Qidirish

18:04 / 2025-08-09 61 0 Жамият

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади

Бугун Ўзбекистонда қурувчилар, муҳандис ва мутахассислар байрами нишонланмоқда.

world-news

Ҳурматли қурувчилар, муҳандис ва мутахассислар, соҳа фахрийлари!

Аввало, сиз, азизларни бугунги қутлуғ касб байрамингиз билан самимий табриклаб, барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Сизлар каби минг-минглаб моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва мутахассисларнинг машаққатли меҳнати билан Янги Ўзбекистоннинг янги, обод ва кўркам қиёфаси шаклланмоқда, халқимизнинг ҳаёти тобора фаровон бўлиб бормоқда. Бунинг учун барчангизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Кейинги йилларда қурилиш индустрияси ривожи янги босқичга кўтарилиб, ушбу соҳа миллий иқтисодиётимизнинг драйверларидан бирига айланди. Сўнгги саккиз йил давомида қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан 2024 йилда қарийб 234 триллион сўмга етгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Ўтган йили юртимизда жами 40 миллион 500 минг квадрат метр бино ва иншоот қурилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам 45 миллион квадрат метрдан ошиши кутилмоқда.

Халқимизнинг ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2024 йили 100 мингдан зиёд хонадонга эга бўлган 2 минг 44 та кўп қаватли уй барпо этилди. Бугунги кунда аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой ҳажми 2020 йилдаги 16 квадрат метрдан 19 квадрат метрга етганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Эътиборлиси, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, 56 та ҳудуддаги “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жорий йилда халқимиз ихтиёрига 135 мингта хонадон топширилади. 2030 йилгача “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 100 тага етказиш мақсад қилинган, бу эса 250 мингта хонадон дегани.

Дунёнинг илғор компаниялари билан ҳамкорликда “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида 20 минг гектар майдонда 2 миллион аҳоли учун қулай инфратузилма яратилмоқда.

Айни вақтда Янги Тошкент шаҳри қурилишининг биринчи босқичида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Янги Ўзбекистон университети, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, музейи, ихтисослаштирилган мактаб ва мақом маркази, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети каби йирик бино ва иншоотлар қад ростламоқда.

Буларнинг барчаси қўлигул бунёдкорларимиз қандай улкан марраларга эришаётганини яққол намоён этади.

Қадрли дўстлар!

Бошқа соҳалар қатори қурилиш тармоғида ҳам давр талаби асосида рақамлаштириш жараёни жадал ривожланмоқда. Соҳада 30 дан ортиқ ахборот тизими жорий қилинди. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида 22 та давлат хизмати рақамлаштирилгани натижасида ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларга чек қўйилди. Тендер платформаси жорий этилиши туфайли инсон омилининг аралашувига барҳам берилди, шаффофлик, очиқ рақобат муҳити шакллантирилди.

Уй-жой қурилишида улушдор сифатида иштирок этадиган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Эскроу” тизими татбиқ этилмоқда. Шу асосда ишончли девелоперлар бозори шакллантирилади.

Бугунги кунда шаҳарсозлик соҳасида ҳам янги давр бошланди, десак, тўғри бўлади. Эндиликда бош режалар мутлақо янги мазмун ва кўринишда ишлаб чиқилиб, геоахборот тизимига жойлаштириш учун рақамлаштирилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 146 та шаҳарсозлик ҳужжатлари рақамлаштирилди. 2025 йилда ушбу кўрсаткич 180 тага етказилади.

Қурилиш ресурслари миллий классификатори яратилиб, нархларни шакллантириш ва объектлар смета қийматини аниқлаш ҳам электрон тизимга ўтказилмоқда.

Қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик фикрини инобатга олиш, назорат жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда қурилиш сифатини яхшилаш мақсадида назорат механизмлари самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу борада назорат фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, объектларда ишларнинг боришини кунлик назорат қилиб бориш ҳамда реал вақт режимида кузатиш имконини яратган ҳолда камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Аминманки, сизлар бугунги замоннинг ўзи олдимизга қўяётган ана шундай муҳим талабларни чуқур англаб, юксак натижадорлик билан меҳнат қиласизлар. Заҳматкаш қурувчиларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Ҳар бир қурилган бино – бу бизнинг келажак авлодларга қолдирадиган буюк меросимиз, ҳар бир кўча ва шаҳарчанинг кўринишида сизларнинг қўл изингиз борлигини, инсонлар бахти ва қувончи айнан сизларнинг меҳнатингиз билан боғлиқлигини ҳеч қачон унутманг.

Янги Ўзбекистонни бунёд этишда олдимизда замонавий шаҳарлар, қулай турар-жой массивлари, инсонларга шодлик бахш этувчи бетакрор иморатлар қуриш каби улкан вазифалар турибди ва буни амалга оширишда биз сиздек – мўъжизакор, моҳир ва заҳматкаш қурувчиларимизга ишонамиз ҳамда суянамиз!

Ҳурматли қурувчилар!

Сизларни – мамлакатимизни ҳар томонлама гўзал ва бетакрор диёрга айлантиришдек шарафли ишга сидқидилдан ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги байрам билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.

Эл-юртимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида сиз, азизларга янги ютуқ ва омадлар ёр бўлсин!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Изоҳлар 0

Фикр билдириш