Qidirish

04:20 / 2020-07-03 290 0 Шоу-бизнес

“Ўзбеккино” миллий агентлиги қошида Жамоатчилик кенгаши тузилди

Эндиликда Ўзбеккино буюртмасига асосан суратга олинадиган фильмлар бюджет харажатларини ушбу Кенгаш назорат қилади.

world-news

Бугун, 3 июль куни “Ўзбекистон кино тармоғи ислоҳотлари ва жамоатчилик назорати механизмлари” мавзусида медиа клубнинг навбатдаги учрашуви ўтказилди. Тадбир давомида куни кеча “Ўзбеккино” МА қошида устоз киноижодкорлар, етук кинематографистлардан ташкил топган янги Жамоатчилик кенгаши таркиби маълум қилинди. Жамоатчилик кенгаши кино маҳсулотларга сарфланаётган харажатларни ўрганиш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи мустақил тузилма сифатида фаолият олиб боради.

Маҳоратли режиссер ва кинооператор Ҳамидулла Ҳасанов (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси бошқарув кенгаши аъзоси) раислигидаги кенгаш аъзолари таркибида етук кинорежиссерлар Санжар Бобоев (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси), Қамара Камолова (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси), Алиаскар Фатхулин ва Собир Назармухамедов (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси), Карим Мирходиев (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси) ва Азамат Эргашев (Кенгаш котиби, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси) каби ажойиб ўзбек актёрлари, киноператорлар Ботир Бозорбоев (Тошкент Ахборот технологиялари университети кафедра мудири, Кенгаш раиси ўринбосари), Нозим Толипов ва Марат Солиев (Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси), кинопродюсер Фаррух Тўлаганов, кинодраматург Мадина Мўминова, кинотанқидчи Бахтиёр Якубов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, драматурглар Мирзапўлат Тошпўлатов ва Анвар Эргашев, журналист ва киношунос Борис Бабаев, овоз режиссери Анвар Файзуллаев ва муаллифлик ҳуқуқи бўйича юрист Жасур Пўлатовлар ўрин олишган. Тадбир давомида Кенгашнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Жамоатчилик кенгаши аъзолари фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтишди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан 2020 йилда 30га яқин бадиий кинокартиналар суратга олинди ва олинмоқда. 2021 йилда эса иш жараёни бошланган 20га яқин янги лойиҳалар ва 30га яқин бошқа кинорежалар ҳақида маълумот берилди. 2020 йилда тайёрланган ва ишланаётган бадиий фильмларнинг умумий бюджети 89.1 миллиард сўмни ташкил этади. 2021-2022 йиллар режалаштирилаётган янги бадиий кинолойиҳаларнинг тахминий қиймати 120 миллиард сўмга яқин.

Албатта ташкилотнинг йиллик бюджети (56 млрд) бундай миқдордаги фильмларни молиялаштиришга етмайди. Собиқ таркибдаги Бадиий кенгашнинг ташкилот молиявий имкониятларидан икки уч баробар кўпроқ миқдорда кинолойиҳаларни тасдиқлагани боис 2019 йилдан 2020 йилга 92 миллиард сўмга яқин маблағлар мажбурияти 2020 йилга ўтган. Уни устига давлат буюртмалари ва янги лойиҳаларни молиялаштириш мажбуриятлари мавжуд.

Шунинг учун, “Ўзбеккино” миллий агентлиги қўшимча молиявий манбалар топиш мақсадида меценатлар, катта тадбиркорлик субьектлари ва вилоят ҳокимликлари билан музокаралар олиб борди.

Аксарият вилоятлар ҳокимликлари билан ўша ҳудудда туғилиб ўсган шоиру ёзувчилар, алломалар ва тарихий шаҳслар ҳаёти ва ижодига бағишланадиган умумий қиймати 115 миллиард сўмга етадиган бадиий фильмларни Ўзбеккино билан тенг улушда молиялаштириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Адиблар ҳиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган атоқли шоир ва ёзувчиларимиз ҳақидаги фильмларда ҳамкор сифатида айрим Олий таълим муассасалари қатнашиши маълум қилинди. Тадбир сўнгида “Ўзбеккино” миллий агентлиги масъуллари анжуманга ташриф буюрган Оммавий ахборот воситалари, блогер ва жамоатчилик вакилларининг саволларига жавоб беришди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш