Qidirish

20:43 / 2025-03-01 736 0 Сиёсат

Президент суд тизимини янада яхшилаш борасида йиғилиш ўтказди. Мажлисда очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш муҳокама қилинган

Президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

world-news

Инсон манфаатлари, қонун устуворлигини таъминлайдиган бу соҳани такомиллаштириш давлатнинг доимий эътиборида. Сўнгги саккиз йилда судларга доир 70 га яқин қонун, фармон ва қарор қабул қилинди. Уларнинг моддий-техник базаси яхшиланган.

Булар аҳоли ва тадбиркорларнинг масалаларини ҳал этиб, адолатни қарор топтиришга хизмат қиляпти. Ўтган йили судларда 3 миллиондан ортиқ масала кўриб чиқилди. Бу – аҳолининг ҳуқуқий онги ошиб бораётганидан далолат.

Ҳозирги кунда судга ариза бериш, суд ишининг ҳолатини кузатиш, суд ҳужжатларидан электрон нусха олиш каби 14 та хизмат рақамлашган. Олий суднинг мй.суд.уз порталида хизматлар ва ундан фойдаланувчилар сони кўпайиб бормоқда. Шу пайтгача 17 миллионга яқин суд иши ахборот тизимлари орқали юритилган, 15,5 миллионта иш судьяларга инсон омилисиз тақсимланган.

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб, судларнинг ички ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилган. Натижада қисқа даврда давлат бюджетидан 638 миллион сўмлик харажатлар иқтисод қилинди.

Энди буни изчил давом эттириш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш керак. Хусусан, суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва кетадиган харажатларни олдиндан аниқлаб бериш, ҳуқуқий ёрдам бўйича виртуал маслаҳатчини яратиш, тайинланган жарималарни онлайн кузатиш ва электрон шаклда тўлаш каби имкониятлар одамларга катта қулайлик яратади. Бугун ривожланаётган сунъий интеллектдан фойдаланиб, бу каби кўплаб янгиликларни жорий этиш мумкин.

Шу боис йиғилишда суд фаолиятини рақамлаштириш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Тақдимотга кўра, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси амалга оширилади.

Бунинг учун Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади. У судларга зарур бўлган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар яратиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади. Тадбиркорлик субъектлари билан судлар ўртасида электрон маълумот алмашиш йўлга қўйилади. Ишларни кўриб чиқиш тезкорлиги ошади.

Давлат раҳбари бунинг учун судлар ва барча алоқадор ташкилотларнинг ахборот тизимлари интеграцияси муҳимлигини, қулайликларни одамлар сезиши кераклигини таъкидлади. Бу ишларни кенгайтириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларини судлар билан самарали боғлаш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ҳар йили судларда 1 миллионга яқин низосиз ишлар ҳам кўриляпти. Масалан, ўтган йили фуқаролик судларида коммунал қарздорлик бўйича 200 мингга яқин шундай иш кўрилган. Аслида буни нотариусда ҳам ҳал қилса бўлади. Шу нуқтаи назардан, низосиз ишларни кўриб чиқишни тегишли идораларга ўтказиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, Олий судга қонунчилик ташаббуси ваколати берилган. Шунга асосан, тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари каби энг кўп учраётган масалаларни таҳлил қилиб, ҳар ойда ҳукуматга, ҳар чоракда парламентга таклиф киритиб бориш муҳимлиги таъкидланган.

Соҳага оид қонунларни халқаро стандартларга мослаштириш, судни янада халқчил қилиш, тизимни молиялаштириш бўйича қонунлар зарурати қайд этилган. Иқтисодий суд тизимини ислоҳ қилиш, бу борада ягона суд амалиётини йўлга қўйиш масаласига тўхталиб ўтилди. Суд биноларида одамлар учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Судьялар малакасини, жумладан, ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, ёш кадрларни шу жиҳатлардан етук этиб тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш