Qidirish

15:24 / 2023-03-13 337 0 Сиёсат

Очиқ танлов бўйича қандай қилиб ишга жойлашиш мумкин?

Бугунги ҳолат бўйича vacancy.argos.uz порталида давлат органлари ва ташкилотларидаги 240 дан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танловлар эълон қилинган.

Бугунга келиб 45 349 нафар номзод давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов орқали ишга кирди. Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган брифингда маълум қилинди.

vacancy.argos.uz портали орқали давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларига кадрлар очиқ мустақил танлов асосида қабул қилинмоқда. 

2021-2022 йиллар давомида 68 та давлат органи ва ташкилотлари, ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари кесимида — 14 412 та ташкилот, шундан 13 542 таси 2021 йилда уланган) уланган.

2021-2022 йиллар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан вакант лавозимлар учун 140 700 та танлов (шу жумладан, 2021 йилда 21 856 та, 2022 йилда 118 800 та) эълон қилинди.

Танловларда 1,3 млндан зиёд номзод (шу жумладан, 2021 йилда 387 273 нафар, 2022 йилда 919 030 нафар) иштирок этган бўлиб, уларнинг 45 349 нафари танлов ғолиби (шу жумладан, 2021 йилда 6 016 нафар, 2022 йилда 39 333 нафар) сифатида вакант лавозимларни эгаллаган.

Танловларнинг тест босқичида 385 898 нафар, суҳбат босқичида эса 218 919 нафар номзод қатнашган.

Вакант лавозимга танлов эълон қилиш тартиби қандай?

Биринчи қадам — давлат органи ёки ташкилотида вакант лавозим вужудга келганда ушбу вакансия Ягона миллий меҳнат тизимига, яъни my.mehnat.uz порталига киритилади; 

Иккинчи қадам —  my.mehnat.uz портали vacancy.argos.uz плафтормасига интеграция қилинган бўлиб, вакант лавозим вакансиялар ягона очиқ порталида автоматик тарзда кўринади; 

Учинчи қадам — ташкилот кадрлар бўлинмаси ушбу вакант лавозимнинг йўриқномаси, яъни мазкур лавозимга юклатилган функция ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда малака талабларини киритади ҳамда эълон қилади. 

2023 йил 1 январдан бошлаб, янги тартибга кўра, вакант лавозимга аризаларни қабул қилиш муддати 5 кун этиб белгиланган. Бунда тегишли бўш иш ўринлари кун давомида эълон қилиш учун тайёрланади ҳамда эълон қилингандан сўнг номзодлар фақатгина соат 23.59 дан сўнг ариза юборишлари мумкин бўлади. 

Очиқ танловларни ўтказиш уч босқичда ташкил этилади: 

номзодларнинг аризаларини тегишли малака талаблари бўйича ўрганиш;

тест синови (4 та йўналиш бўйича — сиёсий-ҳуқуқий, маънавият, ахборот технологиялари ва иқтисодий билимлар);

суҳбат жараёнларидан иборат. 

Ташкилотлар томонидан танловларни ўтказиш учун ходимларидан иборат Танлов комиссияси тузилади. 

Танловнинг малака талабларини ўрганиш босқичида вакант лавозимларга қўйилган аниқ критериялар асосида номзодлар сараланиб олинади. 

Тест синови босқичи test.argos.uz платформасида Агентликнинг ҳудудий филиалларида марказлашган ҳолда ўтказилади. 

Суҳбат босқичи давлат органлари ва ташкилотларида ташкил этилган Танлов комиссиялари томонидан савол-жавоб тарзида ўтказилади. Мазкур босқичда Агентлик масъул ходими Танлов комиссияси аъзоси сифатида иштирок этмайди. 

Эслатиб ўтамиз, бугунги ҳолат бўйича vacancy.argos.uz порталида давлат органлари ва ташкилотларидаги 240 дан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танловлар эълон қилинган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш