Qidirish

15:08 / 2023-04-13 503 0 Сиёсат

Шофиркон туманига янги ҳоким тайинланди

Туманга янги тайинланган ҳоким Давлат солиқ қўмитаси Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

world-news

Халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, туман фаоллари иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сессияда сўзга чиққан Ботир Зарипов охирги йилларда Шофиркон туманидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги даражага кўтариш борасида сезиларли ўзгаришлар қилинганлигини қайд этди.

«Тан олиш керак, ҳудуднинг аввалги раҳбари Жамшид Шаропов бошқарувида ҳудудда бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, биргина 2022 йил давомида иқтисодий соҳада 36 та янги саноат корхоналари ташкил этилиб, жами саноат корхоналари сони 317 тага етказилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бунда асосан маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш орқали 2022 йил якуни билан туманда 2022 йилда жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 951,1 млрд. сўмга етиб, ўсиш суръати 104,2 фоизни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 млн. сўмдан 6,3 млн. сўмга, шундан худудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,9 млн. сўмдан 5,5 млн. сўмга етказилди.

Бироқ туманда мавжуд имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бугунги давр, шиддаткор замон эса юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини ошириш учун олдимизга муҳим ва кенг қамровли вазифаларни қўймоқда», - деди Ботир Зарипов.

Шундан сўнг, Ботир Зарипов Жамшид Шароповни саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз аризасига биноан Шофиркон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Сессияда айни кунга қадар давлат солиқ қўмитаси молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Файзиллоев Алишер Абдиллоевич номзоди Шофиркон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганлиги депутатларга маълум қилинди.

Маълумот учун, Файзиллоев Алишер Абдиллоевич 1979 йилда Бухоро туманида туғилган. 2003 йилда Тошкент молия институти тамомлаган. Мутахассислиги —молия. У меҳнат фаолиятини 1998 йилда «Сони-К» хусусий фирмаси бухгалтери сифатида бошлаб, Бухоро вилояти молия бошқармаси жамланма бюджет бўлими 2-тоифали иқтисодчиси, халқ таълими, фан, маданият ва кадрларни тайёрлашни молиялаштириш бўлими бош иқтисодчиси(1999-2004), Молия вазирлиги Бюджетдан ташқари мактаб таълими жамғармаси ижро этувчи дирекцияси етакчи иқтисодчиси, Мактаб таълимини ривожлантириш дастурини молиялаштириш сектори мудири(2004-2010), Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бош иқтисодчиси(2010-2012), Молия вазирлиги Валюта активлари ва мажбуриятлари бош бошқармаси Хорижий кредитлар ва ташқи қарз бошқармаси Ташқи қарзларни бошқариш жамлама бош иқтисодчиси(2012-2013) сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, 2013-2017 йилларда Тошкент шаҳар Чилонзор ва Сергели туманлари Молия бўлими мудири, Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази ДУК директори ўринбосари(2018-2019), Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва тариф-нарх сиёсати бошқармаси бошлиғи ўринбосари(2019-2020), Транспорт вазирлиги Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи(2020-2022) лавозимларида ишлаган.

У айни вақтга қадар Давлат солиқ қўмитаси Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш