Сўнгги янгиликлар
Туркиядаги Халқ кутубхонаси жаҳон кутубхоналари учун андаза бўлмоқда
Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда меҳнат таътили кунлари 24 кундан 21 кунга камайтирилди деб ёзди, аслида эса 15 кундан 21 кунга оширилган ва тўланадиган маблағ ҳам кўпайтирилган бўлиб чиқди
Ҳайвон ҳам бунчалик хўрланмайди – Оққўрғондаги зўравонлик ҳақида очиқланмаган фактлар…
Шавкат Мирзиёев Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюрди
Ҳар қандай масалага қулай позицияда эмас, ҳар томонлама ва холисона ёндошиш керак – Насимбек Азизов
Қурилиш майдонида одам ҳалок бўлган «Аския Cитй»да 5 йилдан буён ноқонуний қурилиш давом этаётгани маълум бўлди
Россияда самолёт қаттиқ қўниши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Нурота тумани «Мурувват» уйида ёш шоир Шоди Ражабовнинг «Ҳаётни севинг» номли шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди
“Турмуш ўртоғимни ноҳақ айблашмоқда”
Effect.uz таҳририятига Бухоро вилояти Когон туманидан мурожаат келиб тушди. Жамоамиз мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ишларини бошлагани ҳақида маълум қиламиз.

Бухоро вилояти инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси Когон шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Ихтиёр Ҳафизов 22 майдан буён тергов ҳисбхонасида сақланмоқда. Когон шаҳар прокуратураси уни Жиноят Кодексининг бир неча моддалари билан бўйича содир этилган жиноятлар иштирокчиси сифатида кўряпти.
“Effect.uz” таҳририятига келиб тушган ҳужжатлар эса Когон шаҳар прокурори ёрдамчиси, 1-даражали юрист Ш. Раҳимов томонидан имзоланган бу қарор юзасидан бир қатор саволлар туғдирмоқда. Бугун ана шу масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
9 март 2023 йили Когон шаҳар прокурори Содиқжон Жўраев “1-сон бош тиклаш поезди” давлат унитар корхонаси, “TEMUR–IKROM – QAHRAMON QURULISH TA’MIRLASH” ҳамда “FUTURE DEVELOPMENT” масъулият чекланган жамиятлари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Прокурор Когон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “1-сон бош тиклаш поезди” ДУК раҳбарларини мол-мулкни жуда катта миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (167-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда), хўжалик юритувчи субъектни қасддан сохта банкротликка олиб келишда (180-модда) айблаган. Қолган икки МЧЖ мансабдорлари эса, 167-моддадан ташқари, 228-модда, яъни ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланишга доир жиноят содир этганликда гумон қилинган.
22 май 2023 йили дастлабки тергов ишларини олиб бораётган прокурор ёрдамчиси Ш. Раҳимов Бухоро вилояти инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси Когон шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Ихтиёр Ҳафизовни ҳам гумондор сифатида жалб қилиш ва ушлаб туриш тўғрисида қарор қабул қилган.
Эртасига, яъни 23 май куни Ихтиёр Ҳафизовга гумондор эмас, айбланувчи мақоми берилган ва шу хусусда тегишли қарор имзоланган.
Энди воқеалар тафсилотига бироз тўхталсак. Когон шаҳар прокуратураси қарорида айтилишича, Ихтиёр Ҳафизов бир гуруҳ шериклари, хусусан, шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Турсунов, “TEMUR–IKROM–QAHRAMON QURULISH TA’MIRLASH” МЧЖ раҳбари Пўлат Икромов билан тил бириктириб, “1-сон бош тиклаш поезди” ДУКга “ўз одамининг” раҳбар этиб тайинланишига эришишган ва корхонага норасмий тарзда етакчилик қилиб келишган. Кейинчалик “1-сон бош тиклаш поезди” ДУК ихтиёридаги тепловозни электрон савдо платформасига киритмасдан, сохта олди-сотди шартномаси билан сотишган. Сўнгра тепловоз “FUTURE DEVELOPMENT” масъулият чекланган жамияти орқали Қозоғистонга сотилган.
Шу орқали жиноий гуруҳ давлат унитар корхонаси манфаатларига жуда катта миқдорда зарар етказган. Воқеаларнинг Когон шаҳар прокуратураси талқинидаги қисқача тафсилоти шундай.
Прокуратуранинг март ойидаги ҳужжатларида бу жиноятлар “1-сон бош тиклаш поезди” ДУК мансабдор шахслари томонидан содир этилгани айтилганди. Орадан бир неча ой ўтар-ўтмас, корхонага бевосита ёки билвосита алоқаси бўлмаган Ихтиёр Ҳафизов ҳам жиноий гуруҳ аъзолари қаторига киритилган.
Когон шаҳар прокуратураси ҳужжатларида Ихтиёр Ҳафизов ўзига ишониб топширилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини растрата йўли билан талон-торож қилиш билан шуғуллангани айтилган.
Айбланувчининг таъкидлашича, “1-сон бош тиклаш поезди” ДУК Когон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тузилма, ўзи эса эса эгаллаб турган лавозимига кўра, ҳокимликка дахлдор шахс эмас. Унинг Когон шаҳар ҳокимлиги балансидаги мол-мулкка эгалик қилиш, уларни тасарруф этиш ёки бегоналаштириш, корхонанинг мол-мулкини ижарага бериш ёки ижарага беришни рад қилиш, корхонанинг мустақил ҳаракатларни олиб боришига тўсқинлик қилиш, корхона номидан судда даъвогар бўлиш каби ваколатлари бўлмаган. Ихтиёр Ҳафизовнинг эътироф қилишича, мутлақо бегона ташкилот вакилини бошқа корхонада содир этилган деб гумон қилинаётган жиноятларда айлаш мантиқсизликдир.
“Effect.uz” таҳририятининг норасмий эксперти эътирофига кўра, Туркиядаги зилзилада қуш ва ҳашаротларни, Африканинг айрим мамлакатларидаги очлик ва ночорликда Ой ҳамда юлдузларни ҳам худди шундай муваффақият билан айблаш мумкин. Прокуратуранинг бу даъвоси Сардоба фожиасида балиқларни айбдор сифатида кўрсатишни истаганларнинг гапларига ўхшаб кетяпти.
Когон шаҳар прокуратураси ҳужжатларида Ихтиёр Ҳафизовнинг бу жиноятларга норасмий раҳбарлик қилиб келгани таъкидланади. Албатта, айрим мансабдор шахсларнинг босим, қўрқитиш йўли билан қўл остидаги бўлинмалар раҳбарларини жиноятга етаклагани ва мақсадига эришганини ўқиганмиз, эшитганмиз. Ихтиёр Ҳафизовнинг эса на “1-сон бош тиклаш поезди” ДУК, на ҳокимликка таъсир кўрсатишга қодир тазйиқ қуроли бўлмаган. Корхонанинг сотилиб кетган тепловози хусусида ҳам худди шундай фикрларни айтиш мумкин.
Муайян шахснинг расмий раҳбарлиги чегараси унинг лавозим йўриқномаси ёки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилади. Ваколатлар доирасидан чиқишни ана шу манбаларга таяниб осонгина исботлаш мумкин. Лекин норасмий раҳбарлик жуда умумий тушунча бўлиб, бу айбни асослаш учун пўлатдек мустаҳкам далиллар талаб қилинади.
Қолаверса, биз очиқ манбалардан Ихтиёр Ҳафизовнинг мазкур жиноят ишига жалб қилинган “TEMUR-IKROM-QAHRAMON QURULISH TA’MIRLASH” ҳамда “FUTURE DEVELOPMENT” масъулияти чекланган жамиятларига таъсисчи, улушдор мақомида ёки бошқа кўринишда дахлдор бўлгани хусусида маълумот тополмадик.
Шундай экан, унга давлат унитар корхонасининг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини ким, қачон ва нимага топшириб қўйган?! Прокуратуранинг бу саволга тайинли жавоби бор деган умиддамиз.
Ихтиёр Ҳафизовнинг таъкидлашича, дастлабки тергов жараёнида гувоҳлардан олинган кўрсатмалар ва юзлаштиришда ҳам ўзига қўйилган айблар тасдиғини топмаган. Сўроқ қилинган фуқаровий даъвогарлар ҳам унга нисбатан бирон-бир эътироз билдиришмаган, аксинча, уни ҳисбхонадан озод қилишни сўрашган.
Когон шаҳар прокуратурасининг мазкур жиноят иши бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларида ғалати бир воқеа келтирилган.
Унга кўра, Ихтиёр Ҳафизов “1-сон бош тиклаш поезди” ДУКнинг балансида бўлган тепловозни “TEMUR-IKROM-QAHRAMON QURULISH TA’MIRLASH” МЧЖга ҳар ойда 100.000.000 сўмдан тўлаш шарти билан ижарага беришни рад этган ва корхонани даромад олишдан маҳрум қилган. Шу орқали ДУКни иқтисодий ночорликка (банкротликка) олиб келиш ва Когон туманлараро иқтисодий судининг корхонани банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини чиқаришга эришган.
Ваҳоланки, Ихтиёр Ҳафизов “1-сон бош тиклаш поезди” давлат унитар корхонаси директори лавозимида ҳеч қачон ишламаган ва унинг ҳўжалик юритиш фаолиятига аралашишга ваколати бўлмаган. Когон шаҳар ҳокимлиги тайинловига кўра корхонага 23 сентябрь 2020 йилдан бери Т.Қурбонов раҳбарлик қилиб келган.
Ҳар ойда 100.000.000 сўмдан даромад келтирадиган ижара шартномасига келсак. Ҳеч қачон тадбиркорлик билан бевосита шуғулланмаган ва унинг ички оламини яхши билмайдиган прокуратура ходимлари масаланинг бир жиҳатини ёддан чиқарган кўринишади. Шартнома 100.000.000 сўм эмас, 100 млрд сўмга тузилганда ҳам, унинг айнан шунча даромад келтиришига ҳеч ким кафолат беролмайди. Чунки тадбиркорлик таваккал асосига қурилган фаолият бўлиб, шартнома суммаси ва реал ҳаётдаги вазият турлича кечиши мумкин. Шундай экан, анчадан бери ночор ташкилотлар қаторида зўрға нафас олиб келаётган “1-сон бош тиклаш поезди” давлат унитар корхонасининг битта ижара шартномаси эвазига кома ҳолатидан чиқиб кетарди деб ҳисоблаш, жуда юмшоқ қилиб айтганда, ажабланарли.
Прокуратура фикрича, Ихтиёр Ҳафизов Когон туманлараро иқтисодий судининг корхонани банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини чиқаришга эришган. Бир кичик шаҳарнинг инвестициялар ва ташқи савдо бўлими деб аталадиган, лекин номи жарангдор бўлгани билан, ваколатлари чегараланган ташкилоти раҳбари ўринбосарининг бутун бошли суд қарорини чиқартиришга эришганини даъво қилиш Когон туманлараро иқтисодий судига ишончсизлик ва шу ишни бевосита кўрган судья М. Болтаевнинг холислигига нисбатан ҳурматсизлик эмасми?
Зеро, Когон туманлараро иқтисодий судининг шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “1-сон бош тиклаш поезди” давлат унитар корхонасини банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳал қилувчи қарори Давлат активларини бошқариш агентлиги Бухоро вилоят бошқармасининг аризаси, шунингдек, Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармаси, корхонага хизмат кўрсатган “Микрокредитбанк” АТБ Бухоро вилояти минтақавий филиали ва бошқалар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларга таяниб чиқарилган.
Қолаверса, “1-сон бош тиклаш поезди” давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.06.2021 йилда имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-иловасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиладиган истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналар рўйхатига киритилган.
Мавжуд тартибга кўра, айбланувчи (гумондор) ўзига тақдим этилган ҳужжатларни ўқиб чиқиб, кейин остига имзо чекиши керак. Ихтиёр Ҳафизов Когон шаҳар прокуратураси томонидан расмийлаштирилган қоғозларга имзо қўяркан, ўзининг бу жиноят ишларига мутлақо алоқаси йўқлиги ва айбини умуман тан олмаслигини ҳам ёзма равишда таъкидлаб ўтган. Унинг айтишича, айбини исботловчи тайинли бирорта далил тақдим қилолмаётган прокуратуранинг барча даъволари тахмин, фараз асосига қурилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Айблов ҳукми ҳам тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас, йиғилган далилларнинг эса мутлақо ишончли бўлиши талаб қилинади.
“Effect.uz” таҳририяти Когон шаҳар прокуратурасидан ушбу мақола юзасидан расмий муносабат кутиб қолади.



