Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Кўринмас “қотил” – Ис гази билан курашганда… (Катта мақола)
Ис гази – қанчадан – қанча бегуноҳлар умрига зомин бўлган кўринмас қотил. Унинг фожиавий оқибатлари билан курашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу кўринмас ёв билан курашишда айрим соҳа ҳодимлари борки уларнинг қилаётган ишлари, фидойиликлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.
Шундай соҳа вакиларидан бири терговчилардир. Ушбу эълон қилинаётган мақолада айнан ИИВ тизимида фаолият юритаётган терговчининг кўринмас “қотил” билан курашдаги воқеалар тилга олинади.
Ис газидан заҳарланиб оламдан ўтганлар ва уларнинг яқинларига ачиниш ва ҳамдардлик ҳисси муаллифнинг ҳар бир сатрида сезилиб турибди. Юртдошларимизни Огоҳлик ва эхтиёткорликка чорловчи мақола Сизга ҳам манзур бўлади деган умиддамиз. Зеро, огоҳлигимизни қанча кўп оширсак шунча таловатлар кам бўлади.
(Таҳририятдан)
КАТТА МАҚОЛА
Йил якунланиб бормоқда, ҳисоботларни ёпишга агар ҳозирдан тайёргарлик кўрмасак, натижаларимиз яхши бўлмайди. Ишни кейинги йилга «перенос» қиламан, деб юрмаларинг, ҳамма ишни тамомлашга ишлайди...
Вазир ўринбосари, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Я.Абдулҳақов йил якунига етиб қолганлиги сабабли, видеоселектор йиғилиш ўтказаётган эди. Республиканинг барча тергов бўлинмалари раҳбарлари тегишли студиялардан қатнашмоқда. Мен Урганч тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётгандим.
Мажлис ҳали тугамаганди. Қўл телефоним безовта жиринглаб қолди. Қарасам, Тергов бўлими суриштирувчиси Отабоев Отабой қўнғироқ қилаётган экан. Гўшакни кўтардим.
- Нима гап Отабой, мажлис тугамади, дедим.
- Биламан, узр, лекин сизга айтмасам бўлмайди, деб жавоб қилди ҳавотир аралаш суриштирувчи Отабоев.
- Майли, айтақол, тинчликми?
- Ис газидан заҳарланиш ҳолати бўйича ҳабар берилганди, иккита ёш болалар шифохонага тушишган, биттаси вафот этган.
Ўзинг асра Ҳудойим, дедим ичимдан. Бироз жим бўлиб қолдим, бечора болалар.
Кейин:
- Воқеа жойи қаерда экан, деб сўрадим ундан.
- Марказда, айтишларича жами заҳарланганлар сони тўрт нафар, прокуратура билан ҳодиса жойидаман, прокуратура терговчиси Достонбек кўздан кечирмоқда.
- Агар ис газидан заҳарланиш ҳолати бўладиган бўлса, ҳодиса жойини яҳшилаб ўрган, ўзинг ҳам «осмотр» қилгин, ишни барибир бизга беришади.
Ана шунда нима бўлган экан ўзи, деб юрмаймиз.
- Тушундим бошлиқ.
- Отабой, видео тасвир албатта бўлсин, керак десанг ёрдамга одам жўнатаман.
- Барча ҳолат видео тасвирга олиняпти, деярли барча раҳбарлар шу ерда, «дом»даги қолган одамларни ташқарига чиқаришган.
- Майли, мен ҳам етиб бораман ҳозир, деб суҳбатни якунладим.
Тўрт нафар инсоннинг ис газидан заҳарланиши, бунинг устига улардан бирининг вафот этиши алоҳида муҳим аҳамият касб этадиган масала эди. Қиш кириб келганлиги сабабли, кўпчилик газдан нотўғри фойдаланиши, қўлбола усулда ясалган печкалар ва иситиш қозонларидан фойдаланиш, кимлардир газ плитасидан уйни иситишда фойдаланиши жуда кўп ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузилиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирар эди. Шунинг учун кунлар совишига яқин фавқулодда вазиятлар бўлинмалари аҳолини шундай ҳолатлардан огоҳлантириб чиқар, турли тарғибот ишларини олиб борарди.
Шу куни мажлисда ортиқ ўтиролмадим. Шахсан воқеа жойига боришим ва назоратни қўлга олишим керак эди. Шу сабаб, вилоят ИИБ Тергов бошқармаси раҳбариятига бўлган ҳолат бўйича қисқача ахборот бериб, уларнинг рухсати билан мажлисни тарк этдим.
Навбатчилик қисми олдига бориб, ҳолат бўйича уларга маълум бўлган маълумотлар ҳақида сўрадим. Катта навбатчи инспектор подполковник Р.Матсапаев менга хабар 11-50ларда олинганлигини, заҳарланганларнинг барчаси битта оила аъзолари эканлигини, ҳодиса жойи Урганч тумани, Шодлик маҳалласи, Мустақиллик кўчаси 8-уй, 10-хонадон эканлигини айтди.
Урганч туманининг маркази бўлган бу “Мустақиллик” кўчаси анча криминал зона ҳисобланади. Барча кўнгил очар объектлар, савдо шаҳбочалари, таълим даргоҳлари ва давлат ташкилотлари жойлашган ушбу ҳудуд йил давомида жуда кўп хилма-хил жиноятларни “берарди”. Заҳарланиш ҳолати ҳам айнан шу ерда содир бўлмоқда, ҳудуд профилактика инспектори яна маломатлар остида қоладиган бўлди.
Шу билан менинг ўзим ҳам воқеа жойига етиб бордим. Бу пайтга келиб, у ерга туман Фавқулотда вазиятлар бўлими, туман “газ идораси” ходимлари, туман ИИБ ҳодимлари, прокуратура ходимлари, шифокорлар ва бошқа бир қатор мутасаддилар аллақачон етиб боришган экан.
Туман прокуратураси терговчиси Матназаров Достонбек бўлса, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечираётганди. ИИБ ходимлари 8-уйда яшаётган аҳолини вақтинча ташқарига чиқиб туришини илтимос қилган. Сабаби, 8-уйнинг биринчи қаватида жойлашган маиший техникалар сотиш дўконида ўрнатилган иситиш қозонининг дуд пуфлагичи шу уйнинг шамоллатиш каналига уланган, ундан шу уйнинг 3-қаватида жойлашган 10-хонадонга ис гази кирган ва у ерда бўлганлар заҳарланган. ИИБ ходимлари шу уйда яшовчи қолган фуқароларнинг заҳарланишини олдини олиш учун уларни ташқарига чиқишларини сўраган.
Суриштирувчи Отабоев бу ерга анча олдинроқ келганлиги сабабли, у менга вазиятни тушунтириб берганди.
- Уй эгаси, деди у - Арслон Абдуллаев, у аслида Хивалик экан, бу ерга бугун соат 11 ларда у оиласи билан келган.
- Шунда улар бу уйда доимий яшашмаганми?
- Ҳа, улар бугун нотариус билан боғлиқ иш бўлгани учун келишибди, оиласини уйда қолдириб, шу иши бўйича чиқиб кетган, кўп ўтмасдан келса уй ичкаридан ёпиқ, ҳеч ким очмаган, кейин уйни айланиб ўтиб, уй деразасига қараган, ойналар намланиб турганини кўриб, нарвон билан уйга деразадан киришган, уйдагиларнинг барчаси ҳушсиз ҳолда экан, дарҳол шифохонага олиб борган, хотини ва икки нафар фарзанди тирик, лекин улар ҳам “реанимационный”да, бир боласи ўлган...
Суриштирувчи Отабоевнинг ҳам жабрланганларга раҳми келаётганлиги унинг овозидан ва ўзини тутишидан маълум эди. Иложимиз қанча, тақдир экан, деб ўйладим ичимдан. Яна суҳбатни давом эттирдик.
- Ис гази қаердан чиққан экан, деб сўрадим ундан?
- Туман “газ идораси” ходимлари уйга киришиб, у ерда ис гази чиқариши мумкин бўлган омил топишмади. Ис гази ташқаридан кирган, деган тахмин билан пастга тушишган, биринчи қаватдаги маиший техника сотиш дўконида иситиш қозони бор экан, унинг “мўри”си уйнинг “винтеляционный” каналига уланган ҳолатда экан, шундан ўтган бўлиши мумкин дейишмоқда.
- Сени ўзинг кирдингми дўкон ичига?
- Ҳа, мен ҳам мутахассислар билан кирдим, менинг ўзим ҳам алоҳида кўздан кечириш баённомаси расмийлаштирмоқдаман, камера билан ҳамма жойни камерага ҳам олиб чиқдим.
Баракалла, камерага муҳрланган ҳолатлар доимо терговчига асқотиб келган.
Кейин Отабов билан ўша маиший дўкон томон кетдик. Терговчи Матназаров шу дўконни кўздан кечираётган экан. У билан кўришганимизда, менга:
- Мана шу қўлбола усулда тайёрланган иситиш қозонидан ис гази 3-қаватга ўтган бўлса керак, деб ўйлаяпмиз, деб, иситиш қозонини кўрсатди.
Мен уни кузатиб турдимда:
- Қўшиламан, шунинг учун ҳам иститиш қозонини шу ерда тарафлар иштирокида муҳрлаш керак, токи, иш қонуний ҳал бўлмагунга қадар уни ҳеч ким олиб ташламасин ёки ўзгартирмасин, дедим.
Ҳақиқатан ҳам иситиш қозони офисга кириб, унинг тўридаги хонасининг деворига ёпиштириб қурилган. Қозоннинг дудпуфлагичи шу девор тешилган ҳолда тўғри ичига киргазилган ва атрофлари лойсувоқ қилинган. Шу йўл билан ис гази офис ичига тарқалмаслиги мақсад қилинган.
Ушбу иситиш қозони иш учун ўта муҳим ашёвий далил ҳисобланганлиги сабабли, уни жойидан ҳеч қаерга қўзғаш мумкин эмасди. Шунинг учун қозон шу ерда муҳрланди ва ундан фойдаланиш тақъқиқланди.
“Дом”нинг биринчи қаватида жойлашган ушбу маиший техника ва офис биноси иккига бўлинган бўлиб, у ердан иккита тадбиркор биргалашиб фойдаланиб келмоқда экан. Шу ерда ишловчи қизлар ушбу иситиш қозони кечаси ёқиб кетилганлигини ва эрталаб и газидан заҳарланиш ҳақидаги ҳабар тарқалгач, уни ўчириб қўйишганлигини айтишди.
Жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳам аллақачон суриштирувни бошлаб юборишганлиги сабабли, ҳолат бўйича анча маълумот тўплашган. Уларга кўра, бу бинода “F I M” МЧЖ ва “F G G” МЧЖлар ижара асосида фаолият юритишади, “F I M” МЧЖ раҳбари М.Ф, “F G G” МЧЖнинг раҳбари эса С.Ф исмли шахслар экан.
Бу ерда муаммо шунда эдики, иситиш қозони бинонинг “F G G” МЧЖ фойдаланувида бўлган қисмида жойлашган, бироқ, ундан “F I M” МЧЖ ходимлари фойдаланиб келган, иккала томонда ҳам шу иситиш қозони орқали қизийдиган радиаторлар мавжуд. Шунга кўра, ушбу жамият раҳбарларининг қай бири айнан мазкур ҳолатда айбдор ёки умуман олганда, бу иситиш қозонининг мазкур заҳарланиш ҳолатига алоқаси бор-йўқлигини аниқлаш лозим эди.
- Сарвар ака, материалларни сизга ўтказаверамиз, ўлим ис газидан содир бўлганлиги деярли аниқ бўлди, деди кўздан кечириш якунлангач прокуратура терговчиси Достонбек Матназаров.
Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддасида назарда тутилган ёнғин қоидаларини бузишда ифодаланадиган жиноят, жиноят-процессуал қонунчиликка кўра Ички ишлар органларининг терговига тегишли. Шу сабаб, бу ҳолат бўйича терговчи Д.Матназаров ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатиб, барча тўпланган ҳужжатлар бизга, яъни Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига жўнатди.
Ҳужжатлар бизга жўнатилгунга қадар ис газидан жабр кўрганлар бўйича судга оид тиббий экспертизалар тайинланган, ишга алоқадор бир қатор фуқаролардан, жумладан, жабр кўрган оиланинг каттаси, А.Абдуллаевдан ҳам тушунтириш хатлари олинган эди.
Материаллар бизга келганида, ҳужжатлар билан яхшилаб танишиб чиқдим. Гарчи, ҳодиса содир бўлган жойга бўлим суриштирувчиси Отабоев Отабой чиқиб, кўздан кечиришда иштирок этган бўлса-да, унинг ҳали ёш суриштирувчи эканлиги, тажриба ортиши учун вақт зарур бўлишини инобатга олиб, ишни тергов қилишни бўлим терговчиси Саъдуллаев Наврузга топширдим.
С.Навруз тизимда фидокорна хизмат қиладиган, берилган топшириқларга виждонан ёндашиб, ҳар бир ишда инсон тақдири туришини чуқур ҳис қилган ҳолда ишига ёндашадиган кам сонли ходимлардан бири эди. Унга топширилаётган ушбу иш жуда кўп меҳнат талаб қиларди ва бу иш терговчи катта лейтенант Саъдуллаевнинг имкониятларига жуда мос эди.
Ишни унга топширар эканман, Наврузга зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган ишларни, жумладан, офисда фаолият юритиб келган барча шахсларни сўроқ қилиш, жабрланувчиларни сўроқ қилиш, шу куни воқеани кўрган ва билган шахсларни сўроқ қилиш, уйнинг лойиҳа ҳужжатларини олиш, ҳодиса содир бўлган ҳудудга “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиалидан бириктирилган масъуллар бўйича ҳамда Фавқулотда вазиятлар бўлимидан бирктирилган масъуллар бўйича хизмат текшируви тайинлашини топширдим. Хизмат текшируви тайинлашдан мақсад, нима сабабдан шу кунга қадар иситиш қозони уйнинг шамоллатиш каналларига уланган ҳолатда туради-ю, масъуллар бунга эътибор беришмайди, шуни аниқлаш бўларди.
Навруз Саъдуллаев ишни юритувга олар экан, терговни жабрланувчиларни сўроқ қилишдан бошлади.
Абдуллаев Арслон доимий равишда Қозоғистон ёки Россия Федерациясига бориб, ёлланиб ишлаб келган. 3 нафар фарзанди бор эди. Уларнинг бири яъни, 6 ёшли Анорахон 12 декабрь кундаги фожиада ис газидан заҳарланиб, вафот этганди.
- Урганч тумани, Мустақиллик кўчаси 8-уй, 10-хонадонни бир неча йил олдин сотиб олган эдик. Лекин у ерда доимий яшаган эмасмиз. Хотиним Маржона ушбу уйимизни вақти-вақти билан келиб тозалаб турарди. Яқинда кредит асосида “Cobalt” олгандик. Шу машинани нотариуслик ишлари бор эди. 12 декабрь куни Урганчга шу сабаб келгандик.
Онам сал бетоблиги сабаб, 3 нафар фарзандимни ҳам ўзимиз билан олиб чиқдик. Хотиним менга машина олганимиз шарофати билан тушликда байрам қилармиз, деб айтганди. Соат 11ларда хотиним ва болаларимни уйга ташладим. Уйга кирганимизда уйда менга бошқача бир ҳидлар сезилди. Мен буни жуда кўп вақт бу ерга келинмаганлигидан бўлса керак, деб ўйлабман, деразаларни очиб, ўзим ишларим билан уйдан чиқиб кетдим. Тахминан 11 яримлар атрофида уйга келдим. Оиламга, деб кўчадан сомса олгандим, эшикни тақиллатсам, ҳеч ким очмади. Ҳайрон бўлдим. Ичкарида жимлик, чақирсам ҳам ҳеч ким жавоб бермади.
Оғайним Мардон ҳам мен билан эди. Кейин кўнглим уйдагилар билан боғлиқ қандайдир кўнгилсизлик бўлганлигини сезди. Пастга тушиб, уйимизнинг деразасига ташқаридан қарадим. Деразанинг ойнаси намланиб кетган экан. Уйда агар ҳеч ким бўлмаса ойна намланмаган бўларди. Аниқ бир гап бўлган, деб ўйладим уйдагиларга. Улар менинг ёрдамимга шу маҳалда жуда муҳтожлигини сезиб тутардим. Бир сония бўлсин кута олмасдим. Ҳеч бир хизматга қўнғироқ қилиш хаёлимга келмади. Дарҳол нарвон топдим. У орқали кўтарилиб, олдин подъездга кириш эшиги устидаги бостирмага, ундан деразага етиб олиб, ичкарига кирдим.
Қарасам болаларим ҳаммаси беҳуш ётибди, хотиним эса ошхонада ҳушсиз. Қайси бирига биринчи қарашни билмасдим. Нима қилишни тушунмай қолдим. Бор овозим билан бақираман, уларнинг юзларига сув сепаман, уйғон дейман, ҳеч бири уйғонмайди. Эшиқ тақиллаб турган экан, бориб эшикни очдим. Уйга кирганлар ҳам нималардир қилишди. Тез ёрдам дейишди. Фақат хотиним сал гапиргандек бўлди, лекин нима деганини ҳеч ким тушунмади. Шифокорлар келганида ҳам улар беҳуш эдилар. Икки учта машинада келиб болаларимни олиб кетишди. Шифохонага бордик. Қизим Анора... шу ерга келганида Арслон Абдуллаев ҳўнграб йиғлаб юборди. Индамасдан уни эшитиб ўтирдик. Унга далда бермоқчи бўламиз-у, лекин ҳеч нарса деёлмадик.
- Ўзингизга қўлга олинг, дея олди холос Навруз зўрға унга.
Бироз жим ўтириб, Арслон ака давом этди.
- ... қизим Анора шифохонадан тирик чиқмади... Каримбой ва Дилафруз ҳам чалажон бўлиб қолган. Улар ҳозир ўйнаб юриб, ўзидан-ўзи йиқилиб қолишади. Ўғлимнинг хотираси ҳам пасайган. Ўзидан-ўзи йиғлаб юборади. Йиқилиб қолади. Хотинимда ҳам деярли шу аҳвол...
Битта оиланинг деярли барча аъзолари “кўринмас заҳар”дан вафот этишига бир бахя қолган экан. Арслон Абдуллаев бу ҳолатда мен кеч қолиб келдим, деб, ўзини айбларди. Кейин у ис гази қаердан келганини аниқладингизларми, деб сўради биздан.
- Ҳа, тахминимиз бўйича биринчи қаватдаги офисда ўрнатилган “катёл”дан чиққан. Улар “катёл” мўрисини уйнинг шамоллатиш каналига улашган экан.
Шундан кейин мен Арслон Абдуллаевдан сиздан шу офисдагилардан битта яримтаси хабар олиб боришдими, деб сўрадим.
- Йўқ, ҳеч ким келмади, деди у. - Нима?
- Ҳа, ҳеч ким келгани йўқ. Ҳеч ким узр ҳам сўрамади. Ҳеч ким.
Секин Наврузга қарадим. У ҳам менга қараб, ҳеч ким бормаган экан, нима қилай, асосий гумондорни чақирайми, деб сўради. Зудлик билан, деб жавоб бердим унга.
Терговчи Саъдуллаев ушбу ишда асосий гумондор сифатида “F I M” МЧЖ раҳбари Матяқубов Фазлиддинни кўраётганди. Сабабини сўраганимда, у менга, Ф.Матяқубов ушбу офисда 2016 йилдан бери ижарада ўтиради, истиш қозонини шу кундан 3 кун олдин унинг ишчилари ёқиб бошлашган, “F G G” МЧЖдагилар иситиш қозони уларнинг ҳудудида бўлса-да, ундан умуман фойдаланишмаган, офисни улар кондиционер билан қиздириб келишган экан, деб жавоб берганди. Шу билан Матяқубов Фазлиддинни чақирдик.
Ф.Матяқубов адвокатсиз битта ўзи келди. Озғиндан келган, доим кўзойнак таққан ҳолда юрадиган бу йигит, анча ўзига бино қўйган тадбиркорлардан экан.
Уни кабинетимда қабул қилиб, гаплашдим. Унга бечора бир оиланинг шунча аъзоси жабр кўрганлигини, ҳатто, биттаси ўлиб кетганлигини, майли, жиноят иши бир чеккада турсин, лекин одамгарчилик юзасидан ҳам бориб уларнинг ҳолидан хабар олиш кераклигини тушунтирдим.
Шунда биласизми у нима деди.
- Сиз нимага асосан айнан мен улардан хабар олишим кераклигини уқтирмоқдасиз, деб савол берди.
Жим бўлиб қолдим. Афтидан Ф.Матяқубовнинг бу ишларга умуман алоқаси йўқдек эди.
Унга қараб туриб, аҳир ис гази сизнинг офисингиздан чиққан-ку, десам, у менга қани исботингиз, дея масалани кўндаланг қўйди.
- Қани исботим?
- Ҳа, ҳали бу ишга бизни алоқамизни исбот қилмасдан кечирим сўраб боришимизни талаб қиляпсизми? Бу анча катта даъво. Ҳали терговингиз энди бошланди, шекилли?
Гап йўқ, навбатдаги “димоғдор” гумонланувчи. Биздан исбот талаб қиляпти. Ўйлаяптики, ҳеч нарса қилолмаймиз уни.
Рақиб қанчалик кучли бўлса, шунчалик пуҳта тайёргарлик кўриш керак. Бу ҳикматни ўқиганимдан бери унга риоя қилиб келганман.
Кабинетимда Ф.Матяқубов мендан исбот талаб қилиб ўтирар ва гўёки мени боплаганлигини иддао қиларди ичидан.
- Исбот денг... майли, таклифимизни қабул қилмадингиз, биз, ис газининг қаердан кирганлигини исбот қиламиз, лекин кейин кечирим сўрашга кеч қоласиз. Ҳозир бўлса бўшсиз, кейинги гал чақирганимизда адвокатингиз билан келасиз.
А.Абдуллаевни ишда жабрланувчиларнинг вакили деб топгандик. Ф.Матяқубов бўлса уларга жуда бўлмаганда ҳамдардлик билдириб қўйишни ҳам ўз айбини тан олиш билан баробар деб ҳисобламоқда. Балки унга шундай “ақл” беришгандир. Нима бўлганда ҳам, биз бу ишда айбдор бўлган шахсни албатта топишимиз ва қонуний жавобгарлик масаласини ҳал этишимиз керак.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.
Ф.Матяқубов идорани тарк этгач, ишни олиб бораётган терговчи Н.Саъдуллаев ва суриштирувчи О.Отабоевлар билан ушбу ишни консилиум тарзида муҳокама қилдик. О.Отабоев ҳодиса содир бўлган куни айнан ҳодиса жойига биздан олдин бориб иштирок этганлиги сабабли, ундан ҳам иш учун аҳамиятли маълумот чиқиб қолиши мумкин, деб ўйлагандим.
Терговчи Навруз Саъдуллаев “Мустақиллик” кўчасида жойлашган
8-уйнинг лойиҳа ҳужжатларини кадастр ва туман архитектура ва қурилиш бўлимларидан сўраган. Бироқ, уй 1984 йилда қурилганлиги сабабли, лойиҳа ҳужжатлари сақланиб қолмаганлигини маълум қилишган. Лекин, мутахассислар уйнинг ҳар битта подъездида жами 5 тадан шамоллатиш каналлари мавжуд эканлигини, битта канал бошқасига умуман алоқаси йўқлигини айтишган.
- Биринчи қаватда жойлашган офиснинг шамоллатиш канали тўғри тепага чиқиб, уйнинг тепасига ўрнатилган мўриси орқали ташқарига чиқиб кетади.
3-қаватдаги уйнинг шамоллатиш канали бўлса ўзи шу тарзда алоҳида тепага чиқади. Менинг фикримча, бу ерда эксперимент тергов ҳаракатини ўтказиш йўли билан масалага ойдинлик киритиш мумкин, деди терговчи Н.Саъдуллаев.
Мен Отабойга савол билан юзландим.
- Отабой шу куни айнан нимага асосланиб ис гази биринчи қаватдан кирган бўлиши керак, деб тахмин қилгансизлар, шу ҳақида яна бир бор айтиб бер-чи?
Бу саволни бежизга бермаётандим. Балки, олдин шошилиб битта-яримта маълумот эсидан чиқиб қолган бўлиши мумкин.
- Бошлиқ, шу куни ҳодиса жойида 8-уйнинг бошқа квартираларида яшовчи фуқаролар ҳам А.Абдуллаевнинг оила аъзоларига ёрдам беришган. Улардан Самира ва Адолат исмли қўшни аёллар ўзларининг яшаш уйида ҳам бироз ис газини сезишган. Ўша куни бутун бир уйнинг шамолатиш каналига уланган фақат битта дудпуфлагич бўлган, у ҳам бўлса, биринчи қаватдаги офисда жойлашган.
Самира ва Адолат опалар деворларнинг қизиб кетиши изидан пастга тушишган. Шунда биринчи қаватдаги маиший савдо дўкони ва офисдаги “катёл” ёниб турган бўлган. Улар буни кўргач эса, офисдагилар “катёл”ни ўчириб қўйишган. Мен у ерни ўзим ҳам алоҳида кўздан кечирганман ва бу жараёнда “Урганч туман газ таъминоти” бўлими ходимлари ҳам иштирок этишган. Улар ҳам айнан ис гази биринчи қаватдаги офисдан чиққанлигини билдиришган эдилар.
- Демак, тушундим, Отабой сен тергов гуруҳига қўшиласан, қўшнилар ва газ таъминоти ходимларини батафсил сўроқ қиласан. Навруз сен экспериментнинг бир неча турларини ўтказгин, ис гази айнан шу офисдан кирганига шубҳа йўқ, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, буни лекин ҳужжат билан исбот қилишимиз керак.
Шу билан Навруз мазкур хонадоннинг томига чиқиб, томда шамоллатиш каналларидан занжир ташлаб кўриш йўли билан эксперимент тергов ҳаракатини ўтказишга қарор қилди. Томда жойлашган 5 та шамоллатиш каналларининг биринчиси айнан биринчи қаватда жойлашган офисники эди.
Буни ёнғинга қарши жамият аъзолари тасдиқлашди. Шу каналга занжир ташланди. Бу занжир тўғри биринчи қаватдаги офисда ўрнатилиб турган иссиқлик қозонининг дуд пуфлагичи устидан тушди, кейин бўлса, ҳодиса содир бўлган 8-уйнинг 10-хонадонига тегишли бўлган учинчи шамоллатиш каналига занжир ташлаб кўрилди. Терговнинг тусмоли бўйича ушбу занжир ҳам биринчи қватдаги офисга қадар тушиши ва занжир шу ерда кўриниш бериши керак эди. Бироқ, ундай бўлиб чиқмади. Занжир шамоллатиш каналига бориб, тиқилиб қолди.
Шундан кейин Фавқулотда вазиятлар бўлинмалари ходимлари, Ёнғинга қарши курашиш жамияти Хоразм вилоят бўлинмаси ходимлари, “Урганч тумани газ таъминоти” бўлими ходимлари билан маслаҳатлашувлардан кейин шамоллатиш каналларига эксперимент тариқасида 3 литр сувдан юбориб кўришга келишди. Сувни 8-уйнинг 10-хонадонида, яъни ис гази кириб, жабр кўрганлар яшаган уйнинг шамоллатиш каналидан юборишга келишилди.
Келишилган эксперимент тергов ҳаракатини ўтказиш учун Ф.Матяқубовга ҳабар бериб, экспериментда иштирок этишини сўрадик. У бўлса, жамият директори ўзи бўлгани билан, барча ишларни оғзаки равишда укаси Нодир Матяқубовга топшириб қўйганлигини билдириб, экспериментда иштирок этишдан бош тортади. Шундан кейин унинг укаси Н.Матяқубов бу жараёнга жалб этилади.
Экспериментда дастлаб терговчи биринчи қаватда жойлашган офисда икки нафар ҳолис билан истиш қозонининг ёнига келиб турди. 3-қаватда жойлашган 10-хонадонга сув юбориш учун кирган ҳодимларнинг ёнида ҳам ҳолислар бор эди. 3-қаватдагилар 3 литр сувни хонадоннинг ювиниш хонасида жойлашган шамоллатиш каналидан юборишганида, терговчи биринчи қаватда қўлига оқ қоғозни олган ҳолда уни иситиш қозонининг дуд пуфлагичи устида ушлаб турган эди.
Юқоридан юборилган 3 литр сувдан бир нечта томчи сув мазкур қоғоз устига тушди. Бу ҳолат тўлиқ видео тасвирга олинди ва Н.Матяқубов ҳамда экспериментда иштирок этаётган бошқалар ҳам бу ҳолатни кўриб туришганди. Қоғоз устига томган сув томчилари 1-қаватда жойлашган офис билан 3-қаватда жойлашган хонадонларнинг шамоллатиш каналлари алоҳида-алоҳида қурилган бўлсада, уларнинг орасида ёриқлар борлигидан, сув айнан шу ёриқлардан ўтиб, битта шамоллатиш каналидан бошқасига ўтганлигидан далолат эди.
Иккинчи қаватдаги уйнинг шамоллатиш каналидан юборилган сув ҳам офисдаги иситиш қозони устига тушганди, лекин, ҳодиса куни, бахтли тасодиф билан мазкур уйнинг иккинчи қаватида жойлашган 6-хонадонда одамларнинг йўқлиги, у ерда кўп вақтдан бери ҳеч ким яшамасдан келаётганлиги боис, ушбу хонадонда ҳеч ким ис газидан жабрланмаган.
Газ ҳаводан енгил. Бироқ, ис гази бўлса, ҳаводан оғир кимёвий элемент ҳисобланади. Шундай бўлса-да, иссиқлик қозонининг дудпуфлагичидан доимий чиқиб турган иссиқ ҳаво мажбур тепага ҳаракатланади. Шу жараёнда сув оқиб ўтган тирқишлардан газ ҳам бемалол ўта олиши мутахассислар томонидан тасдиқланди.
Шундан кейин терговчи Навруз Саъдуллаев ишга алоқадор мутахассислар билан гаплашиб кўриб, менга жумладан, шундай деган эди:
- Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Хоразм вилояти бошқармасида хонадонда ис гази бор ёки йўқлигини аниқлай оладиган аккредицияланган ускуна “УГ-2” ускунаси бор экан. Шу ускуна ёрдамида офисдаги исситиш қозонининг ис газлари 8-уйнинг 10-хонасига кирган-кирмаганлигини 100%лик аниқликда ойдинлаштириб олсак бўлади.
- 100 % деяпсанми, шунчалик ишончинг комилми, деб сўрадим ундан.
- Ҳа, деди Навруз, - Ишончим комил, сабаби, 12 декабрь кунги заҳарланиш ҳолатида ҳодиса жойида текшириш олиб борган “Урганч туман газтаъминоти” бўлими ходимлари 8-уйнинг ҳамма хонадонларини текширишган. Шу куни биринчи қаватдаги офида ишлаб турган истиш қозонидан ташқари биронта уйда бундай ускуна ишлатилмаган.
10-хонадоннинг ўзида бўлган газ плитадан ҳам ис гази чиқмаган. Бу факт. Агар биз яна шундай ҳолатни қайта тикласак, яъни 8-уйнинг барча иситиш ускуналарини, биринчи қаватда жойлашган офисникидан ташқари, ўчирсак, “УГ-2” ускунаси иш бериши аниқ. Фақат офисдаги иситиш қозонини 2 соат давомида ишлатиб қўямиз.
Фуқароларнинг барчасини огоҳлантирамиз. Ўзимиз доимий равишда хонадонларга кириб, аҳолини соғлигини назорат қилиб турамиз. Ис газидан заҳарланиш юқори хавфи фақат 10-хонадонда мавжуд. У ерга ҳеч кимни қўймаймиз. 2 соатдан кейин “УГ-2” ускунаси барча хонадонларни текшириб чиқади ва агар ис гази аниқланса, демак бу айнан шу офисдан чиққанлиги 100 % тасдиқланади.
Терговчининг режаси аниқ ҳисоб-китобларга асосланганлиги кўриниб турганди. Шу сабаб, уни қўллаб-қувватладим.
- Тўғри, қўшиламан. Тезда тайёргарлигингни бошла.
Бу галги эксперимент тергов ҳаракати бир нечта инсонларнинг турар жой дахлсизлигига тааллуқли бўлиб, бир қатор ташкилотлар жалб қилиниши лозим эди. Шу сабаб, бу галги эксперимент тергов ҳаракати прокурорнинг санкцияси билан амалга оширилди.
Терговчи экспериментни бошлашдан олдин барча ташкилотларга хат бериб чиқиб, улардан тегишли мутахассис ажратишини сўради.
Мутахассислар билан эксперимент ўтказиладиган вақтни келишиб олди. Бу жараён анча вақт ва куч талаб қиларди. Ташкилий масалалардаги қийинчиликларга қарамасдан, мутахассисларни айтилган вақтга йиға олдик.
Эксперимент бошланишидан олдин шифокорлар, газ таъминоти корхонаси ходимлари, ФВВ бўлинмалари ходимлари ва албатта процесс иштирокчилари ҳам жалб қилинди. ИИБнинг профилактика ва жиноят қидирув хизмати ходимлари бизга бу борада анча катта ёрдам беришди. Одамларнинг соғлигига шикаст етказилишини олдини олиш мақсадида 8-уйда яшовчи бир қатор хонадон эгалари огоҳлантирилиб, ташқарига чиқиб туришларини илтимос қилдик. Уларнинг барчаси нима бўлаётганидан хабарлари бор эди. Шу сабаб, бизни тўғри тушунишди.
Шундан кейин биринчи қаватда жойлашган офисдаги иситиш қозони СЭО ва ЖС мутахассисларининг тавсияга кўра, 2 соат давомида ёқиб қўйилди. Шу вақт оралиғида уй тўлиқ ходимлар томонидан назоратга олинди. Бу пайтда уйнинг биронта хонасида иситиш ускуналари ёки газ плиталар ишлатилишига йўл қўйилмади.
Орадан 2 соат ўтиб, мутахассис Джуманиязов Бахтияр Бобохонович ўзининг лабораторияси ва махсус “УГ-2” аппарати билан 8-уйнинг барча хонадонларини текшириб чиқди. Текширишдан кейинги лаборатория таҳлиллари натижасида айнан 8-уй иккинчи қаватининг 6-хонадонида ис гази миқдори 1.0 мг/м3 эканлиги, 10-хонадонида (Абдуллаева Анора вафот этган хонадон) 7.0 мг/м3 эканлиги аниқланди. Тўртинчи қаватдаги хонадонда ис гази аниқланмади.
Бу ҳолат шундан далолат берардики, биринчи қаватда жойлашган иситиш қозонининг иссиқлик чиқариш темиридан чиқаётган ис газлари нафақат учинчи қаватда жойлашган 10-хонадонга, балки, иккинчи қаватда жойлашган 6-хонадонга ҳам ўзига хос тарзда кирган. Биринчи қаватнинг шамоллатиш канали ўз навбатида ҳам иккинчи қаватнинг ҳам учинчи қаватнинг шамоллатиш каналлари билан туйнуклар ҳосил қилган ҳолда боғланган.
Ушбу хоналарга иссиқ ҳаво чиқиши ва унинг таркибида ис гази мавжудлиги миқдори белгиланган СанҚМ №0331-16 талабидан юқори эканлиги, бу инсон саломатлиги учун ўта хавфли даража эканлиги маълум бўлди.
Ана шу билан жараёнларда иштирок этган барча мутахассислар гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Уларнинг ҳаммаси ҳеч қандай шак-шубҳасиз ис гази 1-қаватдаги офиснинг иситиш қозонидан чиққанлигини таъқидлашган.
Иш жараёнида суриштирувчи Отабоев Отабой томонидан сўроқ қилинган Самира Юлдашева шундай деганди:
Мен Урганч тумани, Мустақиллик кўчаси 8-уй 7-хонадонда ўттиз йилдан буён яшаб келаман. 2020 йил 12 декабрь куни соат тахминан 11-30 лар атрофида биз яшайдиган йўлакда яъни 3-қаватда шовқин эшитилди. У ерга бошқа бир қўшнимиз Гулистон опа билан хавотир олиб чиқдик. Қарасак шу ер яъни 10-хонадоннинг эшиги очиқ ҳолатда турган экан. Кейин бизлар эшикнинг ичкарисига кирмасдан нима бўлиб турибди деб сўраганимизда, уйдан бир одам чиқиб, ёрдам беринглар деб айтди. Кейин бизлар уй ичкарисига кирганимизда шу хонада битта аёл ва унинг ёнида 3 нафар ёш болалар ерда ҳушсиз ётишган экан. Кейин мен шу одамдан тез ёрдамни чақирдингизми, деб сўраганимда, у менга чақирдим, келмай турибди, деб айтди.
Кейин биз ҳам такроран тез ёрдамга қўнғироқ қилдик. Бизлар шу одамга ёрдам бериб, ҳушсиз ётганларнинг юзларига сув сепиб, ўзига келтирмоқчи бўлдик. Шу вақтда хушсиз ётган аёл озгина нафас олиб, бир нималарнидир гапирди. Қолган болаларнинг эса умуман овози чиқмаганди. Кейин тез ёрдам машинаси келиб, битта болани олиб кетди, кейин унинг ортидан иккинчи тез ёрдам машинаси келиб, қолганларни ҳам олиб кетди.
Шу вақтда уйнинг ювиниш хонасидан ис гази келиб турган эди. Шу ювиниш хонаси хам қизиб кетган бўлиб, деворни ушлаб кўрганимда девор жуда ҳам иссиқ ҳолатда экан. Мен бу ерда болаларнинг ҳушсиз ётганини кўриб, жуда ёмон бўлиб кетганман. Уларнинг отаси болаларини ўзига келтиролмасдан фарёд чекарди. Норасидалар чурқ этишмади. Улар чунки заҳарланган эдилар. Мен шу ҳолатга айбдор бўлган шахсларга қонуний жазо беришларингизни сўраман...
Иш жараёнида Абдуллаев Арслоннинг турмуш ўртоғи Мадримова Маржона ҳам бироз ўзига келганлиги сабабли, сўроқ қилганмиз. Бечора аёл қаттиқ изтироб чеккан. Ўйнаб кулиб юрган фарзандларининг биттаси йўқ, қолгани ярим жон бўлиб қолган. У бизга тирик қолган фарзандлари олдингидай эмаслигини, қачон уларнинг йиқилиб қолишини билмасликларини, уларнинг дорилари қиммат эканлиги сабабли, турмуш ўртоғи Абдуллаев Арслон ишлаб пул топиш ва дори олиб бериш мақсадида Қозоғистонга кетганлигини айтганди.
Бу оила ўз бошига тушганини фақат Худодан, деб билишди. Биронта ташкилотга дорига пулим йўқ, айбдордан ундириб беринг, деб айтиб, шикоят қилиб боришмади. Шу воқеани шоҳиди бўлганларнинг барчаси айтганларимни тасдиқлашади. Мен тергов раҳбари эдим. Шу инсонлар моддий қимматлик ундириб бериш илинжида бирон маротаба менинг олдимга келмаган.
Фазлиддин Матяқубов тергов жараёнларига бефарқлик билан қаради. Лекин шунинг билан бирга жамиятда ёнғин хавфсизлигига жавобгар шахс сифатида бу вазифани бошқа ҳеч кимга юкламаган эди.
Ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар бузилган эди. Энг асосий талаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябраги “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 649-сонли Қарорининг иловасига мувофиқ тасдиқланган “Ёнғин хавфсизлиги Қоидалари”нинг 11-боби,
122-бандида белгиланган эди. Ушбу банднинг “п” кичик бандида қозонхона ва бошқа иссиқлик чиқарувчи қурилмалардан фойдаланишда шамоллатиш каналлари ва бошқа каналлардан дудбурон сифатида фойдаланиш тақиқланади, дейиларди.
Тергов жараёнларида “F I M” МЧЖ раҳбари Ф.Матяқубов ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этмасдан, иситиш қозонининг дуд пуфлагичини уйнинг шамоллатиш каналига жойлаштириб, ундан дудбўрон сифатида фойдаланиши оқибатида ундан чиққан ис гази сабаб Абдуллаева Аноранинг ўлимига сабабчи бўлганлиги, Абдуллаева Дилафруз ва Абдуллаев Каримбойларнинг ҳамда Мадримова Маржонанинг ис газидан заҳарланиб, оғир тан жароҳати сабабчи бўлганлиги тўла-тўкис тасдиқланганди. Шу сабаб, эндиги навбат унга эди.
Мен прокурорга иш бўйича ахборот бердим. Кейин айбланувчига нисбатан ўзига “яраша” эҳтиёт чорасини қўллашни сўрадим. Улар иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслигини айтишганди.
Ф.Матяқубовга бўлса, бир қатор танишлари бу ишда тергов органи сени айблай олмайди деб ўргатган бўлса керак, бирон маротаба жабрланувчилардан ҳабар олмади.
Барчаси ойдинлашгач, уни терговга чақирдик.
Бу гал Ф.Матяқубов расман айбланувчи сифатида терговчи Н.Саъдуллаевга кўрсатма берарди.
- Мен идоранинг ишларига аралашмасдан қўйганман, бу ишларни укам Нодирга топширганман, дер эди у.
- Бўлмаса, айтинг-чи, сиз ўзингизга қарашли жамиятда идора бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавобгар қилиб, кимнидир бириктирганмисиз?
- Йўқ, ундай ҳужжат йўқ, ҳаммаси оғзаки бўлган. Лекин “катёл” мен ушбу ерда фаолиятимни бошлаганимдан бери шу ерда жойидан ўзгармасдан турган, мен уни ўрнатганим йўқ-ку, шу сабаб, мени айбим йўқ.
- Бунга аниқлик киритиб бўлдик, ҳақиқатан ҳам иситиш қозони олдиндан шундай ҳолда турган, бироқ, шу кунга қадар бунинг оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган, айнан сизнинг нотўғри фойдаланишингиз одам ўлимига сабаб бўлди, сиз шартномага кўра ёнғин хавфсизлиги учун жавобгарсиз, бунинг устига “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунинг 12-моддаси 2-қисмида “Ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, агар тегишли шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари ва улар ваколат берган шахслар зиммасига юклатилади. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир вазифаларнинг ваколатли шахслар зиммасига юклатилиши раҳбарларнинг зиммасидан масъулиятни соқит қилмайди” дейилади. Бунга нима дейсиз?
Ф.Матяқубов қонуннинг бу нормасини эшитгач, бироз жим қолди. Терговчи Н.Саъдуллаев унга қоғозга ўраб нима бўлганда ҳам айбинг бўйнингда, демоқда эди.
- Мен бу қонунни умуман ўқимаганман.
Бўлди, унинг жавоби шу эди. Бошқа гап айта олмади.
Қонунда бу жиноят учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган. Шуларни инобатга олиб, Ф.Матяқубов шу куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. У энди кечирим сўрашга кеч қолганди.
Ф.Матяқубов бундай бўлишини мутлақо кутмаган. Ишнинг охирида Ф.Матяқубовнинг адвокати томонидан терговда Ф.Матяқубовнинг айби исбот қилинмаганлиги ҳақида илтимоснома киритилди. Бу ишда адвокат сифатида қатнашган инсон (исмини ошкор қилолмайман) жуда катта ҳаётий тажриба ва билимга эга инсон бўлиб, унинг фикрича, Ф.Матяқубовнинг ҳаракатларида мутлақо жиноят аломатлари мавжуд эмас экан. Бироқ, илтимосномани ўрганиб чиқиб, уни рад этганмиз. Рад этиш қарорида унинг важлари фактларга асосланган ҳолда инкор этилганди.
Суд жараёнларида бўлса, Ф.Матяқубов ҳаммадан яланиб кечирим сўраган. Жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб беришини маълум қилган. Унинг қариндошлари “тўдалашиб” жабрланувчи А.Абдуллаевнинг уйига кечирим сўраб боришган. Суд жараёнларида бечора А.Абдуллаев бўлса, буларнинг бари Яратганнинг бир синови экан, деб, Ф.Матяқубовни кечирган.
Ф.Матяқубовнинг айбдорлиги, ис гази айнан унинг офисидан чиқиб, бечора норасидалар хонасига кирганлигини ана шу тарзда исбот қилиб берган эдик. Бунда терговчи Н.Саъдуллаев билан бир қаторда Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг деярли барча ходимлари сидқидилдан хизмат қилишди.
Мазкур жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун жуда кўплаб ташкилотларнинг ёрдамига, мутахассисларнинг маслаҳатларига қулоқ тутдик. Жуда кўпчилик Ф.Матяқубовга қамалмасидан олдин кечирим сўраб боришини тушунтирган. Лекин у оқибати бу тарзда ўзига ёмон бўлиб кетишини билмаган. Суд унга қандай жазо берганини тўғриси билмайман.
Амалиётда ис газидан ўлим ҳоллари жуда кўплаб кузатилади. Бу “кўринмас ажал” жуда кўп одамларнинг ёстиғини қуритган. Шунинг учун ҳам ундан жуда эҳтиёт бўлишни сўраб қолган бўлардим.
Аллоҳ ис газидан заҳарланиб вафот этганларни ўз раҳматига олган бўлсин!
Жамоатчилик фаоли Қадам ўғли Сарвар