Сўнгги янгиликлар
21-27 май кунлари Турк ошхонаси ҳафталиги бўлиб ўтади
Мубашшир Аҳмад яна Туркия полицияси томонидан қўлга олинди
Самарқандда уй портлаши ортидан 6 киши ҳалок бўлди
Ўзбекистонга илк бор бир ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди
Хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди
Яккасарой ҳокимининг собиқ ўринбосарига белгиланган жазо енгиллаштирилди
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида мушкул аҳволда қолган ўзбекистонликлар Ватанга қайтарилди
Юрак бир сония ҳам тўхтамади: Дунёда илк бор уриб турган юрак кўчириб ўтказилди
Мубашшир Аҳмад яна Туркия полицияси томонидан қўлга олинди
У Ўзбекистонга депорт қилинган бўлиши мумкин.

Адвокатларга кўра, иммиграция бошқармаси, қонунга зид равишда «унинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни» ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Алишер Турсунов 2023 йилда ҳам полиция томонидан қўлга олинган, икки ойга яқин вақт ушлаб турилиб, айбловлар исботини топмагач, қўйиб юборилганди.
Azon вақфи кенгаши раиси ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган таниқли диний уламо Алишер Турсунов жорий йил 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган. Бу ҳақда диний олимнинг ўзга тегишли Azon Global нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куннинг ўзида адвокатлар иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилди. Адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги Депортация марказига (Geri Gönderme Merkezi – GGM) ўтказилиши, эртасига – 9 май куни у ердан қўйиб юборилиши керак эди.
«Аммо орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси (Göç İdaresi) домланинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Ваҳоланки, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозиргача ҳатто адвокатлари ҳам домладан бирор хабар ололмаётганидан, ақалли қаерда сақланаётганини ҳам билолмаётганидан оиласи ва яқинлари асосли равишда хавотирга тушмоқда. Боиси, устоз Мубашшир Аҳмад узоқ йиллардан бери қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиб келади ҳамда мунтазам равишда инсулин ва бошқа дорилар қабул қилишга мажбур», — дейилади баёнотда.
Шунингдек, нашр бу масалада янгилик бўлиши билан жамоатчиликни хабардор қилишини ёзган ҳамда тарқалиши мумкин бўлган ҳар қандай асоссиз хабарларга эътибор бермасликни сўраган.
Ҳозирча Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхона ҳолат юзасидан муносабат бермади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Kun.uz’га берган изоҳида ҳолатга аниқлик киритиб, маълумот беришини билдирди.
Туркиялик адвокат ва қочоқлар ҳуқуқлари ҳимоясичи Иброҳим Эргиннинг ёзишича, Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депорт қилинган бўлиши мумкин. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирнега жўнатилган.
«Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақланган, кейинчалик шанба куни яна Истанбулга қайтарилган. Бу орада у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган», – дейилади ҳуқуқ ҳимоячисининг баёнотида.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон сегментида фаол бўлган диний уламо – марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.
Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилади. У 2023 йил охирида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан жамоат хавфсизлигига таҳдид гумони билан олиб кетилган эди. У 55 кун давомида депортация марказида ушлаб турилган, унга қўйилган айбловлар исботини топмаганидан сўнг, 2024 йил феврал ойида қўйиб юборилган эди.
Шунингдек, жорий йил 19 феврал куни Мубашшир Аҳмад Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан қидирувга берилгани, у тақиқланган ташкилотлар тузишда айбланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Кейинроқ Мубашшир Аҳмаднинг адвокатлари у «ўта оғир жиноят содир этиш»да айбланаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини билдирди. Маълум бўлишича, фуқаро Telegram-каналида ёзган постлари учун диний материалларни тайёрлаш ва тарқатиш тартибига риоя қилмаганликда айбланмоқда. Мубашшир Аҳмад «ўта оғир жиноят содир этиш»да айбланиб, қидирувга берилгани ҳақида хабарларни ОАВга Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов тасдиқлаган эди. Ғиёсов, кейинроқ бу ишини «техник хато», деб атаган.



