Qidirish

04:28 / 2022-11-24 368 0 Жамият

Қатардаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда

Делегация аъзолари бутун дунёдан жаҳон чемпионатига ташриф буюрган миллионлаб мухлислар орасида Ўзбекистоннинг туризм борасидаги имкониятлари, салоҳиятини тарғиб қилишмоқда.

world-news

Айни дамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Абдураҳмон Фозилов, ижтимоий тармоқларда кенг аудиторияга эга бўлган блогерлар – Асал Сапарбаева, Иброҳим Икромов, Отабек Жўраев ва Ўзбекистон фан-клуби аъзоларидан иборат делегация Қатарда бўлиб турибди. 

 

 

 

 

 

 

Таъкидлаш керакки, делегация аъзолари бутун дунёдан жаҳон чемпионатига ташриф буюрган миллионлаб мухлислар орасида Ўзбекистоннинг туризм борасидаги имкониятлари, салоҳиятини тарғиб қилишмоқда. Шу билан бирга, миллийлигимиз, ўзига хос қадриятларимиз акс этган совғалар, хусусан, вазирлик томонидан тақдим этилган журналлар ва тарқатма материалларни улашишмоқда. 

Маълумот учун, делегация аъзоларидан иборат автокарвон 5 ноябрь куни Самарқанддан йўлга чиққанди. Улар мамлакатимиз туризм брендини акс эттирувчи махсус логотиплар билан қопланган автомобилларда Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби давлатларидан ўтишди

Ўз навбатида бу давлатларда Ўзбекистоннинг туризмини янада танитишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Ҳар бир давлатнинг маҳаллий аҳолиси ва хорижий туристларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, мамлакатимиздаги кўзга кўринган туристик объектлар, Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва бошқа жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, Самарқанднинг 2023 йилда «Янги Ўзбекистон дарвозаси» деб эътироф этилгани ҳар бир мамлакатдаги саёҳат давомида алоҳида таъкидланди ва БААда ҳам бу борада кенг миқёсда тарғибот акциялари олиб борилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон туризм бренди акс этган кийимлар ва бошқа совғалар берилмоқда. 

Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати — миллионлар ўйини ҳисобланган футбол оламининг энг катта мусобақаси ҳисобланади. Табиийки, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур турнирни томоша қилиш учун дунёнинг барча бурчакларидан мухлислар ташриф буюришади. Шу жиҳатдан Қатардаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш юртимизда ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш