Qidirish

14:46 / 2024-10-23 93 0 Жамият

Рақобат қўмитаси томонидан авиакомпаниялардан йўловчиларнинг 200 млн сўмга яқин пули ундириб берилди

2024 йилнинг 9 ойи давомида Рақобат қўмитасига Ўзбекистонда хизмат кўрсатаётган авиакомпанияларга эътирозлар билдирилган 200 дан ортиқ истеъмолчидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчилар фойдасига 195 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

 

world-news

Рақобат қўмитасига 2024 йилнинг 9 ойида фойдаланилмаган авиачипта пулини қайтармаслик, йўловчиларга парвозлар кечиктирилаётгани тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида етказмаслик, шикастланган багаж учун юк қийматини тўлиқ қоплаб бермаслик ва парвозлар вақтида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг талаб даражасида эмаслиги юзасидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатаётган авиакомпанияларга эътирозлар билдирилган 200 дан ортиқ истеъмолчидан мурожаатлар келиб тушган. 

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчилар фойдасига 195 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Наманган вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ш.дан келиб тушган мурожаат Air Samarqand авиакомпанияси томонидан юзага келган муаммо билан боғлиқ. Фуқаро оиласи билан Ветнам давлатига учиш ва қайтиш учун авиачипталарни харид қилган. Булардан иккита авиачипта бизнес класс тоифасига тааллуқли бўлиб, парвоз вақтида унга таклиф қилинган қўшимча хизматлар кўрсатилмаган.

Қўмита томонидан мазкур мурожаат ўрганиб чиқилганида ушбу авиакомпания ҳақиқатан ҳам парвоз вақтида истеъмолчига етарли даражада хизмат кўрсатмагани аниқланди ва  авиакомпания томонидан 10 миллион 160 минг сўм пул фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Н.С. ўз мурожаатида Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг расмий веб-сайти орқали Туркия давлатига бориб-қайтиш учун Тошкент-Истанбул ва Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича жами 21 573 624 сўмга оиласи учун авиачипта сотиб олгани, аммо авиакомпаниянинг айби билан парвоздан қолиб кетишганини билдирган.

Қўмитанинг олиб борган ўрганишларида, фуқаро Н.С. фарзандларига тегишли паспортларнинг амал қилиш муддати 2024 йил октябрь ойигача бўлганлиги, Туркия давлати қонунчилига кўра, чет эл фуқароси давлатга кирганда паспортнинг амал қилиш муддати камида 150 кун бўлиши кераклиги, фуқаро расмий веб-сайт орқали авиачиптани харид қилиш вақтида тизимга паспорт маълумотлари  ва унга амал қилиш муддати киритилганлиги, тизим паспорт муддати Туркия давлати талабига тўғри келмаслигини билган ҳолда огоҳлантиришсиз авиачипта сотганлиги маълум бўлди. 

Ўрганишлар натижасида, расмий веб-сайтнинг  электрон чипта харид қилиш вақтида истеъмолчи танишиши керак бўлган тегишли маълумотлар киритилди ва “Uzbekiston Airways” АЖ томонидан авиачиптага тўланган  21 573 624 сўм пул маблағи истеъмолчига  тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш