Qidirish

02:08 / 2022-04-27 68 0 Мақолалар

Алишер Султоновнинг куни битдими?

world-news

Жорий йилнинг 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига асосан энергетика вазири Алишер Султонов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берган эди.

Лекин негадир орадан 20 кун ўтиб ҳам Энергетика вазирлиги раҳбарсиз қолмоқда, бу ҳолат эса Янги Ўзбекистон тарихида камдан-кам кузатиладиган ҳолатлардан бири. 20 кун бошлиқсиз ишлаётган вазирлик!

Президент матбуот хизмати хабарида Алишер Султоновнинг бошқа ишга ўтиши дея айтилган бўлса ҳам шунча кун ўтиб, унинг на бошқа ишга ўтгани ёки вазирликка янги вазир тайинлангани тўғрисида жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот берилмаяпти.

Ёдингизда бўлса, 2019 йил Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ўрнатувчи янги ваколатли орган — энергетика вазирлиги ташкил этилади. Шу йилнинг февралида вазирликка Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Алишер Султонов раҳбар этиб тайинланади.

Тайинловга қадар Алишер Султонов бошлаб 2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Энергетика вазирлиги ташкил топганига 3 йилдан ортиқ муддат ўтибдики, вазирликда Алишер Султоновдан бошқа ҳеч ким раҳбар лавозимида фаолият юритмади.

Унинг гўёки бирдан соғлиғи ёмонлашганига 25 январь кунда содир бўлган “блэкаут” сабаб бўлиши мумкинми? Бунинг эҳтимоли катта, ҳар ҳолда 35 миллион аҳоли яшайдиган Ўзбекистон ва унинг қўшни давлатлари ҳудудларининг кутилмаганда электр энергиядан узиб қўйилиши, нафақат вазирнинг ишдан олиниши балки унга нисбатан турли алфоздаги иш очилишига ҳам олиб келиши мумкин.

Яна бир бор эслатаман, 25 январдаги “блэкаут”да Ўзбекистон томони Қозоғистон Республикси электр тармоғида катта аварияни сабаб қилиб кўрсатган эди.

Аммо Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқарувчи компанияси блэкаутга Ўзбекистонда юз берган ҳодиса сабаб бўлганини маълум қилган. Қозоғистон томонининг билдиришича, ҳодисага қисқа туташув сабаб бўлган, натижада Сирдарё ИЭСдаги олтита энергоблок бирданига ўчирилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўшанда Қозоғистон Республикаси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олмаота, Чимкент, Тароз, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келгани тўғрисида баёнот берган.

“Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частота кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо вазирликнинг бу баёноти якунда тасдиғини топмади. Демак, Вазирликнинг ёлғон баёноти ортидан вақт ўтиб, вазирнинг “мазаси қочган” ёки “қочирилган”. “Ким қўйибди оддий бир вазирликка айбни барчасини қудратли Қозоғистонга ағдаришга”, дейдиган одам Ҳукуматда топилган кўринади Султонов бошқа ишга ўтиши керак бўлиб қолди.

Юзага келган вазият муносабати билан тезкорликда Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғига биноан воқеа сабабларини ўрганиш бўйича Бош вазир бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссия ишининг натижаларига кўра маълумотлар расман эълон қилиниши айтилган.

Бироқ комиссия иши вазирни ишдан олиш билан чекланган кўринади, бошқа натижалар бўйича “узкий круг”дан бошқа ҳеч кимга ҳеч нарса ошкор қилинмади, қилинмайди ҳам.

Хуллас, Қозоғистон томонининг январь ойидаги “блэкаут” сабаби бўйича берган маълумотида Марказий Осиё мамлакатларида электр энергиясининг оммавий равишда узилишига Ўзбекистон энергетика тизимидаги носозлик сабаб бўлгани инкорсиз равишда айтилган.

Қозоғистон энергия тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) тарқатган хабарда авария сабабларини ўрганиш бўйича комиссия томонидан шундай хулосага келингани тилга олинади.

“Комиссия аварияга Ўзбекистон электр таъминотида юз берган узилиш сабаб бўлганини аниқлади – “шу куни соат 10:59 да Сирдарё ИЭС ва 500 кВ “Тошкент” нимстанциясини (Ўзбекистон) боғловчи юқори вольтли ҳаво электр узатиш линиясининг 500 кВ электр тармоғи чизиқли ажраткичида қисқа туташув содир бўлган. Кейинчалик 1- ва 2- 500 кВ шина тизимлари дифференциал ҳимоясининг ҳаддан ташқари кўп ишлаши Сирдарё ИЭСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, станцияга туташ электр тармоғида бир неча марта узилишларга ва шимолда 2100 МВт қувватга кўтарилишига олиб келгани айтилади”, дейилади комиссия хулосасида.

Қайд этилишича, KEGOC АЖ электр тармоқлари ва Қозоғистон жанубидаги электр станцияларининг авария автоматлари тизимдаги авария ҳолатида энергия тизимини ажратиш талабларини инобатга олган ҳолда нормал режимда ишлаган. Бунинг оқибатида Қозоғистон жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг тўлиқ ўчирилиши олди олинган, мамлакат жанубидаги истеъмолчиларнинг қарийб 60 фоизи электр энергияси билан таъминланган.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммад Бекмуҳаммедовнинг Kun.uz’га берган ахборотида Ўзбекистон томонининг ҳукумат комиссияси хулосаси ҳозирча эълон қилинмаганлигини айтган.

“Бу Қозоғистон томонининг позицияси ҳисобланади”, деган Бекмуҳаммедов.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродова бу бўйича ҳозирча маълумот берилмаслигини билдирган. Бу ҳам етмагандек вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Алишер Султоновнинг ишдан олингани тўғрисидаги хабар ҳам эълон қилинмаган.

Қозоғистон 28 январ куни блэкаут Сирдарё ИЭС туфайли рўй берганини билдирганди, Ўзбекистон эса ўрганиш натижаларини кутишга чақирган.

Чунки 25 январдаги ялпи электр узилишлардан олдин ҳам, Қозоғистонда энергетика мувозанатини сақлаб туриш билан боғлиқ “таранг вазият” ҳукм сурган. Мамлакатнинг бош энергооператори шу сабабли тўрт кун олдин криптомайнерларни огоҳлантириб, улар бир ҳафтага электр тармоғидан буткул узилишини маълум қилган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, Қозоғистонда катта авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар бўлган, бироқ ҳукумат ушбу муаммолар ҳақида тегишли томонлар (Ўзбекистон ва Қирғизистонни) огоҳлантирмаган. Баъзи мутахассислар ҳам Қозоғистонда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва бугунги кундаги стандартларга мослаштириш учун етарлича эътибор қаратилмаганини таъкидлаган.

Шунга кўра Энергетика вазирлиги Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частота кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келганини маълум қилганди.

Аслида нима бўлган?

Аввало Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё ягона бирлашган энергия тизими бўлганини тушуниб олиш зарур. Аввал бу тизимга Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисми кирган. Қозоғистон шимоли Россия ССР энергия тизимида бўлган ва Урал ҳамда Сибир Россия энерготизимлари билан синхрон равишда ишлаган. Қозоғистон шимоли ва жанубида электр энергияси масалалари 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан кейин муаммога айланган. “Шимол—Жануб” линиясини қуришга тўғри келди ва у иккига бўлинган мамлакат энергия тизимларини бирлаштирди. Мамлакат шимолида уч асосий генератор қувват – уч гидролелектростанция жойлашган.

СССР парчаланганидан кейин Тошкентда ягона диспетчерлик марказига эга Марказий Осиё энергия тизими ҳам йўқ бўлди. Аммо 2018 йилдан кейин Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ихчам бирлашган энергия тизимига қайтишга қарор қилди. Энергия ҳалқаси учун инфратузилма ҳанузгача сақланиб турганди. Бирлашган энергия тизимлари иқтисодий нуқтаи назардан барча томонларга фойда келтиради, бир мамлакатлардаги узилишлар бошқа томоннинг профицитлари ҳисобига қопланади.

Бу каби энергетик бирлашувлар талай топилади. Европа иттифоқида ҳам шундай энергия тизими мавжуд — Совет иттифоқи давридан бери БРЕЛЛ, яъни Беларусь, Россия, Эстония, Литва ҳамда Латвия тизими ва жаҳонда яна бошқа электр тизими бирлашмалари бор.

Бунда одатий вазиятда уч мамлакатнинг ягона бошқарув маркази бўлганида ҳодисани прогноз қилиш осонроқ кечарди, дейди “Vzglyad.ru” эксперти. Унинг сўзларига кўра, шундай қилинганда авария содир бўлган тақдирда ҳам унинг таъсири муайян электр линиясидаги кам сонли истеъмолчиларга сезиларди, бошқа энергетик линияларнинг ўчиши, катта электр танқислигининг олди олинарди.

Экспертнинг тушунтиришича, агар бир мамлакатнинг электр энергиясида талаб ошиб кетса, тизимда кучли юклама ва аварияларнинг олдини олиш учун давлат ўз резервларидан фойдаланиши керак (Ўзбекистонда улар мавжуд ва шундай қилинган). Захира муқобил манбалари бўлмаган тақдирда (Қирғизистонда шунда бўлиши мумкин), истеъмолчиларнинг муайян қисми учун электр таъминотини вақтинча ўчириш лозим.

Яна бир муҳим масала – нима учун Ўзбекистон ва Қирғизистонда электр энергияси истеъмолининг бу қадар пастлаб кетгани? Тахминлардан бирида электр таъминотидаги катта узилиш юз беришига майнерлар сабабчи экани айтилган.

Қозоғистонда катта авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар бўлган, бироқ ҳукумат ушбу муаммолар ҳақида тегишли томонлар (Ўзбекистон ва Қирғизистонни) огоҳлантирмаган.

