Qidirish

13:47 / 2024-02-26 2552 0 Мақолалар

Фарғонача спектакль: Фермер мулки билан вилоят ҳокимини алдаш кимнинг ташаббуси?

Кимнингдир оғзаки топшириқлари ҳеч қачон қонунлардан устун бўлолмайди. Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги “Комилжон ота зиё” фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқига путур етказилган.

Effect.uz ходимлари фермер хўжалиги раҳбари Шукурилло Миллабоев мурожаатига кўра, Фарғонага боришди ва у ерда Тошлоқ туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ноқонуний топшириғига қарши чораларни кўришди.

Ноқонуний топшириқ нимадан иборат бўлган десангиз тушунтиришим мумкинки, фермернинг қарийб 2 млрдлик комбайни бир неча ўн кундан бери тумандаги кластер гаражида сақланиб келинган. Бунинг сабабини на фермер на тумандаги масъуллар билмайди, ёки билишни ҳам истамайди. Барчаси вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровга бориб тақалади. Гўёки, Бозоров фермерларнинг техникасини «олиб қўйинглар» деган.

Аслида, ички ишлар ходимлари бир-икки кун туриб турсин, дея илтимос қилган ҳолатда комбайнни кластерга тегишли бўлган ҳудудга олиб келишган, фермер ҳам Ички ишлар ходимларини ҳурматини намоён этиб, уларнинг илтимосини инкор қилмаган. Ўрганишларимиз натижасида, аён бўлдики, кластер гаражига бир “Комилжон ота зиё” фермер хўжалиги раҳбарининг техникаси эмас, деярли тумандаги барча қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинган.

Бизга маълум бўлишича, бу ишлар катта эҳтимол билан айни вақтда республика бўйича кластерлар фаолияти ўрганилиши ортидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Чунки Республикадан келган текширувчиларга кластернинг қанчалик қудратли эканини, унинг кўплаб техникалари борлигини исботлаш керак бўлган. Аммо ўз ҳуқуқларини лозим даражада талаб қилишни биладиган фермер айтилган 2-3 кунни кутган бўлса ҳам, кейинги кунларга сабри етмаган.

Мулк аччиғи, жон аччиғи дейишганидек, фермер йиллар давомида ҳалол меҳнати эвазига эришган техникани кластер ҳудудидан чиқариб, ўзининг дала шийпонига, техниканинг усти ҳимояланган яъни қор-ёмғир зарар етказмайдиган хавфсиз жойга олиб боришга эришди. Фермер ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаши учун озмунча тер тўккани йўқ, унга қўшилиб, биз ҳам мантиқсиз буйруққа қарши курашишимизга тўғри келди.

Шу куни комбайн олиб чиқиб кетилди, фермер ҳам рози ички ишлар ходимлари ҳам виждонлари олдида покланишди десак хато бўлмайди. Ҳа, дўстлар Ўзбекистонда оғзаки топшириқлар эмас балки қонун устуворлиги мавжуд, фақат унинг устуворлигини таъминлаш учун қўрқоқликдан воз кечиб, бироз курашишингиз, мардонавор талаб қилишингиз керак бўлади.

Комбайн олиб чиқилгач, биз фермер таклифига кўра унинг дала шийпонига бордик, у ерда кабутардан бошлаб, токи от-тулпорларгача, ҳатто паррандалар боқилаётганини кўрдик. Дала ҳудудида қурилган шийпонда шароитлар бошқача, у ерда ишлагиси келади одамни. Сизнинг ҳам Фарғонага йўлингиз тушса, Тошлоққа келиб, Шукурилло аканинг даласига боришингизни тавсия қиламиз.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш