Сўнгги янгиликлар
Янги ўқув йилидан бошлаб В2 сертификати мавжуд бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ишлан бўшатилади(ми?) Сертификат машмашаси қачон тугайди?!
Тошкентдаги кўчалардан бири 1 ойга ёпилди
Истанбулдан Тошкентга учган самолётда чақалоқ дунёга келди
Наманганда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари фош этилди
Канада ва Германиядан ҳам яхшироқ: Ўзбекистон хавфсизлик даражаси бўйича юқори натижани қайд этди
Пластик карта орқали пора олган божхона инспекторига жиноят иши қўзғатилди
«UzAuto Motors» АЖдан мижозлар учун янгилик
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Янги ўқув йилидан бошлаб В2 сертификати мавжуд бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ишлан бўшатилади(ми?) Сертификат машмашаси қачон тугайди?!
Ўзбекистонда чет тили ўқитувчилари учун В2 даражасидаги тил сертификатини мажбурий талаб этиш ҳақидаги қарор мамлакат бўйлаб кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ушбу талабни янги ўқув йилидан кучга киритилиши эълон қилингач, бир гуруҳ ўқитувчилар бош вазир, бош прокурор, Адлия вазири, Халқ таълими вазири ва Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарларига мурожаат билан чиқди. Улар бу қарор ортида инсон қадри, меҳнат ҳуқуқлари ва таълим тизимининг барқарорлигига оид жиддий саволлар ётганини таъкидлашмоқда.

Бир гуруҳ хорижий тил ўқитувчилари Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Н.Ариповга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Юлдашевга, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж.Ташкуловга, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.М.Рафиковга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ММТ вазирига мурожаат йўллади.
Унда айтилишича, аксарият фан устозлари ёзда хотиржам дам олаётган вақтда чет тили фани ўқитувчилари 2 йилдирки ёзги таътилни қандай ўтказишмоқда. Бир қисм хорижий тил ўқитувчилари устама берувчи сертификатларга тайёрловчи курслар билан, бошқа бир қисми 2025-2026 ўқув йилида ишда қолиш учун талаб қилинаётган В2 даража сертификатига тайёргарлик билан, яна бир қисми кузги атттестатсияга тайёргарлик билан банд.
Сентябрь ойидан бошлаб чет тили сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари 4 йиллик меҳнат эвазига олинган дипломи, иш тажрибаси, малака тоифасидан қатъи назар, мактабдан ҳайдалиши мумкин. Сабаби шундаки, ўтган ойларда Ўзбекистондаги хорижий тил ўқитувчиларига мактаб директорлари номидан огоҳлантириш хатлари юборилган.
“…Сизга шуни маълум қиламизки, 2025-2026 ўқув йилига қадар камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмасангиз, сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади унда.
Бунга Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий тилларни ўрганишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 312-сонли (2021 йил 19 май) қарори асос қилиб олинган. (https://lex.uz/docs/-5431845)
Мазкур қарорнинг 9-бандига мувофиқ, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб, давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.
Лекин ММТВнинг 31 июль 2024 йилдаги 03..12-1053-сонли хатига кўра, Б2 сертификат олиш талаби 2025-2026 ўқув йилигача сурилган эди. Қизиқ томони шундаки, ўқитувчиларнинг B2 даражали сертификатдан-да қимматлироқ дипломи “юқоридагиларни” қизиқтирмаяпти.
Огоҳлантириш хати берилишига яна бир асос бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2024 йил 31 июлда мактабларга расмий хат юборди.
Демак, Вазирлар Маҳкамаси ўз таркибидаги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабаларга бераётган дипломни тан олмайди ёки уни етарлича кучга эга эмас, деб баҳолайди. Акс ҳолда, бир умрга амал қиладиган диплом қолиб, “яроқлилик муддати 2 йил бўлган” сертификатни ишдан кетиш ёки қолиш даражасидаги масалага айлантиришармиди?
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра 60 фоиз ходимда бу сертификат мавжуд эмас ва ололмаган. Ололмаганлик сабаблари бир неча факторларга боғлиқ. Ишга талабгорлар сони эса хорижий тил бўйича 30 фоиз холос. Ана шу Б2 сертификати йўқларнинг 3 дан 2 қисмини 45 ёшдан ошганлар ташкил қилмоқда. Хўш, сентябр ойидан орадаги фарқ 50 фоиз дефецит ўқитувчи ўрни қандай қопланади.
Демак, давлат мактабларининг 50 фоиз хорижий тил ўқитувчини дарси вакант бўлиш эҳтимоли юқори. Нимага? Ўзбекистонда фақат чет тили фани устозлари ишлайдими?
“4 йил ўқидик, бу ихтиёрий бўлиши керак, пул ишлаш манбайи эмас. Сертификат дипломдан устун бўлиши мумкинми?... Ва бу нега фақат чет тили ўқитувчиларида? Ҳозир ҳамма фанда даража сертификат имтиҳони бор, лекин уларда бу сертификат натижаси аҳамиятсиз. Усиз ҳам диплом билан бемалол ишлайверади. Чет тили ўқитувчилари эса бусиз ишлолмайди. Нега? Биз демократик жамиятнинг тенг ҳуқуқли фуқаросимасмизми?” дейди хорижий тил ўқитувчиси.
Банк ходимига нега сертификат талаб килинмайди, ваҳоланки улар ўқитувчидан 2 баробар кўпроқ маош олишади. Молия, солиқ соҳасидагилардан-чи? Бундан ташқари, “тежаймиз" деб чет тиличиларни шериги кетса, ойлик маоши тўланмайди. Нариги группа ўтираверади қўшиб ўтиб, ўқувчилар оғзини очиб. Шериги кетди маоши тўланмаса унинг меҳнати 0 экан-да.
Маълумки чет тили дарслари бўлиниб ўтилади. сентябрдан дарслар 2 га бўлинмай палапартиш қўшиб ўтилади. Сифат эса 0 га тушади.
Вазирликларда ишлаётганлар ўкитувчидан 5 баробар кўп маош олишади. Улар ҳам сертификат олишсин. Бўлмаса уларни хам ишдан олишсин.... Ишсизликни бартараф қиламиз деб ишсизликни купайтирмаяпсизларми?
Дипломнинг обрўси каерда? Унда диплом нимага керак, агар сертификат хамма ишни ҳал килса!!!
Яна бир педагог таълим соҳаси ходимларига энг кам маош тўланишини, ўша маошни олиш учун ҳам турли-туман имтиҳондан ўтказилишини айтди:
“Ўзи энг кам иш ҳақини ўқитувчи олса, шу энг кам иш ҳақига ҳам мингта имтиҳон, мингта синов, мингта чиғириқдан ўтказади! 15-20 миллион сўм ойлик оладиганларга ҳеч қандай синов йўқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам кондиционер тагида ўтириб олишяпти ўша бир неча ўн миллионларни” .
Ҳозир ҳамма фанда даража сертификат имтиҳони бор, лекин уларда бу сертификат натижаси аҳамиятсиз. Усиз ҳам диплом билан бемалол ишлайверади. Чет тили ўқитувчилари эса бусиз ишлолмайди. Нега? Биз демократик жамиятнинг тенг ҳуқуқли фуқаросимасмизми?” дейди хорижий тил ўқитувчиси.