“Ушбу тахминга кўра, Қозоғистонда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва бугунги кундаги стандартларга мослаштириш учун етарлича эътибор қаратилмаган. Хитойда майнинг фермалари фаолияти тақиқланганидан кейин майнерлар Қозоғистонга кириб келган, электр энергиясига талаб ошган, тармоқ эса сифат талабларига жавоб бермаган”, дейди Россия миллий энергетика хавфсизлиги фонди ва Молия университети эксперти Станислав Митрахович.

Авариядан кейин Қозоғистоннинг KEGOC оператори криптовалюталар майнинги билан шуғулланувчи компанияларнинг электр тармоқларини ўчиришга қарор қилди. KEGOC компанияларга ўчирилиш юз бериши ҳақида огоҳлантириш хатлари ҳам чиқарган.

Оператор уларни аварияда айбламаган, лекин ушбу қарорни энергетикадаги вазият оғирлашгани билан изоҳлаган.

Марказий Осиёдаги блекаут 40 миллиондан зиёд аҳолига таъсир кўрсатди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати энергетика тарихида юз берган йирик блекаутлар ҳақидаги инфографикани эълон қилган. 25 январь куни Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг алоҳида вилоятларида Марказий Осиё ягона электр тармоғида йирик авария юз бериши натижасида бир неча соат мобайнида электр таъминотида узилиш ҳолати кузатилди. Ҳодиса уч мамлакатнинг 40 миллиондан зиёд аҳолисига таъсир кўрсатди.

Блэкаут тарихда қолди, навбатдаги вазир ким?

Нима учун бу мақола дунёга келганини бироз тушунган бўлишингиз мумкин. Ҳукумат вакиллари навбатдаги Энергетика вазири ким бўлиши ҳақида бош қотираётган бўлишлари мумкин. Бу мавзу албатта, кун тартибига киритилган. Бироқ, энг кўп танқид қилинадиган вазирликка муносиб номзод ҳозирча топилмаяпти.

Қисқа қилиб айтганда ҳозирча “калласини кундага қўядиган” эркак қидирилмоқда. Вазирликка янги вазирнинг балки кераги ҳам йўқдир, чунки асосий ричагни тортишда вазирнинг имзоси бўлмаса, бундай раҳбар нима учун жамиятга керак бўлади. Нега ундайларга манаман деган ойлик берилиши ёки чиллақурсин Алишер Усмонов каби шароитлар яратилиши керак?

Шуни ҳам унутмаслик керакки, Султонов 2018 йил соғлигидаги муаммолар сабаб Германияда операция қилинган эди. Лекин айтиш мумкинки Султонов осмонида ҳозирда қора булутлар жала бўлиб, ёғмоғда. Ҳар икки ҳолатда ҳам, собиқ вазир барибир зарар кўради, соғлиқ ёки иш. Иккисини бирданига стабиль олиб юриш учун, одамда катта юрак бўлиши лозим.

Қиш келиши билан “свет” ўчиши, газ қуйиш шохобчаларида эса кўз кўриб қулоқ эшитмайдиган навбатлар бошланади. Буларнинг барига деярли кўникиб ҳам қолдик, янгиси келиб, нимадир ўзгармайдиган бўлса, менимча вазирликка 20 кун эмас 20 йил ҳам вазир тайинлашнинг фойдаси йўқ.

Қачонки, Халқ вакиллари ҳокимлар-у, вазирларни мустақил сайламас экан, ҳар 3 кунда битта вазирлик очилиб, битта вазирлик ёпилаверади. Кун оралаб вазирлар истеъфога равона бўлаверади. Янги Ўзбекистонга эса янги вазирликлар бир яхши ярашаверади.

Алишер Султонов ким бўлган?

1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йилда А. Ф. Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган . 1996−1998 йилларда “Ўзнефтқайтаишлаш” компаниясида бош мутахассис лавозимида ишлаган.

1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда “Ўзбекнефтгаз” компанияси Шўртан қурилиши бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 2002−2013 йилларда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” унитар шуъба корхонасига раҳбарлик қилган.

Алишер Султонов 2013−2015 йилларда “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари бўлган, 2015 йил августидан 2018 йил сентябрига қадар «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 2017 йил ноябридан Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган.

2019 йил февралида Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ўрнатувчи янги вазирлик ташкил этилиб, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖдан давлат-ҳокимият ваколатлари мазкур вазирликка ўтказилган, президент Алишер Султоновни янги вазирликнинг биринчи раҳбари этиб тайинлаганди.

Маълумот учун, 2018 йил 20 августида, “Ўзбекнефтгаз” раиси ва бош вазир ўринбосари бўлган Алишер Султонов бош вазир Абдулла Орипов билан бирга Бекободдан Тошкентга қайтишда йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. Ўшанда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган “Дамас” ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилганди. Алишер Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши қайд этилган.

Акмал Эшонхонов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш