Qidirish

01:25 / 2024-05-03 3883 0 Мақолалар

Ўзи хон кўланкаси майдон кластерлар: Президент топшириғи наҳотки ерда қолди?

Бутун бошли шаҳар қураётган кластер эгалари фермерлардан бўлган қарзини тўлаш ҳақида умуман ўйламаяпти. Бу нимадан далолат? Кун сайин кўкка бўй чўзаётган Андижондаги янги кўп қаватли уйлар фермерларнинг уч йиллик пешона териси эвазигами ёки кўз ёшлари эвазига қурилмоқдами?

Ҳа, ҳаёт бу – мактаб. Ақл-ҳуши жойида соғлигида шикояти йўқ замондошимиз борки барчаси мактаб сабоғини олган. Шу мактабда муаллимларимиз гоҳида баъзи ўзлаштириши пастроқ ёки уйга берилган вазифаларни бажармай келиб «эсимдан чиқиб кетибди» муаллим дея баҳона қиладиган синфдошларни «сенга гап таъсир қилмайди, уятинг йўқ, теринг эшакнинг терисидан ҳам қалин бўлиб кетган сен бола одам бўлмайсан» деб койир эди. Ҳозир ўшандай болаларнинг кўпчилиги топармон тутармонга айланиб ҳаётда ўз йўлларини топиб «Ҳожи ака»га айланганлари рост.

Бежизга сўзимиз аввалида мактаб даврини, меҳнати ҳалолу ўзи харом бўлган ҳайвон ҳақида гапирмадик. Effect.uz’нинг ақлли аудиторияси биз нима демоқчи бўлганимизни яхши тушунди. Ҳозир Effect.uz’да эшакдек ишлаб меҳнатига ҳақ сўрамайдиганлар, сўраб ҳам ололмайдиганлар ҳақида эмас балки, умуман гап таъсир қилмайдиган эшакдан териси қалин бўлиб кетганлар ҳақида гаплашиш вақти. Мавзу кластерлар томонидан фермерларга ҳануз тўланмай келаётган ҳақдорлик таъбир жоиз бўлса қарз масаласи.

Афсуски, жамиятимизда кластер сўзини эшитган ҳамоно кўпчиликда кластерга унинг қилаётган ишларига ишончсизлик билдириб, «булар ҳам жонга тегди фақат ишлатадию пулига келганда ваъда беришади» деган қарашлар шаклланиб улгурди афсуски. Сўзларимиздан мамлакатимиздаги фаолиятларини тўғри йўлга қўя олган кам сонли кластерлар хафа бўлмасин.

Тўғри, гап туғишганингга ёқмаганидек ҳозирги айтадиганларимиз кўпчилик кластер корчалонларига ёқмаслиги ҳам аниқ. Уларнинг ёмонини яшириб яхшисини ошираётган Ҳукумат раҳбарларига эса гапларимиз умуман маъқул келмасдир балки.

Ўзбекистонда биз билган кўплаб кластерлар ҳанузгача фермерлардан мавжуд қарздорликларини тўлиғича узмаган. Хусусан, Сирдарё вилоятидаги «Боёвут техно кластер», Жиззахдаги «Silver Life», Самарқанддаги «Паяриқ кластер» Қашқадарёдаги «MIRISHKOR TEKSTIL GROUP CLUSTER» ва бошқа вилоятларда ҳам шу каби бир қатор кластерлар фермерлардан катта қарздор бўлишига қарамасдан бамайлихотир ишларини давом эттирмоқда.

Йиллар давомида фермерларга қарздорлигини бермай келаётган айрим кластерлар борки лекин негадир ҳеч ким уларнинг танобини тортиб қўйишга кучи етмаяпти. Яна бир гап аксар кластер таъсисчилари яъни эгаларини бировнинг ҳаққидан қўрқадиган Хожи акалар дейишади.

Лекин уларнинг қилаётган ишлари ваъдага вафо қилмасликлари на мусулмончиликка тўғри келади ва на бошқасига. Ваҳоланки, кластер эгаларининг бошқа бизнеслари гуллаб- яшнаяпти, қурилишлари кун сайин кўкка бўй чўзмоқда. Бошқа бизнеслари ҳам қулоч ёзмоқда.

«Фермернинг пулини тўлаб қўймайсанми номард» дейдиган киши йўқ. Буни ҳамма билиб кўриб турибди. Алам қиладигани бу кластердан пулини ололмаётган фермерлар кўз ўнгида содир бўлмоқда.

Ана шундай кластерларнинг бири Андижон вилоятининг бир нечта тумани жумладан Избоскан туманидаги фермерларнинг жонидан ўтказган кластер «Sohib Omad Barakasi» МЧЖдир. Соҳиблари жуда ҳам омадли бўлган ушбу кластер эгалари Андижон марказида бутун бошли шаҳар массиви қурмоқда, бундан ташқари қўшша-қўшша қорхонаю фабрикалари гуруллаб ишлаб турибди.

Аммо шунча ишларнинг бошида турган ташкилотларнинг норасмий ва асл эгаси эканлиги айтилаётган пулдор Карим Ҳожи негадир фермерларга қарзини беришни истамайди. Фермерларга берган ваъдалари йилларни кетини йилларга улайди.

Карим аканинг омадли ва баракали эканлигининг сабаби фермерларнинг 3 йиллик пешона терисию додлари эвазигами ёки бошқа сабабларданми? Ҳозирча, Ўзбекистонда бу сирнинг тагига ҳеч ким етолмаяпти.

Ҳеч ким Каримжонга фермерлардан бўлган қарзингни дарров тўлаб қўй дея олмаяпти. Биз ишонган ҳуқуқбонлар эса бу борада доимгидек мулойим. Уларнинг гўёки қулоғи кар кўзи кўр. Избосканлик фермерлар ва кластер ўртасидаги бир неча йиллардан буён қўшиқ бўлаёзган машмашани ўзимиз 3-4 марта ёритдик. Қоп-қоп ваъдаларни эшитиб, тўйдик.

Интернетга кириб Избоскан ҳақида қидирув берсангиз фермерларнинг оҳу додидан бошингиз айланиб кетади. «Омадли ва баракали кластер пулимизни қачон беради» деган саволлар кўнглингизни хира қилади. Дейлик, бу масалани кўтариб чиқмаган журналист-блогер қолмади ҳисоб. Фермерларнинг айни шу масалада бизга мурожаатини ўрганишга Избосканга борганимизда туман ҳокими Элёрбек Каримов ва сектор раҳбарлари билан фермерларни ҳокимлик залида рўбарў қилдиқ, ҳоким видеога тушишни истамади, аммо уни биз эпладик.

Хулоса ўзингиздан. Ўшанда ҳоким ишга янги келган эди. Қанча умидлар билан ҳоким жаноблари қабулига кирган фермерларнинг ҳоким ва прокурорнинг гап сўзию совуқ муносабатидан тарвузи қўлтиғидан тушди десак адашмаймиз.

Ҳокимнинг ёрдам ўрнига ўдағайлаши, фермерларни туманни шарманда қилаётган иғвогар ёзувчига чиқариши уларни очиқчасига эсанкиратиб қўйди.

Шу ўринда ҳоким тўрага савол, туманни шарманда қилаётган аслида ким? Ҳаққини сўраётган фермерми ёки қарзини бермаётган кластерми? Ёки сиз каби нохолис каттаконларми?

Effect.uz бу кўрсатувни тайёрлашдан олдин кластер вакили ва баъзи фермерлар билан телефон орқали суҳбатлашиб ҳақдорликнинг шу кунларда тўланган ёки тўланмаганлиги билан қизиқди. Аҳвол расво. Ижобий ечим йўқ. Фермерлар интиқлик билан Президент айтган 1 апрелни кутди.

Кунлар ҳам ўтди. Ахир Президент кластерлар ва фермерлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни шу йилнинг 1 апрелигача жойига қўйишга топшириқ берган эди. Қатъий муҳлат тугаганига ҳам 1 ойдан зиёд вақт ўтмоқда.

Натижадан эса дарак йўқ. Ишонамизки, тез орада Избоскан тарафлардан фермерларни хурсанд қиладиган хабарлар келиб қолади. Чунки, Президент топшириғини бажармаганларнинг аҳволи алалоқибат яхши бўлмайди. Уларнинг ҳолига ҳеч кимни солгулик қилмасин. Ҳатто у «Sohib Omad Barakasi»нинг соҳиблари бўлса ҳам.

Effect.uz мухбири Аъзам Хўжақулов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш