Qidirish

11:22 / 2025-08-05 57 0 Дунё

Истанбул: тарих, маданият ва унутилмас тажриба

Бугунги кунда Истанбул нафақат бой ва тарихий мероси, балки жонли маданият саҳнаси, ноёб шаҳар тажрибалари, мазали таомлари, жонли тунги ҳаёти ва турли хил харид қилиш имкониятлари билан ҳам саёҳат йўналишларининг энг юқори поғоналарини эгалламоқда. 

world-news

Шарқ ва Ғарбни туташтириб турувчи беқиёс жойлашуви туфайли метрополис дунёдаги энг кўзга кўринган транзит марказларидан бири ҳисобланади. 2024 йил маълумотларига кўра, Истанбулнинг иккита халқаро аэропорти, яъни Истанбул ва Сабиҳа Гўкчен аэропортларидан фойдаланган ҳолда трансфер йўловчиларининг умумий сони тахминан 40,5 миллионни ташкил этди.

Ўтмишга саёҳат

Тонгни бой ва хилма-хил турк нонуштаси билан қаршилаш саргузаштга ўзига хос энергия бағишлайди. Тарихий ярми орол (Tarihi Yarımada) ва бугунги кунда Султон Аҳмад майдони номи билан танилган қадимги Ҳиподром шаҳарнинг бой тарихий ўтмишига саёҳат қилиш учун энг идеал нуқтадир. Шунингдек, меъморий мўъжиза саналган Ая София ва ҳайратланарли Султон Аҳмад масжиди, бир неча қадам нарида эса ўтмишнинг акс-садоси билан ўраб олувчи сирли Еребатан сардонининг кўрки инсонни ўз домига тортаверади. Таомларининг таъмини айтмайсизми?! Айниқса, султонаҳмет кўфтеси (атлети)дан татиб кўришни унутманг, таъми оғзингизда қолади.

Саройлар ва империялар

Топкапи саройи бир пайтлар Усмонийлар империясининг маъмурий маркази бўлган. Унинг Муқаддас ёдгорликлар хонаси, императорлик ошхоналари ҳамда султонларнинг оилалари билан бирга яшаган ҳашаматли Ҳарам қисми тун-у кун маҳаллий ва халқаро сайёҳлар билан тўлиб тошган. Туркиянинг биринчи музей мажмуаси бўлган Истанбул археология музейларида Кадеш шартномаси, Александр саркофаги ва Иштар дарвозаси каби ҳайратланарли артефактлар жойлашган. “Тунги музейлар” лойиҳаси доирасида ушбу ажойиботларни соат 22:00 га қадар кўриш имконияти мавжуд.

Бозорлар, лаззатлар ва қуёш ботиши манзаралари

Истанбулга саёҳат шаҳарнинг афсонавий бозорлари қарига шўнғимасдан асло бўлмайди. 4000 дан ортиқ дўконларга эга Катта бозор (Kapalıçarşı) қўл меҳнати буюмлари, газламалар ва ажойиб эсдалик ҳадяларга тўла ҳақиқий лабиринтга ўхшайди. Хушбўй зираворлар, бир-биридан ширин локумлар ва қуритилган меваларга бой Зираворлар бозори шарқона муҳитни ҳис этиш учун ажойиб маскандир. Қуёш ботишини кузатиш учун шаҳарнинг ажойиб терассалари ёки томларидан бирини танлаш кифоя.

Босфор саёҳатлари

Шаҳарнинг динамик соҳил маркази бўлган Галатапорт нафақат кемалар терминали, балки галереялар, ресторанлар, қаҳвахоналар ва бутик дўконлар жойлашган замонавий маданият маркази ҳисобланади. Босфор бўғози бўйлаб сайр қилиш ва замонавий кафелардан бирида қаҳва ичиш ўзгача завқ бағишлайди. Истанбулнинг диққатга сазовор музейлари орасида Топҳане соат минораси, Истанбул замонавий санъат музейи, шунингдек, нуфузли Истанбул расм ва ҳайкалтарошлик музейи алоҳида ажралиб туради.

Туркиянинг биринчи ва дунёдаги иккинчи энг қадимги темир йўл тизими бўлган тарихий Туннел метроси Каракўйдан Истиқлол кўчасига бориш учун жуда қулай транспорт ҳисобланади. Галата минораси шаҳарнинг нафақат кундузги, балки тунги бетакрор панорамик манзараларини кўриш учун айни муддаодир. Чунки минора кечки 23:00 га қадар очиқдир. Гавжум Истиқлол кўчаси бўйлаб рамзий қизил трамвайда сайр қилиш бу унутилмас тажрибалар беради. Бу йўл сизни тарихий аркадалар, дўконлар, санъат галереялари, музейлар ва ресторанлар бўйлаб сайр қилдиради. Маҳаллий таъмларни синаб кўриш учун Беёғлу балиқ бозори энг ажойиб танловдир, у ерда Истанбулнинг машҳур кўча таомлари – мидия, балиқли нон ва тузланган бодринг шарбатлари каби хилма-хил лаззатларни татиб кўриш мумкин.

Бешиктошдан қисқа Босфор бўйлаб саёҳатга чиқиш шаҳарнинг ҳамашатини, Усмонийлар даври қасрлари ва турли рамзий иншоотларни кўришнинг энг зўр йўлидир. Шаҳарнинг Мишлен юлдузли ресторанлари ўзининг нафис таомлари билан кўнгиллардан жой олмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш