Qidirish

20:25 / 2025-11-17 49 0 Сиёсат

Ўзбекистонда айрим экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни пахтачиликда самарадорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тақдимот билан танишди. Ўзбекистонда пахта-ғалла, мева ва дуккакли экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизими жорий этилиши маълум қилинди. Бу чора фермерларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш ва агротехнологияларни кенг жорий қилишга қаратилган.

world-news

Ўзбекистонда айрим экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизими йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни пахтачиликда самарадорликни илғор тажриба ва технологиялар асосида ошириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Соҳанинг иқтисодиётдаги улуши 20 фоизни ташкил этмоқда, унда йилига 467 триллион сўмлик маҳсулот яратилмоқда, 3,5 миллион киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, мева-сабзавот, янги ва қайта ишланган аграр маҳсулотлар умумий экспортнинг учдан бир қисмини таъминламоқда.

Тақдимотда пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Паст ҳосил олаётган фермерлар билан манзилли ишлаш, илғор агротехнологиялар ва озиқлантириш амалиётларини жорий этиш, агроном тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича чоралар белгиланди.

Хусусан, устоз-шогирд анъанасини йўлга қўйган ҳолда, ҳосилдорлиги 60 сентнердан ошган илғор фермерларни 30 сентнердан кам ҳосил олган фермерларга бириктириш таклиф қилинди. Илғор фермерлар Қишлоқ хўжалиги малака ошириш институтида қайта тайёрланиб, сертификат берилади. Агар улар бириктирилган фермерларда ҳосилдорлик камида 50 сентнерга етса, илғор фермерларга 5 миллион сўм мукофот тўланади.

Агрономлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Агран университети ва соҳада агрономлар тайёрлайдиган бошқа ОТМ битирувчилари учун икки йиллик «дуал таълим» тизими жорий этилади. Илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалиёт ўтаган талабаларга стипендия, уларни ўқитган мутахассисларга рағбат пули тўланади.

Тақдимотда маҳаллий пахта навларини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мамлакатимизда Геномика маркази ва Пахтачилик институти фаолият юритса-да, уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланди. Нав селекцияси ва уруғчиликни ривожлантириш мақсадида ушбу институтларда фитотрон ва репродукцион иссиқхона қуриш топширилди. Бу янги нав яратиш муддатини 2,5 баробар қисқартиради, олимлар ишини тезлаштиради ва импорт уруғига эҳтиёж қолмайди.

Президент гўзани плёнка остига экиш тажрибаларини оммалаштириш, агродронлардан фойдаланишни кенгайтириш ва бу йўналишда мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Вазирлик ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва илмий инфратузилма яратиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари доирасида 2026 йилдан пахта-ғалла, мева ва дуккакли экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизимини жорий этиш, суғурта мукофотининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш таклифи илгари сурилди.

Субсидиялар тизимини соддалаштириш мақсадида ҳозирда турли идоралар томонидан бериладиган 75 турдаги субсидияни ягона платформа орқали тақсимлайдиган Аграр соҳада тўлов агентлигини ташкил этиш таклиф қилинди. Бу фермерлар учун ортиқча оворагарчилик ва бюрократияни кескин камайтиради.

Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларига тегишли топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш