Qidirish

13:14 / 2023-01-27 464 0 Сиёсат

Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тўхтатилди

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. 

world-news

Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шаҳар кенгаши депутатлиги ваколати муддатидан олдин тўхтатилди. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри ўзининг ишончли манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, собиқ ҳокимнинг ўзи депутатлик ваколатларини топшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри ҳокимининг истеъфога чиқарилганини айтиб, унинг манзилига танқдий фикр билдирган эди.

Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон "сводка" билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, — деганди Мирзиёев.

Шу куни блогер Никита Макаренко ўз манбаларига таяниб, Ортиқхўжаев ва унинг оиласи “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Туркиянинг Истанбул шаҳрига кечикиб учган HY-271 рейси бўйича рўйхатдан ўтгани, аммо уни Давлат хавфсизлик ходимлари тўхтатиб қолгани ҳақида хабар берди.

 

Гарчи расмий манбалар тармоқларда яшин тезлигида тарқалган хабарларга муносабат билдирмаган бўлсада, “Kompromatuzb” Телеграм каналида эълон қилинган суратда, ушбу хабар қисман бўлса-да ўз тасдиғини топди.

Қонунчиликка кўра, сенатор ва кенгаш депутати ваколат муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. Унинг ваколат муддати 2025 йилнинг январигача мўлжалланган эди. 

Қонунга мувофиқ, депутатнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан аввал тугатилади:

ваколатларини тугатиш тўғрисидаги ёзма ариза;

қонун ҳужжатларига мувофиқ депутатлик ваколатларини амалга оширишга тўғри келмайдиган лавозимга сайлаш ёки тайинлаш:

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганлиги;

ваколати қайтариб олиниши;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилиши;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги;

ўлими.

Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юқори мартабасини обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракатлар асос бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Президент ўтказган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланган эди. 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш