Qidirish

19:55 / 2025-04-07 77 0 Мақолалар

Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар моҳияти нимадан иборат?

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

world-news

Тошкент биринчи бор 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмадан иборат Парламентлараро Иттифоқнинг 150 йиллик Ассамблеясига мезбонлик қиляпти. Буни Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсий саҳнасидаги мавқейини намоён этувчи рамзий қадам деса бўлади.

Бу шунчаки рақамлар эмас

Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжумандаги нутқи шунчаки расмий баёнот эмас, балки унда тинчлик истаги ва тараққиётга бўлган ишонч акс этди. Бу сўзлар нафақат дунё депутатларига, балки бутун инсониятга қаратилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан бу галги Ассамблея бежизга «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусида ўтказилмаяпти. Жаҳонда ялпи ички маҳсулот 4,5 баробарга ошган бир пайтда, камбағаллар сони камайиш ўрнига, янада кўпаймоқда. 2030 йилгача 575 миллион киши қашшоқликда яшаши кутиляпти. Бу шунчаки рақамлар эмас — миллионлаб орзуси цинган инсонлар, таълим ва тиббиётдан маҳрум, очликка маҳкум болалар тақдири демакдир.

Бу муаммо парламентлар зиммасидаги умумий масъулиятни оширади. Чунки замонавий парламент — бу фақат қонун қабул қилувчи орган эмас. У — халқ дардини эшитадиган, муаммоларига ечим таклиф этадиган, жавобгарлик ҳисси билан ҳаракат қилувчи институтдир.

Зиддиятларга ягона ечим

Президент дунёдаги кўплаб низоларни тилга олиб, Ўзбекистоннинг принципиал позициясини билдирди: ҳар қандай муаммо фақат тинч музокаралар орқали ҳал қилиниши керак. Бундай масалаларда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим. Шу маънода, Ўзбекистон БМТни универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади.

Бу фикрлар – ХХИ асрда ҳамон куч қўлланилаётган, зўравонлик туфайли миллионлаб одамлар қочқинга айланаётган дунёга қарата айтилган қатъий, оғриқли, аммо чин ҳақиқатдир.

Беш ташаббус

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди:

Биринчидан, давлатларнинг иқлим сиёсати бўйича илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва «яшил» технологияларга ўтишни рағбатлантириш парламентларнинг муҳим вазифасига айланиб, иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши кераклиги;

Иккинчидан, хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шартларидан бири эканлиги;

Учинчидан, Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш;

Тўртинчидан, жорий йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида Парламентлараро иттифоқ парламентлари вакилларининг фаол иштирок этиши;

Бешинчидан, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича намунавий қонун ишлаб чиқиш.

Тошкентда янграган овоз

Тошкентда янграган бу овоз – тинчлик, барқарорлик, адолат ва тараққиёт садосидир. У инсонларни бирлаштирадиган, миллатлар ўртасида кўприк бўладиган овоздир. Ва бу чақириқларга жаҳон парламентлари, дунё ҳамжамияти жим қараб турмаслиги керак.

Анваржон Миркомилов,  «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Фикр билдириш