“Сертификат эса ҳозирда реал олиб қараганда диплом, ёш, меҳнат стажи, тоифаси, ва бошқа критериялардан биринчи устунга чиқиб қолаётгандай. Масалан, мен бир-икки ўқув марказларига кирдим. 10-15 миллиондан ортиқ ойлик оляпти ёш болалар. Лекин 3 йилдан бери институтга кира олмаяпти. Сертификати бор. Болаларга дарс ўтишини кўрдим. Мактабдагидан умуман бошқача. Яна ўқувчига билимни тушунтирмаяпти, бажариб келган нарсасини текшириб беряпти. Тўғри, ҳозирги ўқитувчи кўпроқ болани ишлатиши, фикрлашга ўргатиши керак. Лекин аввал ўрганиш учун ҳам нимадир ўргатиши, бериши керак-да ўрта мактабларда”, дейди яна бир мутахассис.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларга B2 сертификатини олиш бўйича қўйилган талабни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан изоҳлайди. Аммо Вазирлар Маҳкамаси қароридан-да устуворроқ бўлган педагоглар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар бор. Булар "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонун ва Ўзбекистон Меҳнат кодексидир.
Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов ўқитувчиларга қўйилган талабни ҳам қонунга, ҳам мантиққа зид эканини тушунтирганди:
"Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонунда ёзилган: "Таълим тизимида ишлаётган педагогнинг касбий даражасига доир талаблар "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори"да ҳамда педагогнинг касбий стандартларида белгиланади" (3-модда). Энди "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори"га қараймиз (3730): Унда ўқитувчига қўйиладиган талаб: бакалавриат ёки айрим ҳолларда — ўрта махсус профессионал таълим ва касбий тажриба. Яъни давлат томонидан тан олинадиган "ўқитувчи" деган дипломи бор ҳар қандай мутахассис педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.
Ҳолатнинг мантиққа зидлигига тўхталсак, чет тили ўқитувчисининг қўлида олий филологик таълим тўғрисида диплом бўлади. Яъни ОТМ унинг хорижий тилни билишини тасдиқлаб, давлат тан оладиган диплом беряпти. Демак, давлат ўз номидан бериладиган дипломга ишонмаяптими? Ўқитувчининг қўлидаги дипломи "сертификат бўлмаса ҳақиқий эмас" дейдиган биронта ҳуқуқий асос йўқ-ку. Менимча, Вазирлар Маҳкамаси қарори бу бандининг ўзи қай даражада қонунийлиги ҳам баҳсли масала”.
Вазирлар Маҳкамаси қарори эса қонундан устун бўлолмайди. “Меҳнат кодекси”га кўра, “ходимнинг малакаси етарли бўлмагани сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги” аниқланган тақдирда, иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Малакани белгиловчи ҳужжат бу – диплом. Бундан келиб чиқадики на мактаб директори, на вазирлик ходимлари дипломли педагогни сертификат баҳона ишдан ҳайдаш ваколатига эга эмас. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажараман деб қарордан устувор бўлган қонунларни сариқ чақага олмай, менсимасдан оёқости қилган бўладими шунда?
Ўзбекистонда қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижросини таъминлашга масъул бўлган Бош прокуратура ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқлигини белгилайдиган адлия тизими бу масалага қарсак чалиб туриши жуда кулгили ва ажабланарли эмасми?
Ўқитувчилар ҳар йили малака ошириш дарсларига боради, уни тугатгач, тест топширади. Бундан ташқари, ҳар беш йилда малака тоифасини белгилаб берувчи имтиҳонга юборилади. Энди эса педагоглар ҳар икки йилда чет тили билимини баҳолаш сертификатини олиш учун ҳам имтиҳон топширишлари керак.
Вазирлик таълимни кучайтириш йўлида қила оладиган ягона ислоҳот – педагогларни қайта ва қайта имтиҳондан ўтказишми? Аслида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаши, уларга қулай меҳнат шароитлари яратиши керак эмасми?
Қайта ва қайта ўқиш, имтиҳон топшириш бирор самара берса, нега бу амалиёт барча соҳаларга татбиқ этилмайди? Яна қайси касб эгалари ҳар икки ва бир йилда имтиҳон қилиняпти, қонунга зид қарори туфайли ўқитувчиларга шарт қўйган Вазирлар Маҳкамаси аъзоларими?
Бу жуда долзарб масала. Тажрибали, методикаси кучли, лекин сертификат ололмаган ўқитувчини ишдан бўшатиш – адолатданми? Тўғри, сертификат янги авлод ўқитувчилари учун иш ўрини очилади. Бироқ тажрибали ўқитувчиларни йўқотиш, уларни шу касбга бўлган меҳри, давлатга ишончи йўқолишини, ортида турган оиласи тирикчилиги ҳақида Сингапур, Финландия ёки Жанубий Африка каттаконлари ўйлайдими? Энг мақбул йўл – тажрибали ўқитувчиларга муқобил баҳолаш тизимини жорий қилиш.
Чунки тажриба ва методика – сертификат билан эмас, йиллар давомида шаклланади-ку. Зеро, тил билиш – яхши ўқитувчи бўлиш дегани эмас Грамматика ёки имтиҳон техникасини яхши билиш дарс бериш қобилиятига тенг келмайди. Ўқувчиларга билимни қандай етказиш муҳимроқ. Хорижий тил фан дарсликларини ўз вақтида етказиб бермай, айниқса дафтарлари йил давомида келмасдан, ҳужжатда етказилди деб, миллиардлаб пуллар тақдири нима бўлаётганини кўтармаяпмиз-ку.
Имтиҳон топшириш ҳамма учун осон эмас – кексароқ ўқитувчилар расмий имтиҳон форматига мослаша олмаслиги мумкин. Балки улар амалий баҳолаш орқали ўз билимларини исботлаши керакдир.Уларнинг айби олдинги тизимда, йўналиш ва услубда ўқиганими? У пайтда сертификат деган балонинг С харфи ҳам бўлмаган-ку.
Ҳар бир ўқитувчи ҳар хил даврда олийгоҳларда таълим олган. Ёши 45 ёшдан юқори бўлган ўқитувчилардан ёши 25 ёшдаги ўқитувчиларга мос дастурлар асосида яратилган сертификатлаш тизими нотўғри деб ўйлаймиз. Ёки сертификатлаш ҳам бизнесга айландими? Бечора ўқитувчилар сертификатга пул тўласинми, оиласини боқсинми, фарзандига контракт пули тўлашсинми ёки олган кредитини?!
Йиллар давомида олийгоҳда ўқиб диплом олган ўқитувчилар сертификатсиз ишсиз қоладими энди? Унда нимага керак бу диплом?
Оиласи, соғлиги ва баъзан иши сабаб ўзига ҳам эътибор бера олмайдиган устозларни" "Сертификат" машмашасидан қутқариш вақти қачон келар экан?
Ўқитувчи жамоаси борки, доимо ўз устида ишлайди. Қайсидир ўқитувчининг методик, қайсинингдир фалсафий ёки психологик салоҳияти жуда юқори. Сертификатлаш эса ўқитувчиларни билимдон қилиб қўймайди. Аниқки, ишлаётган ўқитувчи билимсиз бўлмайди. Мабодо сертификат олмаган ўқитувчилар ишсиз қолса, бу "ишсизликка" қўйилган қадам бўлиб қолмайдими?
ММТ вазирлигининг ишдан бўшатиш тўғрисидаги стратегияси Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги нормаларга тушмаяпди. Тартиб бўйича:
1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
2. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
6. Вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари тартибида амалга оширганда қонуний бўларди. Вазирликнинг ҳозирги позицияси эса ушбу тартибга амал қилинмаган.
Ўқитувчилар ҳар йили Малака ошириш институтида ўқитилади, тоифа (аттестация) имтиҳони топширишади (бу учун ҳам тўлов қилишади), очиқ дарслар ўтиб беришади, турли конференцияларда қатнашишади. Яна нима қилишсин ўқитувчилар?
Қачон тугайди бу Сертификат машмашаси???
Шундан келиб чиқиб ушбу юқоридаги қарорнинг 9-бандига кичик ўзгартиш киритишни тақозо қилади. Шунда ушбу муаммо бироз бўлсада енгиллашади.
1-таклиф
"Мазкур талаб 2019 йилдан олдин олий таълимни тамомлаган олий тоифадаги педагогларларга нисбатан татбиқ этилмайди"
Сабаби, сертификат билан боғлиқ тизим 2020-2021 йиллардан кейин бошланди.
2-таклиф
"Мазкур талаб худди шу фан бўйича 20 йил ва ундан ортиқ узлуксиз ишлаб келаётган олий тоифадаги педагогларларга нисбатан татбиқ этилмайди"
Вазирлик бу нарсадан асло чўчимаслик керак. Қайтага бу ўзгартиш орқали мана узоқ йиллар узлуксиз меҳнат қилса давлат бизни қадримизга етаркан деган маънода нафақат шу фан бўйича 20 йил ва ундан ортиқ узлуксиз ишлаб келаётган олий тоифадаги педагогларларга, балки кейинги ёш педагогларга ҳам мотивация бўлади.
3-таклиф
Мазкур талаб 45 ёшдан ошган ва иш стажи 20 йил узлуксиз стаждан ошган педагогларга татбиқ қилинмайди”.
Стажни камида 20 йил кўрсатганимиз сабаби 20 йил узлуксиз ишлаган педагог шундоқ ҳам 5-10 йил ичида пенсияга кетади ва бу узлуксиз стажда бўлганлар ҳозирги тартиб-талабга 80 фоизи туша олмайди. Бироқ ҳар қандай сертификат олиб келган янги педагогдан кўра дарсда ўқувчига мавзуни етказиб бера олади.
4-таклиф
“Мазкур талаб олий тоифали педагогларга татбиқ қилинмайди”
Энди олий тоифали педагог қандайдир сабаб билан сертификат ололмаган бўлса бу билимсиз дегани эмас ва сертификат бу тоифадан устун дегани ҳам эмас демоқчимиз.
5-таклиф
“Мазкур талаб ёши 45 ёшдан ошган олий тоифали ва 20 йил иш стажига эга шу фан ўқитувчиларига татбиқ қилинмайди”
Яъни 1-2-3-4 таклифлардаги барча критерияларга кирадиганларга татбиқ этилмаслиги айтилмоқда. Бошқача қилиб айтганда 5-таклифдаги барча 4 та меъёрлардан 3 таси тўғри келиб, 4- критерияси тушмаса ҳам уларга ўз-ўзидан татбиқ этилмайди. Талабни қўяётганда барча 3 та омил тўлиқ тушса дейилмоқда.
Эҳтимол, масаланинг ечими адолатли 70 фоиз ечимини топар. Буни энди экспертлар ҳал қилишар. Суриштирувларимиз натижасида мисол учун хорижий тил сертификати олган педагоглар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Эртага янги ўқув йилида шу сертификат талаби орқали 50 фоиз хорижий тил педагоглари ишсиз қолишини тасаввур қилиш эса ачинарли ҳолат.
Яна бир йилга суриш эса жамоатчилик ўртасида кулгили вазиятни, вазирлик имижига салбий тушунчаларни олиб келиши мумкин. Шу боис, муаммони ечиш учун революцион усулда эмас, вазиятни қонуний юмшатиш орқали юқоридаги таклифларни киритган ҳолда иш ташкил қилиш мумкин.
Бу муаммонинг янада чигаллашганидан кўра адолатли йўли бўлармиди. Ахир, таълимда энг тиниб тинчимас фан соҳиблари - хорижий тил ўқитувчилари экани ҳам айни ҳақиқат-ку.
Ҳурматли бош вазир ва вазирлик масъуллари!
Сиздан чет тили фани устозларининг ёзда эмин-эркин дам олишларига тўсқинлик қилаётган бу муаммо бўйича тезроқ муносабат беришингизни сўраймиз!
БИР ГУРУҲ ХОРИЖИЙ ТИЛ ЎҚИТУВЧИЛАРИ



