Qidirish

16:29 / 2025-06-27 37 0 Жамият

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида янги босқич: ислоҳотлар ва имкониятлар

Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашлар институти сўнгги йилларда тубдан янгиланди. Янги Конституцияда ва Президент фармонларида Кенгашларнинг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари кенгайтирилиб, улар жамият ва давлат бошқарувида муҳим ўрин эгаллаётган халқ вакиллик органига айланмоқда. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш, очиқлик ва жавобгарликни таъминлашда маҳаллий Кенгашлар роли кескин ортиб бормоқда.

world-news

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашлар институти тубдан янгиланди. Конституциявий ислоҳотлар ва Президент фармонлари маҳаллий вакиллик органларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ҳамда жамиятдаги ўрнини сезиларли даражада оширди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий давлат ҳокимиятининг икки бўғини — вакиллик ва ижро ҳокимиятлари аниқ ажратиб берилди. Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг алоҳида қилинаётгани ҳокимиятлар бўлиниши принципининг маҳаллий даражада тўлиқ амалга оширилишини таъминламоқда.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига “Кенгаш сўрови”, “Кенгаш текшируви” каби янги механизмлар жорий этилди. Сессиялар ҳар чоракда эмас, балки ҳар ойда, зарурат туғилганда эса ойига икки марта чақириш амалиёти йўлга қўйилди.

2024 йил 2 февралдаги Президент Фармонига мувофиқ, маҳаллий Кенгашларга жамият ва давлат ҳаётининг муҳим йўналишлари бўйича 30 дан ортиқ функциялар ўтказилди. Шунингдек, 2024 йил 23 февралда тасдиқланган “2030 йилгача маҳаллий вакиллик органларини ривожлантириш концепцияси” доирасида 7 йўналиш ва 53 чора-тадбирни қамраб олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Концепциянинг асосий мақсадлари:

халқ ҳокимиятчилигини тўлиқ таъминлаш;

ижро органларининг Кенгашлар олдида ҳисобдорлигини кучайтириш;

ҳудудий бошқарувни номарказлаштириш;

Кенгашларнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш.


Депутатларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ваколатлари кенгаймоқда. Маҳаллий бюджет харажатларининг 3–5 фоизи энди депутат ташаббуслари асосида шакллантирилади. Шунингдек, депутатларга транспортда бепул юриш, иш жойида депутатлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, “Сайловчи – депутат – ҳоким – Кенгаш” тизимини йўлга қўйиш каби янгиликлар назарда тутилган.

Кенгаш қарори билан тайинланадиган мансабдорларнинг фаолияти юзасидан жавобгарлик механизмлари кучайтирилади. Депутат сўровлари ва тавсияларини рад этиш ёки жавоб бермаслик ҳолатлари бартараф этилади. “Кенгаш соати” институти жорий этилмоқда, бу орқали муҳим ижтимоий масалалар юзасидан жамоатчиликка тезкор ахборот тақдим этилади.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Сессиялар жамоатчилик учун очиқ ўтказилади, қарорлар ва ҳисоботлар “E-Kengash” платформасида эълон қилинади. Электрон жамоавий мурожаатлар, жамоатчилик маслаҳат гуруҳлари ва фуқароларнинг тўғридан-тўғри иштирокига йўналтирилган механизмлар амалиётга жорий этилмоқда.

Маҳаллий аҳамиятга молик бир қатор масалалар — маҳаллий тўловлар, ижара ҳақлари, дафн хизмати тарифлари, иш ўринлари квоталари бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий Кенгашларга берилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маҳаллий Кенгашлар – халқ овози, жамият манфаати ва давлат сиёсатини маҳаллий эҳтиёжларга мослаштирувчи асосий институтга айланмоқда. Улар қудратли бўлса, давлат ҳам барқарор ва таъсирчан бўлади.

Бошқача айтганда, мазкур ислоҳотлар маҳаллий бошқарувда халқ иштирокини, очиқликни, самарадорлик ва жавобгарликни таъминлашга қаратилган. Бу халқимиз орасида кенг тарқалган “Ўттиз киши билан кенгаш, бир киши билан иш кўр” деган ҳакимона нақлнинг амалдаги тасдиғидир.

Сакинахон Саид Газиева,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Изоҳлар 0

Фикр билдириш