Qidirish

15:49 / 2023-03-25 471 0 Ҳодисалар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олингани айтилмоқда

Агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

world-news

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов қамоққа олинган. Бу ҳақда Kun.uz ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда.

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов раҳбарининг январь ойидан буён ишга чиқмаганини тасдиқлаган, бироқ жиноят иши ва илгари сурилаётган айблов ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.

Хорижий нашрларда қайд этилишича, Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.

Қайд этиш керак, жорий йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумонланаётганди.

Маълум бўлишича, агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ахборот хизмати Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши ким томонидан қўзғатилган бўлса, шу орган маълумот бериши кераклиги, айни пайтда прокуратура органлари иш юритувида бундай иш йўқлигини билдирди.

2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган, 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтган Афзал Эрматов 2018 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми а банди ва 211-моддаси 3-қисми а банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланиб, жарима жазосига ҳукм қилинган.

2022 йил 17 мартдан бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва 2022 йил 1 ноябрдан расман тўлақонли бошлиққа айланган.

Маълумот ўрнида, Афзал Эрматов – Миграция агентлигининг 5 йил ичидаги еттинчи раҳбари ҳисобланади.

2017 йил март ва апрель ойларида Жанубий Кореяда ишлашни истовчиларни рўйхатга олиш бўйича ўтказилган тест синовларида кузатилган можаро ортидан агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Улуғбек Назаров ўз лавозимини тарк этганди.

2018 йилнинг баҳорида унинг ўрнига Ҳожибахлил Асамов тайинланганди. Кейинчалик Асомов лавозимини Равшан Ибрагимовга бўшатиб берди. Бироқ у қамалгач, 2019 йил охирида агентликка Бахтиёр Турсунов келганди. У 2020 йил ёзида лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини Муҳаммадзокир Маматхонов эгаллади. Муҳаммадзокир Маматхонов 2021 йил февралида Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокими сифатида иш бошлагач, агентлик раҳбарлигига Хайрулла Умаров тайинланганди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш