Сўнгги янгиликлар
Туркияда Гермеснинг мармар ҳайкали топилди
«Афсуски, орамизда нафсини жиловлолмай коррупцияга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда» – Олий суд раисининг судьялар ва суд ходимларига мурожаати
Хитойга Бойкот қанчалик ўринли ёки ваҳимали?
Самарқандда Амир Темур оила аъзолари яшаган мажмуа 415 млн сўмга реставрация қилинмоқда
Электрсиз қолган Ғазо (фотогалерея)
Эртага ҳаво ҳарорати 23 даражада исийди
Яна бир неча авлод йўқотмаслик учун ҳам «Таълим – тарбия» каналини очишимиз шарт. МТРК уйғонсин энди!
Туркия MICE туризмини ривожлантириш учун дадил қадам ташламоқда
Яна бир неча авлод йўқотмаслик учун ҳам «Таълим – тарбия» каналини очишимиз шарт. МТРК уйғонсин энди!
Дунё геосиёсий майдонида кескин ўзгаришлар бўлмоқда. Аввалгидек асосан ҳарбий ҳаракатлар эмас, ғоявий курашлар кучаймоқда. Ташқи хавфлар тобора ортиб бормоқда! Бундай вазиятларда эса бизни фақатгина ТАЪЛИМ ва ИЛМ-ФАН ислоҳотларигина ривожлантиради ва қутқаради! Дунёдаги ҳар қайси энг ривожланган давлатлар аввало таълимга, илм-фанга сармоя киритибгина шу даражага эришди, спортчию – отарчиларига эмас!

Янгиланаётган ЎЗБEКИСТОНнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий равнақи, унинг халқи ва келажагига ҳеч қандай фойда келтирмайдиган спортчилари («Sport» ва «Futbol TV» ), санъаткор ва отарчилари («Navo» ва «FTV») учун 2 тадан телеканал фаолият кўрсатмоқда аммо Таълим-тарбия ва илм-фанга, унинг тарғиботига келганда эса...!
Аслида, таълим ва тарбияга муносабат ва эътиборни бошидан, ўз миллий дастуримиз асосида яратишимиз шарт. Чунки, совет ҳукумати даврида ва мустақилликдан кейинги жараёнларда биз «онгли равишда онгсизлаштирилган» халққа айлантирилиб бир неча авлодни йўқотдик!
Бугунги кунда хусусий_телеканаллар кўп ҳолларда отарчи-спортчиларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда! Фоҳишабозлик, бузуқчилик, ичкилик, ўғрилик ва тарбиясизлик иллатларини турли фильм, сериал ва шоулари орқали тарғиб қилаётган бу каналларни айрим зиёлиларимиз унчалик кўрмас аммо халқимизнинг 80-90% вакили афсуски кўрмоқда.
Ачинарлиси, бундай иллатлар тарғиб қилинаётган кўрсатув ва сериалларни 7 ёшдан тортиб 70 ёшгача бўлган ҳар бир хонадон вакиллари кўрмоқда ва реал ҳаётда айримлар ўша кўрганларини амалда кўрсатмоқда ҳам! Отарчининг уст-бошидаги киймини нархини, яшаш тарзи ва нима еб-ичишини чиқараётган турли телеканал ва айрим сайт журналистлари, ижтимоий тармоқ фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари шу саволини ўқитувчи ва олимларга ҳам бериб кўрсинчи,…! Отарчини устидаги кийимларини суммаси ўқитувчи ва олимларнинг йиллик даромадидан юқори даражага олиб чиққан жамиятни айнан ўзимиз яратдик ва бугун ҳам оммалаштирмоқдамиз! Ваҳоланки, нимани кўпроқ тарғиб қилсак, халққа кўрсатсак шунга эришамиз!
Бундан 7-8 йил олдин эркинлик ва кенг ислоҳотлар даври бошланганида Таълим вазирликлари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентилиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Мусулмонлар идораси умуман олганда ёш-авлоднинг сифатли таълим ва тарбиясига мутасадди бўлган давлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигида «бола тарбияси ва унинг психологияси», «сифатли таълим», «оила муҳити», «илм-фан соҳасида эришилинаётган ютуқлар тарғиботи», «ота-оналарнинг фарзандларига ва фарзандларнинг ўз ота-оналарига бўлган муносабатлари», «устоз мартабаси, уларни эъзозлаш», «ёш авлоднинг соғлом бўлиб шаклланиши», «ёт ғояларга эргашмаслик ва ислом динимизнинг асл моҳияти» шунингдек «таълимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари»га бағишланган турли хил кўрсатувлар, бадиий ва илмий-оммабоп фильмлар, танқидий ва таҳлилий мазмунидаги очиқ мулоқотларни эфирга узатадиган «Таълим – тарбия» телеканалини очишни таклиф этганимда ўйлаб ҳам кўрмасдан иложи йўқлигини, катта маблағ сарфланишини айтишган эди! Наҳотки отарчи-спортчилар фаолияти ва тарғиботи учун топилаётган, халқ ва давлат томонидан ажратилаётган млрдлар илм-фан ва таълим-тарбияга келганда топилмаса?
Бугунги таълим тизимимиз мактаб таълимида ишлаган, мактаблардаги асл ҳолатдан хабардор ва буни айта оладиган, муаммоларнинг ечимини таклифлар асосида танқидий-таҳлил қила оладиган (тарбия муҳити ва илм-фан тарғиботи ҳам) ислоҳотчи-жадидларга муҳтож! Бугунги Янги Ўзбекистон юз йил олдинги жадидлар сингари ватанпарвар, «миллий руҳ»да шаклланган фидойи ва юртнинг фақатгина бугунини эмас, келажагини ўйлайдиган ҳалол кадрларга муҳтож!
Жадидлар маориф тизимини, тарбия муҳитини ва халқнинг сиёсий онгини чиройли сўзлар билан эмас, уйғоқ қатламнинг амалий ҳаракатлари орқали шакллантирди, сифатли таълим муҳитини ярата олди. Мунаввар қори таълим ва тарбия масаласи ва ундаги ўқитувчининг роли ва қадр-қиммати ҳақида сўзларкан: «Болаларга аввалги бешикдан кўра, иккинчи бешик бўлган — мактаб яхшироқ ва фойдалироқдир. Аввалги бешикда сут ва таом бериб боққан ота ва она қандай дўст ва азиз бўлсалар, иккинчи бешикда илм ва одоб ўргатиб, тарбия қилган муаллим ва халфалар ондин ортуғроқ дўст ва азиздурлар!» дея таъкидлайди.
Тўғри, болажонлар, умуман ёш авлод учун «Ақлвой» ва «Болажон» телеканаллари фаолият юритмоқда. Аммо, бу каналларда эфирга узатилинаётган турли дастурлар, мультфильм ва кинолар боланинг тарбияси, маънавияти ва дунёқарашини бойитишга эмас балки, шунчаки уларни ушлаб туришга, яъни вақт ўтказишига, уларни тинчлантиришга йўналтиргандек. Миллий тарихимизни («Ўзбекистон тарихи») ва бой маънавиятимизни («Маданият ва маърифат») халқимизга етказувчи тарғиботчи каналларимиз бор, уларнинг фаолияти албатта таҳсинларга лойиқ, аммо барчасини таълим ва тарбиядан бошлашимиз шарт!
Аслида эса, бутун МТРК таркибидаги телеканаллар фаолиятини қайтадан кўриб чиқишимиз, халқнинг сиёсий онги, ҳуқуқий тафаккури ва маънавиятини бойитувчи, уйғотувчи контентлар, фильмлар ва ахборотлар бериш тизимини шакллантиришимиз керак деб ҳисоблайман.
Айниқса, «Ўзбекистон 24» телеканали энг сўнгги ва холис ахборотларни тезкор ва доимий эфирга узатувчи, турли сиёсий ва баҳсли жараёндаги янгиликларни дебат кўринишида халқимизга етказувчи ахборот майдонига айланиши шарт. Мустақилликдан сўнг келажак авлод ҳақида аниқ бир дастур асосида фаолият юритмадик ва натижада неча авлод йўқотдик. Наҳот ҳалигача кўзимиз очилмади! Уйғонайлик! Жамиятимиздаги барча муаммоларимизнинг ечими фақат ва фақат «ТАЪЛИМ» ва «ТАРБИЯ» да! Барчасига умуммиллий ҳаракат орқалигина эриша оламиз!
Завқибек Маҳмудов. Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти




Изоҳлар 0
Фикр билдириш
Видеорепортажлар
Мавзуга доир

