Qidirish

Сўнгги янгиликлар
14:31 / 2024-12-19 453

Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...

19:41 / 2024-12-18 363

Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди

22:41 / 2024-12-16 1091

Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада

21:03 / 2024-12-16 701

Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди

13:53 / 2024-12-16 745

Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди

09:07 / 2024-12-16 811

Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда

12:15 / 2024-12-14 1006

Медиа маҳсулотларини “маънавий экспертиза”дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди

22:39 / 2024-12-11 732

Марказий Осиёда етакчи бўлган ОКМКда ўзлаштириш кўрсаткичлари 4 млрд доллардан ошди

01:41 / 2023-04-03 1185 0 Мақолалар

Кластер – бу фермернинг бурнини қонатиш дегани эмас – Деновда чорвадорлар масаласи очиқлигича қоляпти, вилоятда қонун устуворлигини ким таъминлайди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида Бухоро вилоятига қилган сафарида биринчи марта кластер ислоҳоти тўғрисидаги ташаббусини илгари сурганди.

Бу эркин нафас етишмаётган миллий иқтисодиёт учун, том маънода, инқилобий таклиф эди. Орадан ўтган олти йил мобайнида бу борада муайян ютуқларга эришилди.

Лекин Президентнинг энг яхши ниятлар билан бошлаган ташаббуси туман, вилоят ҳокимларининг ноқонуний ва мантиқсиз қарорлари остида бўғилиб қоляпти. Уларнинг бу ҳаракатини нима деб таърифлашга ҳам қийналади киши. Билимсизликми? Президент иродасини менсимасликми? Ёки давлат раҳбарининг сиёсатига хиёнатми?

Фикримизни Сурхондарё вилояти ва Денов тумани ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ажабтовур қарорлари ва бунинг ортидан хонавайрон бўлаётган чорвадор фермерлар мисолида изоҳлаймиз.

2020 йилнинг 30 сентябрида Сурхондарё вилояти ҳокими "Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони ажратиш тўғрисида"ги Қ492-сонли қарорини имзолаган.

Унга асосланиб, Денов туман ҳокими 2020 йилнинг 19 октябрида худди шу мазмунда қарор қабул қилган. Ҳужжатда Денов туманидаги 30.100 гектар ерни Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига бериш кўрсатилган.

Афсуски, ҳоким фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ерини ҳам, ҳеч бир асосиз ёки суд қарорисиз, тортиб олишни ёқлаган ва амалдаги қонун талабларини қўпол равишда бузган. Ҳоким қарори чиққандан кейин, орадан уч йил ўтиб, тўсатдан деновлик чорвадорларни яйловлардан ҳайдаш компанияси бошланган.

Дўстмурод Бобомуродов, "Моҳидил-Шабнам" фермер хўжалиги раҳбари:

  • Биз 2007 йилги танловда ғолиб чиқиб, шу ерларни ижарага олганмиз. Оиламиз, ишчи-ходимларимиз билан йилқи, йирик шохли мол, қўй, эчки боқамиз. Денов туман ҳокимининг 837-сонли қарорини ноқонуний деб ҳисоблаймиз Чунки бизнинг ҳокимлик билан тузган узоқ муддатли ер ижара шартномамиз бор, у кучида. Шартномани эса фақат суд орқали бекор қилиш мумкин.

Ўзим фермер хўжалиги раҳбари сифатида ер майдонларидан ихтиёрий воз чекиш ёки фаолиятимни тугатиш тўғрисида мурожаат қилмаганман.

Биз кластер тузилишига қарши эмасмиз, лекин ҳеч ким ҳеч қачон ёнимизга келиб, ё бизни чақириб, у билан шартнома тузишни таклиф ҳам қилмаган. Бизга зўравонлик қилишяпти. Қўйларимизни бу ерлардан ҳайдашяпти. Ички ишлар бўлими ходимлари чўпонимизнинг қўлига кишан уриб, олиб ҳам кетишди.

Шу ер майдонларида 35 гектарлик бодомзор ҳам қилмоқчи эдим. Шунга қарор ҳам чиқартирганман. Энди эса нима қилишниям билмаяпман.

Бахтиёр Бобоев, "Наврўз" фермер хўжалиги раҳбари:

- 1995 йилдан бери чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигини юритиб келамиз. Охирги пайтларда Зокир полвон деган шахс ва бир неча киши келиб, "бу ер менга ўтди, борингни йиғитириб, бузиб, олиб кетларинг" деб яйловдан қувишяпти. Негадир "бизнинг қўлимизда прокурор йўлланмаси бор" ҳам дейишяпти.

Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган ер ижара шартномасининг бекор қилинишига прокуратуранинг нима алоқаси бор?!

Ваҳоланки, Ер кодекси ҳамда "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунга кўра, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади-ку?!

Биз мол-қўйларимизни қаерга олиб боришни ҳам билмай қолдик. Неча йилдан бери ҳамма солиғини тўлаб келаётган яйловимизга ҳам чиқаролмаяпмиз.

Ҳеч ким бизга кластер атрофида бирлашамиз ҳам демади, шартнома тузишниям таклиф қилмади. Ердан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида ҳам ариза бермаганман. Чорвадорлар Денов туман ҳокимлигининг ерни бизга бериш тўғрисидаги қарорига ишонганмиз. Шу пайтгача "қўлимизда қарор бор", деб хотиржам ишлаб келганмиз.

Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг маълумотига кўра, Денов туманида жами 35.750 гектар яйлов майдонлари бор.

Туман ҳокими эса 30.100 гектар ерни Пиллачилик ва қорақўлчиликни ривожлантириш қўмитасига ДОИМИЙ фойдаланиш учун бериб юборган. Бутун бошли Денов тумани фермерларига 5650 гектар ер майдони қолдирилган холос. Балки қўмита яйлов ерлардан қоракўлчиликни ривожлантириш йўлида фойдаланар, деб ўйласангиз хато қиласиз.

Ажабланарлиси, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг раиси Баҳром Шарипов шунча ерни "она сути оғзидан кетмаган" "Оқ олтин воха чорва" МЧЖ кластерига қўш-қўллаб топширган.

Чунки 31 март 2021 йилда рўйхатдан ўтган "Оқ олтин воха чорвачилик" МЧЖ иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичида (ИФУТ) "Қоракўл зотлилардан ТАШҚАРИ қўйларни кўпайтириш" билан шуғулланиши кўрсатилган.

Қоракўлчиликка (пиллачиликка ҳам) умуман алоқаси бўлмаган бу жамият 30.100 гектар ерни қайси хизматлари ёки муваффақиятлари учун қўлга киритди? Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг таъкидлашича, "Оқ олтин воха чорвачилик" МЧЖ ҳисобида бирор қорамол борлиги тўғрисида ҳам маълумот йўқ.

"Оқ олтин воха чорвачилик" МЧЖ таъсисчиси Шокиржон Саламов эса кўп қиррали тадбиркорга ўхшайди.

У ем-хашак экинлари ва уларнинг уруғларини кўпайтириш билан ҳам ("Mega Village Duoba" МЧЖ, 100% улуши бор), меъморчилик билан ҳам ("Surxon Qurilish Loyiha Eksperti" унитар корхонасига раҳбарлик қилган, МЧЖ тугатилган) шуғулланган.

Энди эса Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ёрдами билан бутун бошли Денов туманидаги яйлов ва лалми ерларнинг камида 95% қисмини эгаллаб оляпти. Ваҳоланки, "Оқ олтин воха чорвачилик" МЧЖнинг на пиллачилик, на қоракўлчиликка мутлақо алоқаси йўқ. Омадли инсон!

Биз у раҳбарлик қилаётган ҳамда бирор бош қорамоли бор ёки йўқлиги номаълум "Оқ олтин воха чорвачилик" МЧЖнинг Сурхондарё вилояти ҳокими томонидан 2022 йилда солиқ имтиёзлари берилган тадбиркорлик суъектлари қаторидан ўрин олганидан ҳам ажабланмадик.

Суратда: Сурхондарё вилояти ҳокимининг биз аниқлолмаган қарори 10-иловасидан кўчирма.

Халқ депутатлари Денов туман кенгаши собиқ ҳоким Бахтиёр Ибатовнинг 2020 йил 19 октябрда чиқарган ва маҳаллий фермерларнинг хонавайрон бўлишига олиб келаётган Қ-837-сонли қарорини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишган.

Бу масала юзасидан депутатлар кенгаш қарори лойиҳасини ҳам тайёрлаб қўйишган. Афусуски, кимдир ёки кимлардир бу қарорнинг имзоланиши ва маҳаллий чорвадорларнинг кўкрагига яна офтоб тегишини истамаяпти чоғи?!

Чунки қарор матни 2023 йил 1 мартда тайёр бўлган, лекин уни имзолаш чўзилиб кетяпти. Халқ депутатлари Денов туман кенгашининг адолат ва қонунийликни таъминлаш йўлидаги бу журъати сўниб қолмаслигига умид қиламиз.

29 мартдаги маълумотларга кўра, Халқ кенгаши депутатларининг мазкур қарори ҳали ҳамон E-Qaror тизимида осилиб турибди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти прокурори Юсуповнинг кластер билан 30 йиллик ижара шартнома имзолаган “Рамзиддин Барака чорвадори” хусусий корхонаси раҳбарининг мурожаатига йўллаган жавоб хатида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмагани айтилган.

Ўринли савол: Прокурор ўринбосари нима учун бу жавоб хатини беришда чорвадор-фермерларнинг ерлари аввало заҳирага олиниб, кейинчалик бошқа шахсларга берилиши тўғрисида ҳеч нарса демаган? Бунга сабаб нима? Прокуратура бу борада қонун устуворлигини таъминлаши керак эмасмиди. Масалага барибир жиддий тарзда қайтамиз.

2020 йилнинг 15 сентябрида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбари лавозимига, шахсан Президент томонидан ишонч билдирилиб, тайинланган Баҳром Шариповнинг ўзи ҳам Шерободда туғилиб, Сурхондарё вилояти давлат ташкилотларида тажриба орттирган ва пойтахтга етук раҳбар сифатида "учирма" бўлган.

Демак, унинг суяги ҳам воҳанинг дангал ва мард халқи орасида қотган. Ўзи ҳам шундай фазилатларга эгалигига ишонамиз. Ана шу тантилик унга Денов туман чорвадорларига нисбатан бўлаётган адолатсизликларни бартараф қилишда кўмакдош бўлишини истардик. Чунки, бу масаланинг ўқ илдизлари унга ҳам бориб тақаляпти. Қолаверса, Баҳром Шарипов тажрибали раҳбар сифатида қонун устиворлигини таъминлаш олий мақсад эканини яхши билади.

Ваҳоланки, вилоятга янги тайинланган ҳоким Улуғбек Қосимов билан шахсан кўришиб, мазкур масала юзасидан суҳбатлашганимда, собиқ Тошкент прокурори бизга тез орада қонун устуворлиги таъминланишини айтган эди.

Ҳурматли, Улуғбек Қосимов Деновда Қонун устуворлигини таъминлаш учун командангизга қанча вақт керак бўлади? Саволга жавобни ижобий ҳолатда кутиб қоламиз...

Акмал Эшонхонов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш