Qidirish

23:29 / 2023-12-28 4180 0 Ҳодисалар

Суд Олимжон Ҳайдаровнинг апелляция шикоятини қаноатлантирмади. Блогерга 8 йиллик қамоқ жазоси тайинланган

Бугун, 28 декабрь куни блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ҳимоячиси томонидан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 1 декабрдаги ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти кўриб чиқилган.

world-news

Унга кўра, Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 28 декабрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, О.Ҳайдаров жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А.Эргашев эълон қилган ҳукмга кўра 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

О.Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди чиқарилиб, О. Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.

Жабрланувчи С. М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш