Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Ҳам айтадиган ҳам қайтадиганлар...
Янги йилнинг 11 куни бошланди, янгиланган ҳукумат одамлари эса ҳали январь тугамасдан «қовун» туширишга улгурди.
Ўзбекистондаги айрим ОТМ ва мактабларда қўшимча таътил бекор қилиниб, дарслар 11 январдан бошланиши белгиланди. Фавқулодда қарор қабул қилинди. Охирги сўзни айтиш яна ҳокимларга қолди, улар эса яна ёмон отлиққа чиқди.
«Тепадаги одамлар»нинг «чизган чизиғидан» чиқмайдиган ҳокимлар халқнинг хоҳишига қарши бориб, мактаблардаги шароитни била туриб, ўқиш бошланишига рухсат берди. Таътилдан яқинда қайтган Президент эса йиғилишни шу мавзудан бошлади, аммо халқ кутган мавзуга тўхталиб ўтмади.
Иссиққина жойида ётган болажонлар эртага уларни нима кутаётганидан бехабар... Ота-оналар эса болаларидан хавотир.
Нега таътил узайтирилган эди?
Гап шундаки, жорий йилнинг 5 январь куни «Ўзгидрометрология» маркази Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши ҳақида эълон қилди. Ўзбекистонликлар бундай қаҳратон қишни биринчи маротаба бошларидан ўтказишаётгани йўқ.
Масалан, 2008 йилнинг январь ойида Республика бўйича энг паст ҳаво ҳарорати кузатилган (17-22 даража совуқ), Қорақалпоғистоннинг чўли ҳудудлари 30-33 даражасигача совуққача пасайиш кузатилган.
Аномал совуқ фонида «Узгидромет» бизни кутаётган яна беш кун давомида, яъни 11-16 январь кунлари Республиканинг 7 та вилоятида қор кўчиш хавфи борлигини маълум қилди.
Собиқ депутат Расул Кушербаев аномал совуқ об-ҳавонинг кириб келиши сабабли Ўзбекистондаги таълим муассасаларида қишки таътил муддатини узайтиришни таклиф қилди.
Шу куннинг ўзида-ёқ барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди. Ўқиш жараёнлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланиши белгиланди.
Бу хабар ўқишга олдинроқ тайёргарлик кўрган, поезд ва самолётларга чипта сотиб олган талабаларни жазавага солди.
Чиптага куйиб қолишдан қўрқиган талабалар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг сайтини ишдан «чиқаришди», ётоқхонага олдинроқ келиб олганларга эса «шароит» яратиб берилишга ваъда берилди.
Ҳам айтадиган ҳам қайтадиганлар...
Кутилганидек Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида қор ёғди. Таътил узайтирилиши ҳақидаги эълондан беш кун ўтиб, Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 11 январдан бошлаб университетлар, техникум, коллеж ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланиши тўғрисида хабар берди. Ушбу хабар жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинганидан сўнг, «27-модда» асосий саҳнага чиқди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддасида Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таълим соҳасидаги тегишли ваколатлар берилган.
Ҳокимларга берилган «власт» юқоридан яна бир карра эслатилгач, «саллани олиб кел» деса «кала»ни олиб келадиган, ундан ташқари «Меҳнат кодекси»ни умрида бирор маротаба ҳам очиб ҳам кўрмаган ҳокимлар ярим кечаси мажлис ўтказди.
Хусусан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 10 январь куни йиғилиш ўтказишига қарор қилди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлис, ҳоким истаган вақтда бошланиб, соат 22:30гача бўлиб ўтган. Масъуллар Абдураҳмоновнинг масъулиятсизлигидан Kun.uz'га шикоят қилган.
Мактабларда дарслар қачон бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда ҳокимликларига таълим ташкилотларида қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилганидан сўнг, қуйидаги ҳудудларда 11-12-16 январдан дарслар бошланади:
Тошкент шаҳрида 11 январдан шароитга қараб босқичма-босқич —23:19 да эълон қилинди;
Жиззах вилоятида 11 январдан шароитга қараб босқичма-босқич — 23:07 да эълон қилинди ;
Сурхондарё вилоятида 11 январдан — 21:40да эълон қилинди;
Хоразм вилоятида 11 январдан — 12:10 да эълон қилинди;
Андижон вилоятида 11 январдан — 12:46да эълон қилинди;
Бухоро вилоятида 11 январдан — 17:04да эълон қилинди;
Самарқанд вилоятида 11 январдан — 21:23да эълон қилинди;
Қорақалпоғистон Республикасида 12 январдан — 18:21да эълон қилинди;
Фарғона вилоятида 16 январдан — 15:02да эълон қилинди;
Қашқадарё вилоятида 11 январдан босқичма-босқич — 22:07да эълон қилинди;
Наманган вилоятида 11 январдан босқичма-босқич бошланади — 23:25да эълон қилинди.
«Соқов» вилоят ҳокимликлари
11 январь ҳам бўлди, аммо қуйидаги вилоят ҳокимликлари мактабларда ўқиш бошланиш ёки бошланмаслиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади:
1) Сирдарё вилояти;
2) Навоий вилояти;
3) Тошкент вилояти;
4) Жиззах вилояти (вилоят ХТБ эълон қилди);
5) Наманган вилояти (Наманган шаҳар ҳокимлиги эълон қилди).
«Гап айнан вилоят ҳокимлиги ҳақида кетмоқда, қанақадир гуруҳлар ёки бошқа каналларда берилган маълумотлар ҳисобмас. Агар шу вилоятлардаги мактабларда бугун ўқиш бўлса, унда ушбу вилоят ҳокимликлари масъулларида 1 грамм масъулият йўқ экан. Уялинглар», — деб ёзди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Жамоатчилик фикри
«Сафари» Telegram канали (Нозим Сафаров)
«Ҳокимликлар бугунги кун якунига етишига 1,5 соат қолганда мактаблар эртадан бошланиши эълон қиляпти. Юқорида эслаб ўтганимиз — «аномал совуқда йиғилиш ўтказмайдиган» ҳокимга қарашли туманлар айниқса.
Болалар ухлаб бўлган, ҳойнаҳой ҳозир боласини уйғотиб, «эртага мактабга борасан», деяётгандир. Баъзи вилоятларда шу ҳам эълон қилинмади. Сув қуйгандек жим-жит.
Ҳокимларда на қадрият, на ўлчов, на қарорга ҳурмат бор. Болалар қийналади эртага. «Ўқиш қачон?», деганда 12 хил жавоб берилмаслиги керак. Тизимнинг ҳолатини кўрсатиб қўймоқда бу. Зудлик билан зарур чора керак.
Жаноб ҳокимлар, тушунамиз, сизнинг фарзандингиз «иномарка»да энг қиммат мактабга боради. У ерда иссиқ ва қордан тозалангандир.
Лекин оддий аҳолининг жуда кўпчилигида ундай эмас. Мактабига ярим соат пиёда юрадиган инсонлар бор, иссиқ кийими борми, йўқми, мактабга элтувчи йўл тозаланганми, мактаб иссиқми, хабарингиз борми ўзи? Сал чиқиб оммага маълумот беринг. Тилга киринг. Тонгда ерлар музлаб, мактабга кетаётиб бола йиқилиб, жароҳатланса сиз жавоб берасизми?
Сал ақлни ишлатинг, салгина. Биласиз, таътил узайтирилган, эртадан бошлаб нима қиласиз? Ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам қийнаяпсиз».
Troll.uz
«Насини эмсин. Бир кун қор ёғди буларни мазаси қочди. 1 ой ёғса нима бўлади? 18 гача таътил дедингми, гапингда тур энди. Нима қиласан ўйинчоқ қилиб? Шунча вазирликлар нима керак эди? Бари бир у ерда калласи жойида бўлмаганлар ишлаётган бўлса. Сўксанг хафа бўлади яна»
Шаҳноза Соатова
«Қанақасига кеч соат 23 га ўтганда «эрталабдан мактаб»деб эълон қилишади? Болалар ухлаб ҳам қолган айримлари, баъзилари чўмилмаган, яна айримларига бунақа совуқ ва қор учун кийим ҳам олинмагандир (таътил узайди, амаллаб турасан енгил курткангни дегандир).
Тошкент мактаблари гуруҳлари «портлаяпти», ҳали Тошкентда расман ўқиш қачон бошланиши эълон қилинмади, лекин айрим мактаблар директорлари «эртадан ўқиш» деб гуруҳларга ёзиб бўлишди.
Эртага бунақа ҳавода бунақа шошилинчда бари бир кўпчилик мактабга бормайди, қонун-тартиблар жимгина игнор қилинади. Одамлар нима қилсин, юқорида ўзи беқарорлик бўлса? Эрталаб тургунича ё мактабгача йўлнинг ярмига етганда ўқиш яна бекор бўпқосачи, бирпас кутайлик дейди.
Августдаги мактаб формаси билан бўлган ҳолат эсга тушяпти. Болалар буни кўриб қандай хулоса, тарбия, ибрат оляпти?»
Хушнудбек Худойбердиев
«Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг қўшимча хабар қилишича, тоғли, олис ҳудудларидаги мактабларда дарс машғулотлари бошланмайди.
Лекин айнан қайси мактабларда дарс бошланмаслигини ҳозирча ўзлари ҳам билишмайди. Туманлар ҳокимликлари тоғли, олис ҳудудларда жойлашган мактаблар рўйхатини энди шакллантирар экан.
Менга бир нарса жуда қизиқ, ҳали ҳудудлар ташкилий жараёнларга тайёрмас экан, ҳали ҳал қилиниши керак бўлган масалалар кўп экан, унда бало бормиди эртадан мактабларни очиб?
Худди орқадан ёв қувиб келаётгандай, шоша-пиша таълим муассасаларини очмасдан, шуни аввал пухта тайёрлаб, ҳаммани олдиндан огоҳлантириб, кейин мактабларни очиш керакмасмиди? 1 кун минг кун бўлармиди.
Мана, соат салкам тунги 11 бўлди, лекин ҳудудларнинг ярмида эртага нима бўлиши номаълум. Ота-оналарнинг боши қотган. Турли Телеграм гуруҳларда «эртага дарс, келинглар» деб синф раҳбарлари, мураббийлар ёзишяптию, лекин ўша ҳудуд учун бирорта расмий маълумот йўқ. Ота-оналар на ишонишни, на ишонмасликни билишмаяпти.
Таълимга, айниқса болалар таълимига ҳам шунақа масъулиятсизлик билан ёндашиш мумкинми? Ҳа, бизда мумкин», — деб ёзди Хушнудбек Худойбердиев.