Qidirish

09:20 / 2024-03-31 2188 0 Шоу-бизнес

Кинематография агентлиги бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумини имзолади

29 март куни Ренессанс кино уйида Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, бир қатор Республика ҳарбий олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Унда киноижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

world-news

Тадбир аввалида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов соҳадаги сўнгги ютуқлар Республика Президентининг қўллови билан амалга оширилаётганини билдириб, янги лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов лойиҳанинг моҳияти ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида нутқ сўзлаб, бирлашиб қилинаётган контентлар унумли бўлишига ишонч билдиришини маълум қилди.

Шундан сўнг Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Кинематография агентлиги раҳбарлари ўртасида «Кинокарвон» акциясини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбир давомида йиғилганларга «Кинокарвон» акцияси билан боғлиқ роликлар қўйиб берилди ва жорий йилдан акция юқори атмосферада ва халқона ўтказилиши таъкидланди.

Маълумот ўрнида, «Кинокарвон» лойиҳаси доирасида 2023 йилда юзлаб киноижодкорлар иштирокида 10 дан ортиқ бадиий, 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар премьера қилинган бўлса, 100 га яқин фильмларимиз мунтазам равишда республикамиздаги маҳаллаларда ва жойларда намойиш қилинди. Тадбирлар кенг омма қатламини қамраб олди.

Тақдимотда Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов сўзга чиқиб, «Кинокарвон» акциясида уюшмага аъзо актёр ва актрисалар мамнуният билан иштирок этиши ҳақида гапирди.

«Кинокарвон» тақдимотидан сўнг Агентликнинг Кинолойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Феруза Нодирова сўзга чиқиб, болалар ва ўсмирлар аудиторияси учун суратга олинган ва олиниши режалаштирилаётган кинолойиҳалар тақдимотини ўтказди. Бир қатор лойиҳаларга тўхталиб, уларда ватанпарварлик, эзгулик, тарбиявий жиҳатдан яхши ёритилганига урғу берилди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари учун ўзбек ва рус тилларида «Фильм қаҳрамонларидан ибрат оламиз» мавзусидаги иншолар танлови ҳақида ҳам сўз борди.

Миллий кинематографияда «Остона», «Сардор» каби ҳарбий сериаллар ва фильмлар тилга олиниб, бу борадаги ишларни давом эттириш мақсадида 10 га яқин Республикадаги ҳарбий олий ўқув юртлари масъуллари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича меморандум имзоланди.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ички ишлар вазирлиги академияси билан «Ҳаёт академияси» (ишчи номи) бадиий фильми, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси билан «Қутқарувчи» (ишчи номи) каби кинолойиҳалар бўйича келишувга эришилди.

Меморандумлар Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов ҳамда ҳарбий олий ўқув юртлари раҳбарлари ўртасида имзоланди.

Шунингдек, Кинематография агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ташкилотчилигида «Ҳар бир сериал — бир миссия» номли сериаллар танлови ҳақида ҳам сўз борди.

Мазкур танловда энг яхши лойиҳалар сифатида тан олинган «Менинг юртим» телеканалининг «Пирамида», «Ренессанс ТВ» телеканалининг «Ваъда» , «Sevimli» телеканалининг «Қисмат ўйинлари», «ZOR TV» телеканалининг «Оқ қушлар» сериаллари 15 сентябрдан бошлаб «Яшил йўлак» тартибида барча телеканалларда бир пайтда намойиш қилиниши режалаштирилгани маълум қилинди.

Тадбир сўнгида ҳамкорлар Кинематография агентлиги билан амалга оширилиши кутилаётган лойиҳаларни биргаликда бажаришдан мамнун эканликларини билдирди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш