Qidirish

05:23 / 2022-12-01 384 0 Жамият

«TITF – 2022»: «Ипак йўлида туризм» халқаро ярмаркасининг биринчи кунидаги муҳим воқеалар

Халқаро ярмарка доирасида турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари орасида кўплаб B2B учрашувлари ҳам ўтказилди.

world-news

30 ноябрда Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бошланди.

Тадбирни очиб берган Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон бугун бутун дунё диққат марказида эканлигини фахр билан тилга олди.

У дастлаб 2023 йилнинг куз фаслида UNWTO тарихида биринчи марта БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтиши, бу тадбирнинг қадимий ва навқирон Самарқандда ўтказилиши эса мингдан зиёд хорижий меҳмонларни жалб қилишини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ипак йўлида туризм» 2022 йилги Тошкент халқаро туризм ярмаркаси дунёнинг 30 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ соҳа вакилларини ўзида тўплаган.

Уч кун давомида соҳа мутахассислари иштирокида форум ва сессиялар, маҳорат дарслари, кўргазмалар, шунингдек, ярмарка тарихида биринчи марта маҳаллий ҳамда халқаро майдондаги дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади. Шу билан бирга, туризм соҳаси ривожида муҳим аҳамият касб этувчи Б2Б учрашувлари ўтказилади. Қолаверса, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар бир павильоннинг ўзида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари туризм салоҳияти билан танишиш имконига эга бўлишади», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Маълумот учун, ярмарка доирасида ташкил этилган халқаро кўргазмада Япония, Малайзия, Таиланд, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг туризм маъмуриятлари ўз миллий стендлари билан қатнашмоқда.

Таъкидлаш керакки, Қўқон 2022 йилда Туркий Кенгаш давлатларининг туризм пойтахти деб эълон қилинганди. 2023 йилда эса Озарбайжоннинг Шемахи шаҳри бу эътирофга муносиб кўрилди. Шу муносабат билан Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Озарбайжон Давлат туризм агентлиги раиси маслаҳатчиси Кенан Гулузадега рамзий калитни топширди.

Ярмарка давомида вазир Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамроҳлигида павильонларни кўздан кечирди.

Шунингдек, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда «Facetime Managment Service» («FMS») компанияси ўртасида Швейтсария меҳмондўстлик академияси стандартларини Ўзбекистондаги туризм инфратузилма объектларида жорий қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, халқаро ярмарка доирасида гастробозор ташкил этилди. Унда нуфузли халқаро ва миллий мутахассислар иштирокида форум ва сессиялар, халқаро ошпазларнинг маҳорат дарслари ўтказилди.

Эътиборлиси, ярмарка тарихида илк бор Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ташкил қилинди ва унда мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи халқаро ва миллий дизайнерлар иштирокида нафақат кийим-кечак, балки заргарлик буюмлари ҳам намойиш этилиши мақсад қилинган.

ТХТЙ-2022 майдончасида маҳаллий аҳолидан, шунингдек, МДҲ ва Европадан 20 минг нафаргача ташриф буюрувчи ҳам қатнашмоқда. Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, хорижий мамлакатларнинг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналари билан танишиш учун катта имкониятга эга бўлмоқдалар.

ТХТЙ-2022 форумига туризм соҳасидаги таниқли мутахассислар, хусусан, Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчилари, «BBC World News», «Lonely Planet», Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия туризм ташкилотлари уюшмалари вакиллари, ПР мутахассислари ва бошқалар ташриф буюрди.

Қайд этиш жоизки, халқаро ярмарка доирасида турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари орасида кўплаб Б2Б учрашувлари ҳам ўтказилди.

Шунингдек, ярмарка доирасида «Мамлакатнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришда Ҳукуматнинг ўрни», «Медиа-лойиҳалар – мамлакатнинг туристик ташриф қоғози» ҳамда «Хусусий компаниялар тақдимоти» панель сессиялари бўлиб ўтди.

Халқаро ярмарка доирасида турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари орасида кўплаб B2B учрашувлари ҳам ўтказилди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш