Qidirish

22:52 / 2023-11-18 447 0 Ҳодисалар

Сангардак маҳалласига янги – «Туризм маҳалласи» мақоми берилди

Сариосиёдаги Сангардак маҳалласи эндиликда туризм маҳалласи дея юритиладиган бўлди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

world-news

Шу жумладан жорий йилнинг 14 ноябрь куни «Сангардак» маҳалласга «Туризм маҳалласи» мақоми берилиши муносабати билан байрам тадбири ўтказилган.

Тадбирда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ж.Тўраев, Термиз шаҳри ва Сариосиё тумани ҳокимлари ҳамда кенг жамогатчилик вакиллари иштирок этган.

«Президент томонидан олиб борилаётган очиқлик ва яқин қўшничилик сиёсати, қолаверса, мамлакатда туристлар учун инфратузилма яратилиши, туризм ташриф объектлари ободонлаштирилиши, транспорт-логистика тизимини яхшиланиши, виза режимини либераллашуви туризм соҳасини ривожига асос бўлди. Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди.

Мисол учун, жорий йилнинг 10 ойи давомида 5,5 млн нафар хориж фуқаролари Ўзбекистонни саёҳат қилиш учун танлади ва 1,8 млрд. долларлик туризм хизматлари экспорт қилинди. Сайёҳлар сонини ошириш ҳамда уларга қулайлик яратиш мақсадида, «Сангардак» маҳалласи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича маҳаллага олиб борувчи 15 км ички йўл таъмирланди, 30 та тунги ёритиш чироқлари, 2 та пиёдалар кўприги, 5 та селфи ҳудуд, 2 та санитария-гигиэна шохобчаси, 4 та атракционлар ва кўнгил очар масканлар, «Сангардак» маҳалласининг рамзий кириш стеллоси, 1 та туристик ахборот маркази қуриб битказилиб фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.

«Сангардак» маҳалласининг гастрономик ва экотуризм имкониятлари аниқланиб мазкур йўналишда туризм хизматларини ташкил этиш бўйича аҳоли орасида 18 маротаба тарғибот ишлари амалга оширилди ҳамда миллий таомлар тайёрловчи гастрохонадонлар рўйхати шакллантирилди», деган Қўмита раиси У.Шодиев тадбирдаги нутқида.

«Сангардак» маҳалласининг «Туризм маҳалласи» мақомига эга бўлиши йўлида 23 та оилавий меҳмон уйи, ҳамда 2 та санаторийлар (соғломлаштириш) ва 17 турдаги туризм хизматлари ташкил этилиб, 250 га яқин аҳоли, хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлган.

Бугунги кунда қишлоқда 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд. «Сангардак» маҳалласига Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Беларуссия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими мунтазам равишда кузатилган бўлса қўшни Тожикистон Республикасидан сайёҳлар сони икки каррага ошган.

Жумладан, 2023 йил давомида 360 минг нафар маҳаллий, 87,5 минг нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. «Сангардак» маҳалласида мавжуд 6 та маданий мерос объектлари ва диққатга сазовор жойлар, 2 та зиёратгоҳлар, 20 та табиат манзаралари (тоғ, сув, булоқ) ҳудудларларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 18 та туризмга ихтисослашган объектлар туризм маршрутига киритилган.

Маълумот учун, ушбу маҳалла Сариосиё тумани марказидан қарийб 52 км узоқликдаги сўлим гўша денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда тоғлар орасида жойлашган. Аҳолиси 3666 минг бўлиб ўзбек ва тожик миллатидан ташкил топган. Сангардак маҳалласида 4 та қишлоқ мавжуд бўлиб, асосий даромади боғдорчилиқ, чорвачиликдан, ёз ва куз ойларида дам олувчиларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишдан иборат.

Хонадонларда мавжуд салоҳиятлардан фойдаланган ҳолда 15 турдаги туризм хизматлари ташкил этилган. Жумладан, 2 та қуроқчилик, 2 та гилам тўқиш, 3 та эчки сутидан тайёрланган қурт ва сут маҳсулотлари савдоси ва уларнинг тайёрланиш жараёни, 2 та ҳўл мева ва балиқ (форель) савдоси ва балиқ маҳсулотлари тайёрлаш бўйича мастер класс, миллий таомлар тайёрловчи 23 та гастрохонадонлар, 1 та музей, 20 та экскурсия хизмати, 10 та отда сайр, 10 та бассейн хизмати, 3 та миллий куй қўшиқлар куйлаш, 1 та каштачилик, агротуризм хизматлари (сигир ва эчки соғиш), нон ёпиш бўйича мастер класс, туризм ахборот маркази, сувенир маҳсулотлари савдоси хизматлари йўлга қўйилган.

Келгусида «Сангардак» туризм маҳалласида жой сонини ошириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ва экстремал туризмни ривожлантириш (тоғларда дор йўллари) ва бу орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонини янада кўпайтириш мақсад қилинган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш