48 / 2023-07-19 7429 0 Мақолалар

Суд ёпиқ: «Kompromat»нинг компроматлари, «Кўзгу» блогери ҳам жиддий айбловга тортиляпти...

Жорий йилнинг 27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Университет кўчаси 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилиб, фуқаро аризасига асосан, Human.uz интернет портали асосчиси Хуршид Далиев ва сайтнинг 4 нафар ходими жумладан, сайт бош муҳаррири Муслимжон Мирзажонов «Telegram» мессенжеридаги «Kompromat.uzb» ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликда гумонланиб, олиб кетилган эди.

Гумонланувчилар мазкур ишга Жиноят кодексининг 165-моддаси яъни товламачилик моддаси билан жалб этилган.

Маълум бўлишича, сайт бош муҳаррири Муслимжон Мирзажонов ва бошқа гумонланаётган ходимлар тергов давомида қўйиб юборилган.

Мирзажоновнинг айтишича, Human.uz сайтининг “Kompromatuzb” Telegram-каналига мутлоқ алоқаси бўлмаган. Кейинчалик терговга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби журналист, Мавжуда Мирзаева ҳамда собиқ “Ўзбекнефтгаз” раисининг матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовлар жалб этилган. Улар тергов давомидаги гумонланувчи статусидан айбланувчига алмашган.

Шунингдек, жиноят иши доирасида Хуршид Далиевга қариндоши борлиги айтилаётган Аҳмадилло Аҳмаджонов номини ҳам кўриш мумкин.

ДХХ ахборотига кўра, тергов давомида процесс иштирокчилари адвокат билан таъминланган. Тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланган.

Жиноят иши тафсилотларига келадиган бўлсак, иш бўйича 4 нафар айбланувчи, 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида жабрланувчиларга 5 млрд 100 млндан ортиқ моддий зарар етказилгани аниқланган.

Жабрланувчилар қаторида собиқ бандлик вазири Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ директори Афзал Эрматов, Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ва бир қатор давлат идоралари ходимларининг номлари келтирилган.

Айблов хулосасига кўра, Human.uz асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев жиноят кодексининг 139-модда 2-қисми (Туҳмат), 165-модданинг 3-қисми а-банди (Товламачилик), 184-модданинг 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан айбланган.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов 139-модданинг 2-қисми (Туҳмат), 165-модданинг 3-қисми а-банди (Товламачилик), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда айбловга тортилган бўлса, фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов 139-модданинг 2-қисми (Туҳмат), 165-модданинг 3-қисми а-банди (Товламачилик) жиноятларини амалга оширганликда айбланган.

Журналист Мавжуда Мирзаевага 165-модданинг 2-қисми а-б-в банди, ҳамда яна бир жиддий бўлган – 113-модданинг 4-қисми яъни таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш айблови қўйилган. Жамоатчилик мазкур айблов фуқаронинг шахсияти билан боғлиқлигини эътиборга олиб, Олий суддан норози бўляпти. Фаоллар айблов бўйича очиқ маълумот берилгани нотўғри бўлганига урғу қаратишган. Иш бўйича кўплаб эътирозлар айнан Мавжуда Мирзаеванинг шахсиятига боғлиқ айблов очиқлангач, кескин кўпайиб кетди.

Орадан қарийб 6 ой ўтгач, иш суд муҳокамасига юборилган бўлса, 18 июль куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида бошланган дастлабки суд муҳокамаси Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаеванинг илтимосига кўра ёпиқ форматда ўтказилди.

«Америка Овози» журналисти Навбаҳор Имомова Муслим Мирзажонов билан суҳбатда айрим тафсилотларни очиқлаган.

Эътиборлиси, медиа ходимларидан жабрланганлар қаторида бир қатор мансабдорлар номини учратиш мумкин. Масалан, собиқ бандлик вазири Нозим Ҳусанов вазирликда Мавжуда Мирзаева билан бирга ишлаган. Мирзаева 2021 йилнинг апрелидан, вазирликда фаолиятини бошлаб, қамоққа олингунга қадар яъни 2023 йилнинг январигача ишлади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ директори Афзал Эрматов ҳамда Андижон шаҳрининг амалдаги ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов, «Ўзбекчорванасл» агентлиги бош директори Бахтиёр Отамуродовнинг ишга қандай алоқаси борлиги ёки қандай ҳолатда жабрлангани жамоатчиликка жуда-жуда ҳам қизиқ.

Шунингдек, рўйхатда Бухоро муҳандислик-технология институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Мирзо Шарипов,

 
Бухоро муҳандислик-технология институтининг собиқ ректори техника фанлари доктори, доцент Нусратилло Баракаев,

CIBGROUP компанияси директори Уйғун Турсунхўжаев,

«BIG AUTO SERVICE 145» МЧЖ таъсисчиси Шамсиддин Рўзметов. Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев,

Қашқадарё Телерадиокомпанияси директори Жаҳонгир Тўйчиев, Daryo.uz журналисти Отабек Қўлдошев каби жабрланганларни кўриш мумкин.

Юқорида номи келтирилган 11 нафар жабрланувчининг шахсига ва иш жойига аниқлик киритган бўлса, қолган 8 нафари жумладан, Умид Рўзиев, Ҳумора Мирзааҳмедова, Гулруҳ Тўлаева, Баҳромжон Қўчқоров, Улуғбек Ҳошимов, Мадинабону Рўзибоева, Ҳосиятхон Саъдуллаева, Зафар Абдураҳимов ҳақида маълумот топишнинг деярли имкони бўлмади.

Аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситаларида “Компромат иши”га алоқадорлиги айтилиб, қамоққа олинган Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов рафиқасининг Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга қилган мурожаатидан сўнг озодликка чиқарилган. Равшановнинг “Компромат” ишига алоқадорлиги тасдиқланмади.

“Компромат”чилардан кейин февралда ҳибсга олинган “Кўзгу” ютуб канали муаллифи Абдуқодир Мўминов иши бўйича ҳам ва ниҳоят расмий маълумот берилди.

Олий суд маълумотига кўра, Мўминовнинг тергов иши якунланган, иш судга узатилиш жараёнида. Суд жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида жорий йилнинг 25 июль куни соат 15:00 да бошланади. Мўминов Жиноят Кодексининг 5 та моддаси бўйича айбланмоқда. Мўминов қўлга олинганда дастлаб бу айблов 2 тани ташкил қилар эди.

Олий суднинг қайд этишича, блогер жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Маълумот ўрнида, Абдуқодир Мўминов 1990 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, “Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган.

Воқеалар ривожини Effect.uz билан кузатиб боринг.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш