Сўнгги янгиликлар
Экология ва атроф муҳит муҳофазаси: Конституцияда долзарб муаммо ҳақида қандай ечимлар келтирилган?
Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар моҳияти нимадан иборат?
Сирдарёда «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» бошлиғи фермерларга Хитой чигитини экишга ундайдиган «огоҳлантириш хати» юборди
Ўзбeкистонда сўз эркинлиги, қонун ва амалиёт ўртасидаги тафовут…
Марказий Осиёда “яшил” ривожланиш сари қадам: Самарқанд форуми натижалари
Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
Ўзбекистонлик боксчилар Бразилиядаги Жаҳон кубогида 5 та олтин медални қўлга киритди
«CREDIT-HOUSE» найрангларини тўхтатинглар! – Президентга мурожаат
Экология ва атроф муҳит муҳофазаси: Конституцияда долзарб муаммо ҳақида қандай ечимлар келтирилган?
Сиз ўқийдиган мақола ҳозирги кунда энг долзарб мавзуга айланаётган Экология ва атроф муҳит муҳофазаси ва унинг Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ушбу долзарб муаммо ҳақида қандай ечимлар келтирилганлиги кўриб чиқилади.

Шунингдек, экологик ҳуқуқлар, давлат ва жамиятнинг ушбу соҳадаги мажбуриятлари ҳамда фуқароларнинг экологик хабардорлиги ва масъулияти юзасидан киритилган янгиликлар таҳлил қилинади. Мақолада ушбу ўзгаришларнинг аҳамияти ва уларни амалиётга татбиқ этиш истиқболлари ҳақида фикр юритилади.
Ҳозирги вақтда Экология вазирлиги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Экологик масалаларга устувор эътибор қаратилаётганининг ёрқин далили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашининг ташкил этилишидир. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
– Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишда ягона давлат сиёсатини шакллантириш.
– Вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистон мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш.
– Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш.
– Экологияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш.
Маълумки, конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айнан асосий қонунда давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари мустаҳкамланади, фуқароларнинг экологик бурчлари белгиланади, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари ўрнатилади ва ҳ.к.
Конституциявий нормалар тизими жамият ва табиатнинг ўзаро алоқаси чоғида юзага келадиган ва тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар тавсифидан келиб чиқиб, шартли равишда икки қисмга – умумий ва махсус экологик нормаларга бўлиниши мумкин.Умумий конституциявий нормалар демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини ташкил этишнинг асосий принципларини белгилашда, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда, экологик ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда долзарб аҳамият касб этади.
Хусусан, Конституцининг 10-боби инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларига бағишланган бўлиб, унда давлатнинг фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган (шу жумладан экологик) ҳуқуқларини кафолатлаши белгиланган.
Шунингдек, Асосий Қомусимизнинг бешинчи бўлимида давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий қоидалари белгиланган бўлиб, ушбу нормалар экологик қонунчиликнинг шаклланиши ва шу соҳадаги давлат органларининг ташкил этилишида муҳим ҳуқуқий негиз бўлиб хизмат қилади.
Юқоридагилардан ташқари Конституцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳам белгиланган бўлиб, ушбу нормалар мазкур органларнинг экология соҳасидаги ваколатларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи миллий қонун ҳужжатларининг ривожланиши учун асос бўлади.
«Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат раҳбарининг ташаббуслари билан минтақада глобал тус олаётган экологик муаммоларни халқаро ҳамжамият ҳамкорлигида ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар сўзсиз ўз самарасини бермоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси конституциясида давлат экологик сиёсатининг умумий конституциявий нормаларнинг мустаҳкамланганлиги, мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлаш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг кафолати эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Конституциянинг бир нечта моддаларида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, Конституциянинг 62-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Бу ўз навбатида, фуқароларнинг эр, сув, ўрмон, эр ости бойликлари, ҳайвонот, ўсимликлар дунёси ва бошқа табиий захиралардан оқилона фойдаланишини, уларни тиклаш, муҳофаза қилишни ҳамда ушбу мажбуриятни ўз вақтида бажаришни тақозо этади.
Конституциянинг 41-моддасида мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланиб, шу билан бирга, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши ҳуқуқи билан биргаликда, мулкдор ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш атроф муҳитнинг ифлосланишига, ўзларига фойдаланишга берилган табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаслик мажбурияти ҳам юзага келади.
Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар барқарор ривожланиш кафолати бўлмоқда. Бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари эса Конституциямизда ўз ифодасини топган
Бош қомусимизнинг 62,66 ва баъзи бошқа моддаларида эса юридик ва жисмоний шахсларга атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари акс этган. Биргина 66-моддада табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи мазмунини белгиловчи мулкдор ваколатлари тартибга солинган ҳамда бундай хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти атроф табиий муҳитга зарар этказмаслиги мустаҳкамланган.Давлат экологик сиёсатининг асослари 68-моддада ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, эр, эр ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидалиги белгиланган. Ушбу конституциявий меъёрлар асосида мамлакатимизда экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ўттиздан зиёд қонун, уч юзга яқин қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Аммо Конституциянинг атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишидаги ушбу тарқоқ нормалари бугун юзага келган глобал экологик муаммолар ҳамда мамлакатда экологик муҳитга таъсир билан боғлиқ ишлаб чиқаришнинг шиддатли ривожланиш жараёнларида «Инсон қадри учун» тамойилига асосланган экологик сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш имконини бермаслиги аён бўлиб қолди.
Президент Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригида ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ўз Конституцияларига экологияга оид махсус боблар киритилганини, Бош қомусимизда ушбу йўналишга доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозимлигини таъкидланганлари ҳам бежиз эмас. Зеро, Конституцияда экологик ҳуқуқлари тўғрисидаги моддаларнинг киритилиши «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш имконини яратади.
Сир эмаски, иқтисодий ўсишнинг анъанавий моделидан «яшил иқтисодиёт»га ўтиш нафақат алоҳида миллий иқтисодиётни, балки бутун сайёра барқарорлигини белгилайдиган глобал тенденциядир. Шу боис, «яшил ўсиш» кўплаб давлатларнинг мақсади глобал экологик муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим воситаси сифатида Конституциясида акс эттирилган.
Шу маънода, Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётни таъминлаш учун инновацион «яшил» инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни, хусусан, «яшил» энергетика, «яшил» технологияларни, «ақлли» шаҳар ва қишлоқ хўжалиги принтсипларини тўлиқ жорий этиш каби экологик масалаларни илгари сурмоқда.
Бу жараёнда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни акс эттириш мақсадга мувофиқдир.
Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазасига жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда бутун дунё ҳамжамияти тан олган миллий ташаббусларни татбиқ этиш жараёнларини янада кучайтириш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш лозим. Чунки конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Умуман олганда, Конституция мамлакатимизда инсоннинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ва мамлакатнинг экологик хавфсизлигини кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланиши керак. Зотан, унда экология соҳасидаги конституциявий ва халқаро талабларни мустаҳкамлаш нафақат мамлакатда, балки минтақа мамлакатлари экологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтирмоқда: Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён билан учрашувда вазир икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, KEITI (Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти) билан Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳа муваффақиятли якунланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, «Sejin G&E Co. Ltd» компанияси билан маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газидан муқобил электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳани амалга ошириш истиқболлари ҳам қайд этилди.
Грузиянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Давид Котариа билан ўтказилган икки томонлама учрашув доирасида амалдаги қонунчиликни ўрганиш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш механизмлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш ва экотуризмни ривожлантириш, Орхус марказини яратиш учун халқаро талабларни ўрганиш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Экология соҳасида олий таълим борасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бу йўналишда Грузия томонига Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University») ҳамда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида маърузалар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш учун ўқитувчи ва профессорларни жалб қилиш таклиф этилди. Мамлакатимизда ўз миссиясини якунлаётган Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳми билан хайрлашув учрашувида Ўзбекистон томони мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича қатор экологик ташаббуслар, жумладан, Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этиш, «Яшил макон» миллий лойиҳасини амалга ошириш, Президент ҳузурида иқлим марказини ташкил этиш ва бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги экология соҳасидаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилиб, экологик лойиҳаларни амалга оширишда тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Ўтказилган барча учрашувлар Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истагини намоён этди. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, экологик лойиҳаларни амалга ошириш ва илғор тажриба алмашиш минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса
Конституциянинг янги таҳрири экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид қатор муҳим янгиликларни ўз ичига олган. Асосий қонун экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасидаги давлат сиёсатини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди. Хусусан, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик сифатида эътироф этилиб, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи сифатида белгиланди.
Умуман олганда, конституциявий ўзгаришлар экологик барқарор ривожланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Эндиликда бу ҳуқуқий асосларни ҳаётга татбиқ этиш ва фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Халқаро ҳуқуқ факультети 1-босқич талабаси Йўлдошев Жаҳонгир Ўткир Ўғли



