Qidirish

21:02 / 2025-11-28 23 0 Жамият

Ўзбекистон ва Nvidia ҳамкорлигида суперкомпьютер кластери ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект форумида мамлакатда Nvidia компанияси билан ҳамкорликда суперкомпьютер кластери ишга туширилишини маълум қилди. Шу билан бирга, сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор йирик ташаббус ва дастурлар эълон қилинди.

world-news

Ўзбекистонда сунъий интеллект инфратузилмасини кучайтириш мақсадида Nvidia компанияси билан ҳамкорликда замонавий суперкомпьютер кластери ишга туширилади. Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект форумида сўз юритди.

Соҳани ривожлантириш йўлида қуйидаги муҳим режалар белгиланди:

➖ АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офиси фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, барча ҳудудлардаги “Келажак марказлари”да сунъий интеллект бўйича махсус ўқув дастурлари жорий этилади;

➖ Мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялар танлови ташкил этилади. Ҳар бир ҳудудда ғолиб чиққан мактабда замонавий сунъий интеллект лабораторияси барпо этилади;

➖ Сунъий интеллект бўйича Президент танлови ўтказилади. Унда ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар сараланиб, АҚШ, БАА ва Европа давлатларидаги илғор технологик компанияларга стажировкага юборилади;

➖ Ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси ишга туширилади;

➖ 2030-йилга қадар 4,75 миллион ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи ҳамда 100 минг давлат хизматчиси сунъий интеллект бўйича ўқитилади. Бу жараён мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим тизимларига интеграция қилинади;

➖ Ҳар йил ноябрь ойи “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилиниб, “Ипак йўли сунъий интеллект форуми” мунтазам ташкил этиб борилади.

Ушбу ташаббуслар мамлакатда рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва ёшлар салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш