Qidirish

12:45 / 2025-10-13 29 0 Жамият

Ўзбекистон павильони Осака EXPO–2025 кўргазмасида олтин медалга сазовор бўлди

Япониянинг Осака шаҳрида ўтган «EXPO 2025 Osaka, Kansai» халқаро кўргазмаси якунларига бағишланган маросимда Ўзбекистон павильони нуфузли «BIE» мукофотининг олтин медали билан тақдирланди.

world-news

2025 йил 12 октябрь куни Осака шаҳридаги «Shining Hat» Экспо-холлида Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси («BIE») мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир «EXPO 2025 Osaka, Kansai» халқаро кўргазмасининг ёрқин якуний босқичи бўлди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон павильони 1500 м² гача бўлган павильонлар орасида ўз тоифасидаги энг олий мукофот — «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» номинациясида олтин медални қўлга киритди.

Қарор 21 май куни павильонга ташриф буюрган тўққиз нафар экспертдан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан қабул қилинган. Мукофотлар беш тоифадаги павильонлар ўртасида учта асосий номинация — «Архитектура ва ландшафт», «Кўргазма дизайни» ҳамда «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» бўйича тақдим этилди.

«Биз тақдим этган “Билимлар боғи: келажакдаги жамият учун лаборатория” концепциясида анъаналар ва инновациялар уйғунлиги ифодаланган. Ғоямиз жаҳон ҳамжамиятида кенг кўламли акс-садо берди», — деди Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

У профессионаллик ва ушбу лойиҳага бўлган ишонч учун бутун жамоага, шунингдек халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, 1928 йилда ташкил этилган Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси («BIE») мукофоти EXPO доирасида кўргазманинг асосий мавзуси билан ҳамоҳанг соҳалардаги илғор ютуқлар учун берилади. У инновацион ғоялар, замонавий технологиялар ва иштирокчи давлатларнинг маданий жиҳатларини намоён этган энг яхши павильонларга тақдим этилади.

Нуфузли «BIE» мукофоти дунё кўргазмалари ривожига ҳисса қўшган иштирокчиларнинг ноёб ютуқларини эътироф этади ҳамда уларнинг соҳадаги лидерлигини тасдиқлайди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш