Qidirish

12:15 / 2025-07-21 1022 0 Жамият

Давлат олий таълим муассасалари учун тўрт йиллик қабул квоталари белгиланди

Ўзбекистонда давлат ОТМларига 2025–2029 йиллар учун қабул квоталари тасдиқланди. Энди бакалавриат ва магистратура учун ўринлар тўрт йил олдиндан белгиланади. Қўшимча грантлар хотин-қизлар, ватандошлар ва нодавлат ОТМлар учун ҳам ажратилади.

world-news

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 43-сонли фармойишга мувофиқ, давлат олий таълим муассасаларига 2025/2026 — 2028/2029 йиллар учун бакалавриат ва магистратура йўналишларида қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Ушбу тартибга асосан, аввалгидек ҳар йили эмас, балки тўрт йилга мўлжалланган умумий қабул квоталари белгилаб берилди.

Қабул квоталари ҳозирча фақат кундузги таълим шакли учун тасдиқланган. Бакалавриат бўйича йиллар кесимидаги қабул параметрлари қуйидагича белгиланди:

2025/2026 ўқув йили — 35 500 нафар;

2026/2027 ўқув йили — 36 023 нафар;

2027/2028 ўқув йили — 36 460 нафар;

2028/2029 ўқув йили — 36 761 нафар.


Магистратура йўналиши бўйича эса қуйидаги қабул параметрлари тасдиқланган:

2025/2026 ўқув йили — 9 922 нафар;

2026/2027 ўқув йили — 10 191 нафар;

2027/2028 ўқув йили — 10 477 нафар;

2028/2029 ўқув йили — 10 784 нафар.


Фармойишда шунингдек, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари учун ҳам давлат грантлари ажратилиши белгиланган. Жумладан:

Республикада фаолият юритаётган нодавлат ва хорижий ОТМлар ҳамда уларнинг филиаллари учун — 1 320 та давлат гранти;

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун — 30 та давлат гранти;

Хотин-қизлар учун — 4 000 та давлат гранти ажратилиши кўзда тутилган.


Шу билан бирга, давлат олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларда юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий ОТМлар билан амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари учун алоҳида квоталар ажратилади.

Ҳозирча қабул параметрларидан қанчаси давлат гранти, қанчаси тўлов-контракт асосида бўлиши аниқ эмас. Бу ҳақдаги маълумотлар 1 ҳафта ичида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.

Комиссия томонидан қуйидаги йўналишларда ҳам қарор қабул қилиниши лозим:

олийгоҳлар, таълим шакллари ва тиллар кесимида умумий қабул параметрлари;

имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрлари;

ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган минимал ўтиш баллари;

мақсадли қабул параметрларининг ҳудудлар ва соҳалар кесимида тақсимоти;

давлат гранти улушининг олийгоҳлар кесимидаги ҳиссаси;

соҳалар бўйича ихтисослашув талаб этиладиган бакалавриат ва магистратура йўналишларининг алоҳида қабул параметрлари;

магистратура йўналишлари учун тиллар ва ОТМлар кесимидаги қабул параметрлари.


Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилида имтиёзга эга абитуриентлар ўзлари танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш балли ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, улар балл натижаларига қараб қўшимча давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари олиб борилмоқда ва жараён 24 июлгача давом этади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш