Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Конституция ғамими ёки популизм авжими?
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда давлат органларининг у ёки бу қарори ёхуд ҳаракатига нисбатан Конституцияни рўкач қилиб, ўз фикрини асосли ёки асоссиз эканлигини ўйламасдан бонг уриш, тушуниб-тушунмай популистик чиқишлар, афсуски, одат тарзига айланиб бормоқда.
(Мақоладаги фикрлар таҳририят позицияси билан тўғри келмаслиги мумкин)
Бир қарашда Конституциявий суд тугатилиб, унинг ваколати шуларга улашиб берилдимикин, деб ўйлаб қоласан, беихтиёр. Ижтимоий тармоқлардаги учраётган, гўёки Конституция бузилаётганлиги ҳақидаги айрим иддаоларни ўқир эканман Конституциявий ҳуқуқ соҳаси бўйича кўп йиллик ўқитувчи, шу соҳа бўйича олим сифатида жим қараб ўтира олмадим. Ушбу масала юзасидан ҳуқуқшунос профессор-ўқитувчилар жамоаси вакили сифатида муносабат билдиришга қарор қилдим.
Мазкур мақоламда Адвокатлар палатаси ва унинг раиси бўйича Адлия вазирлиги томонидан тақдимнома киритилишини Конституцияга зид эканлиги ҳақидаги ҳеч бир жиддий асоси йўқ фикрлар ҳақида сўз боради.
Мақола аввалида, Адвокатлар палатаси раиси Адлия вазирлиги тақдимномасига биноан сайланиши тартиби шахсан менга ҳам ёқмаслигини, кўпгина ривожланган давлатларда бошқа муқобил механизмлар жорий этилганлигини, шулардан келиб чиқиб, ушбу тартибни бекор қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашимни айтмоқчиман.
Лекин қонуности ҳужжати ёки қандайдир низомда эмас, балки Ўзбекистон Республикаси қонунида тўғридан-тўғри белгиланган ушбу тартибни Конституцияга зид деб қатъий фикр билдиришга қаршиман. Фикримни қуйидаги далиллар билан асослаб беришга ҳаракат қиламан:
Биринчидан, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги конституциявий норма давлат ушбу ташкилотлар фаолиятини тартибга солмайди ёки бу борада умуман аралашмайди, дегани эмас.
Ҳар қандай жамиятда барча, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар учун ҳам “ўйин қоидалари”ни айнан давлат ўз қонунларида белгилаб беради, буни аралашув деб баҳолаш жуда баҳсли масала.
Давлатнинг тартибга солиш функцияси барча нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) учун қўлланилади. Масалан, ННТ ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида адлия органларини хабардор қилади ёки хорижий давлатлардан, халқаро ташкилотлардан, чет эл фуқароларидан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишади. Ёки бўлмаса, хорижий ходимларни аккредитациядан ўтказиш мажбурияти амал қилади.
Давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларидаги таъсир кўрсатувчи бундай институтлар ҳақида мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу сингари институтлар аксарият хорижий, шу жумладан, ривожланган мамлакатларда ҳам кенг қўлланилади.
Ушбу чоралардан қайси бири давлатнинг ННТ фаолиятига аралашуви саналади? Масалан, лицензия бермаслик, аккредитациядан ўтказишни рад қилиш, мол-мулк олишга рухсат бермаслик ёки ҳаттоки у ёки бу шахсни ННТ ишлашига рухсат бермаслик ҳам ННТ фаолиятига бевосита таъсир қилади.
Адлия вазирлигининг Адвокатлар палатаси раислигига номзод кўрсатишида эса, вазирлик ўзи хоҳлаган шахсни эмас, балки палата Бошқаруви аъзолари орасидан номзод кўрсатади, аъзолар эса бевосита адвокатлар томонидан сайланади. Қолаверса, якуний қарор, адвокатлар (Адвокатлар палатаси Конференцияси тимсолида) томонидан қабул қилинади (номзод етарли овоз олмаслиги мумкин). Гувоҳи бўляпмизки, ННТ фаолиятини тартибга солиш ва унинг фаолиятига аралашиш ўртасидаги нозик чегара мавжуд.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керакки, Адвокатлар палатаси оддий ННТ эмас, унинг фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинган, давлат томонидан бир қатор функцияларни бажариш ваколати берилган, мажбурий аъзолик тартиби жорий қилинган, лицензия бериш масаласини, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш жараёнида, адвокатларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бевосита иштирок этиш каби оммавий-ҳуқуқий ваколатлар берилган.
Бу ҳам бежиз эмас, чунки ушбу институт фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган одил судловга, малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу борада адвокатура зиммасида алоҳида масъулият бор
ва бу функцияларни жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмай бажарилишини тартибга солишда давлатнинг ҳамкорлигига зарурат туғилади.
Конституциявий ҳуқуқдан “аълочи” эканлигига даъво қилаётган айрим шахслар балким ушбу масалаларни ҳам Конституцияга зид, давлат томонидан ННТ фаолиятига аралашув сифатида баҳолашлари мумкиндир, лекин давлат ННТ билан ўзаро муносабатларида тартибга солувчи, регулятор вазифасини бажариши ижтимоий зарурат эканлигини инкор этиб бўлмайди ва бу умумқабул қилинган ҳуқуқий стандартлардир.
Шундай экан, алоҳида инсонларнинг, айниқса, ҳуқуқшунос дипломига ва адвокат лицензиясига эга айрим шахсларнинг амалдаги қонунни Конституцияга зид, деб ўз билимлари, савияларидан келиб чиқиб, шарҳ беришлари, қатъий тўхтамга келишлари ва уни баралла айтиб, популизмга берилишлари нотўғри, деб ҳисоблайман. Бу – ушбу шахсларнинг ҳуқуқшунослик масъулиятини унутиб қўйганликларидан далолат.
Иккинчидан, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги янги таҳрирдаги Конституциянинг 72-моддаси иккинчи қисми янги норма эмас.
Ушбу норма Конституциянинг референдумдан олдинги 1992 йилги таҳрирининг 58-моддаси иккинчи қисмида ҳам белгиланган эди. Иккала норма мазмунан бир хил, фақатгина “жамоат бирлашмалари” тушунчаси “нодавлат нотижорат ташкилотлари” деб ўзгартирилган. 1991 йилги “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ҳамда 1999 йилги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар бўйича Адвокатлар палатасини жамоат бирлашмаси деб ҳисобланади (2008 йилга қадар “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунда республика адвокатлар жамоат бирлашмаси деб юритилган).
Таъкидлаш лозимки, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга Адвокатлар палатасига оид қўшимчалар 2008 йил 31 декабрда киритилган ҳамда шу кунга қадар палата раиси Адлия вазирлиги тақдимномаси асосида сайланиб келинган. Ваҳоланки, 2008 йилдан кейинги даврда ҳам Конституция, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ давлатнинг ННТлар (жамоат бирлашмалари) фаолиятига аралашмаслиги тўғрисидаги қоидалар амалда бўлган.
Демак, бошқача айтганда, Адвокатлар палатаси раиси лавозимига номзод кўрсатиш тартиби бўйича масала янгиланган Конституция билан боғлиқ ҳолда вужудга келмаган. Олдин ҳам Конституцияда ва амалдаги қонунларда худди шу тарздаги нормалар мавжуд бўлган. Энди, ушбу масалани янги таҳрирдаги Конституцияга боғлаб жар солишни шахсан мен Асосий қонунни обрўсизлантириш, популизм, сохта обрў орттиришга уриниш воситаси деб ҳисоблайман.
Адвокатлар мустақиллиги учун “жон куйдириб” жар солаётган айрим собиқ депутатларимизга эса, эски таҳрирдаги Конституция амалда бўлган даврда, халқ вакили мақомида бўлганлигини инобатга олиб, ўша пайтда ушбу муаммони кўтариб, ўз ваколатидан фойдаланиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи орқали ҳал қилишга қадамлар босилса бўлмасмиди, деган ҳақли савол ҳам туғилади.
Учинчидан, ҳуқуқий давлатда у ёки бу қонун, қонуности ҳужжати ёки унинг алоҳида нормасини Конституцияга мувофиқлигини баҳолаш Конституциявий суднинг мутлақ ваколати ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳали Конституциявий суд тарқатилиб, унинг ваколати бир гуруҳ “популизм” усталарига бўлиб берилгани йўқ. Шундай экан, халқимизда “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деган мақол бор. Бир инсон ҳамма соҳа бўйича универсал мутахассис бўлолмайди. Бир куни ҳуқуқдан, бошқа куни экологиядан, яна бошқа куни сиёсат ёки иқтисодиётдан масала кўтариб, улар бўйича, қатъий, профессионал хулоса бериш имкони йўқ нарса. Бу масалада бироз камтарроқ бўлиш зарар қилмайди, деб ҳисоблайман.
Умуман олганда, юқорида таъкидлаганимдек, мени бу масала бўйича ёзишга ундаган ҳолат – ижтимоий тармоқларда турли-туман мавзуларни Конституцияга зид эканлиги ҳақида тушуниб-тушунмай постлар қўйиш ҳолатлари урчиётганлиги бўлди. Масалан, шу ойнинг бошида яна бир электрон ОАВда Жиноят кодексидаги жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳақидаги норма жабрланувчинг ҳуқуқларига оид конституциявий нормага зид эканлиги ҳақида ёзиб чиқди. Муаммо йўқ эмас, бор, шубҳасиз, одамларнинг эътирозлари ҳам ўринли. Лекин, ушбу масалани Конституцияга умуман алоқаси йўқ. Уни Конституция билан боғлаб сиёсийлаштиришга қаршиман.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу мақоланинг бош ғояси бу – қонундаги у ёки бу нормани Конституцияга зид, деб ўзбошимчалик билан баҳо бермаслик керак. Масалага моҳиятан, профессионал ёндашиш зарур. Албатта, муаммони айтиш, кенг муҳокама қилиш, унга ечим таклиф этиш жуда муҳим ва зарур. Лекин ҳар қандай муаммога сиёсий тус бериб, популизмга айлантириш нотўғри. Буни саводсизлик деб бўлмайди, балки ўзига обрў орттиришга, аудиторияни кенгайтириб, эътиборга тушишга уриниш, десак тўғри бўлса керак.
Эшмуҳаммад Қодиров, юридик фанлар доктори, Тошкент давлат юридик университети, Конституциявий ҳуқуқ кафедраси профессори