Qidirish

02:27 / 2022-12-08 73 0 Мақолалар

Сардор Умурзаков «свет» ва газ муаммолари юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди

Президент Администрациясида жорий йил якуни билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги вазият бўйича йиғилиш ўтказилмоқда. Йиғилишда видеоалоқа орқали барча ҳудудлар раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида кескин танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъул мутасаддилар ишидаги жиддий камчиликлар кўрсатиб ўтилди, мавсумга тайёргарлик ишларидаги қолоқликлар, юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралар тезкор қабул қилинмагани ва умуман сустлиги юзасидан жиддий эътирозлар билдирилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди.

Бу масалалар бўйича кунлик назорат ўрнатиш учун Президент маслаҳатчилари ва Бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктириладиган бўлди.

Штаблар ва бириктирилган раҳбарлар алоҳида эътиборни қуйидагиларга қаратади:

  • электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб бериш;
  • аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари учун кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш;
  • қўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи қозонхоналарнинг ишлаш ҳолатини назорат қилиш ва бошқалар.
  • Йиғилишда юзага келган вазиятни нормаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Жумладан:

товар газ етказиб бериш ҳажмини суткасига 5 миллион куб метрга ошириш;

  • 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш, уларни бензинга ўтказиш;
  • хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш;
  • 2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш;
  • биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензининг кунлик ҳажмини ошириш;
  • АИ-80 бензини нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш.

Қўшимча чоралар:

  • барча ишлаб чиқарувчилар ва трейдерларга суюлтирилган газни экспорт қилиш тақиқланади;
  • табиий газ етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга рухсат берилади;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларига электр энергияси етказиб беришга ўрнатилган вақтинча чекловлар йил якунига қадар узайтирилди;
  • бензин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш учун хомашё ҳамда тайёр бензин импорти оширилади;
  • биржада АИ-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш