Qidirish

05:03 / 2024-09-05 1961 0 Мақолалар

Ичкарида нидо, ташқарида фарёд: На ўлиги, на тириги...

Бухоролик Аваз Қиличев «Табиат неъмати» МЧЖнинг норасмий раҳбари сифатида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 17 апрелдаги ажрими билан қамоққа олинган.

Маълум бўлишича, суд Қиличевнинг қамоққа олинишида Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасини қаноатлантирган. Айблов хулосада айтилишича, Аваз Қиличев «Когон ёғ-экстракция заводи» акционерлик жамияти директори Илҳом Наврўзов билан олди-берди келишмовчилигидан сўнг шахсий адоват ва ғаразгўйлик мақсадида мавжуд қарздорликни тўлаб бермаслик йўлларини излаб, АЖ мансабдорларига қарши Бухоро вилоят ИИБга ариза ёзган.

Мазкур ариза ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида «Когон ёғ - экстракция заводи»нинг 8 нафар мансабдор шахслари ва 2 нафар тадбиркорга айблов эълон қилиниб, уларнинг 7 нафари қамоққа олинган.

Кейинчалик аниқланишича, Аваз Қиличев ва «Табиат неъмати» МЧЖ директори Ёрқин Сулаймонов томонидан ёзилган аризалардаги аксарият ҳолатлар тасдиғини топмаган. Бунинг оқибатида, Қиличев Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-қисми «г» бандида кўрсатилган ғаразгўйлик ниятларида ёлғон хабар бериш жиноятини содир этганликда гумонланиб, 15 апрель куни ушланган.

Айни кунда ДХХ тергов ҳибсхонасида сақланаётган Қиличевнинг соғлигида жиддий муаммолар борлиги айтилади. Маҳкумнинг яқинлари ва адвокати судга оид тиббий экспертиза натижаларига кўра, у қамоқ шароитида сақланмаслиги кераклигини такрор-такрор айтишмоқда.

А.Қиличевнинг саломатлигига оид ўтказилган экспертиза унда аниқланган касалликлар билан ихтисослаштирилган клиникаларда стационар ва амбулатор шароитлардан даволанишга муҳтожлик борлигини кўрсатади.

Қиличев билан боғлиқ иш айни кунларда Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилмоқда, айбланувчи судга қўлтиқ-таёқда олиб келиняпти. Адвокат Амоновга кўра, фалаж ҳолатга яқинлашаётган Аваз Қиличевнинг аҳволи тергов ҳибсхонасида янада оғирлашмоқда. Айбланувчининг 4 нафар фарзанди бор, ота-онаси, турмуш ўртоғининг дод-фарёдлари фалакни бузмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш