Сўнгги янгиликлар
Тошкентдаги кўчалардан бири 1 ойга ёпилди
Истанбулдан Тошкентга учган самолётда чақалоқ дунёга келди
Наманганда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари фош этилди
Канада ва Германиядан ҳам яхшироқ: Ўзбекистон хавфсизлик даражаси бўйича юқори натижани қайд этди
Пластик карта орқали пора олган божхона инспекторига жиноят иши қўзғатилди
«UzAuto Motors» АЖдан мижозлар учун янгилик
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Саида Мирзиёевада янги ваколатлар
СамДУда Япониянинг «Тоттори» университети ваколатхонаси очилади
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Япониянинг Тоттори университети президенти, профессор Ҳиромитсу Накажима билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш юзасидан узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Маросимда Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирок этган. Бу ҳақда СамДУ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, япониялик ҳамкорларнинг эътирофига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда таълим-тарбия ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар таҳсинга сазовор. Бу борада Япония Тоттори университети олимлари СамДУни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
“Бу борада дастлабки қадам ташланди. Самарқанд давлат университетида Тоттори университетининг ваколатхонаси очилади”, дейилади университет хабарида.
Таъкидланишича, ушбу ваколатхонанинг асосий фаолияти Тоттори университети олимлари томонидан қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган янги инновацион ишланмалар ва билимларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, синовдан ўтказиш ҳамда амалиётга кенг жорий қилишга қаратилади.
Тоттори университетининг СамДУдаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг 50 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган қурғоқчил яйлов майдонларидан самарали фойдаланиш, ушбу ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва шу орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган ишланмаларни жорий қилади.
Ушбу ваколатхона олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Тоттори университети таркибидаги Қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази (Арид Ланд Ресеарч Cэнтер) ва унинг етакчи олимлари бевосита иштирок этади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур халқаро марказ қурғоқчил минтақалардан илмий асосланган ҳолда самарали фойдаланиш, хусусан шўрланган ва сув тақчил ҳудудларда деҳқончиликни ривожлантириш бўйича дунё даражасида эътироф этилган Япониядаги ягона марказ ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур ваколатхона нафақат аграр йўналишда, балки муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу борадаги янги билимларни мамлакатимизга трансфер қилишни режалаштирмоқда.
Самарқанд давлат университетида ташкил этиладиган мазкур нуфузли ваколатхона нафақат Тоттори ва Самарқанд давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради, балки Япониянинг бошқа нуфузли университетлари билан ҳам ўзаро алоқа ўрнатиш имкониятини беради.



