Qidirish

17:52 / 2025-04-12 96 0 Жамият

Йўл ҳаракати қоидаларига янги белгилар қўшилади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари янги огоҳлантирувчи ва қўшимча ахборот белгилари билан тўлдирилади. 

world-news

Бу ҳақда жорий йилнинг 3 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда хавфсиз ҳаракатланишни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Унга кўра, йўл ҳаракати қоидаларида 6-банд қуйидаги мазмундаги йигирма саккизинчи – ўттиз иккинчи хатбошилар билан тўлдирилади:

“Авария ўчоғи” (йўл-транспорт ҳодисаси ўчоғи) – йўл ҳаракати иштирокчилари учун мўлжалланган автомобиль йўли, кўчалар, чорраҳалар аҳоли пунктидан ташқари жойларда 1 000 метрдан ёки аҳоли яшаш пунктида 200 метрдан ортиқ бўлмаган қисмида бир йил давомида бир хил турдаги уч ёки ундан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари ёки турларидан қатъи назар беш ва ундан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши натижасида одамлар ҳалок бўлган ёки жароҳатланган жой.

“Авария ўчоғи” ҳудудлари қуйидаги узоқ муддатли, мавсумий ва вақтинчалик турларига бўлинади:

узоқ муддатли – бартараф этилиши, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларни кўчириш, тоғ ён бағирларини катта ҳажмда ўйиш, катта сув ҳавзалари устидан кўприклар қуриш ва узоқ муддатли йўл қурилиш каби жараёнларни талаб этадиган ҳудуд;

мавсумий – об-ҳаво шароити таъсири натижасида йўл-транспорт ҳодисаси юзага келиши мумкин бўлган хавфли авария ҳудуди;

қисқа муддатли – бартараф этиш муддати уч ойгача бўлган даврни талаб этадиган хавфли авария ҳудуди”.

Огоҳлантирувчи белгилар қуйидаги мазмундаги 1.15.1 ва 1.36-бандлари билан тўлдирилади:

1.15.1 “Занжирли ғилдираклар ва шиналар билан ҳаракатланиш”. Ушбу йўл белгиси огоҳлантирувчи йўл белгиси, тоғли ва чўл ҳудудларда қиш мавсумида йўлларда ҳосил бўлган қор ва музламаларда транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини ташкил этиш мақсадида тавсия этиш юзасидан, шунингдек, автомобиль йўлларидаги қор ва музламалар тўғрисида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг эътиборини жалб этиш мақсадида қўлланади;

1.36 “Йўл-транспорт ҳодисаси ўчоғи”. Ушбу йўл белгиси 3.24 – “Юқори тезлик чекланган” тақиқловчи йўл белгиси, 7.1.1–7.1.4 – “Объектгача бўлган масофа”, 7.2.1–7.2.6 – “Таъсир оралиғи”, 7.3.1–7.3.3 – “Таъсир йўналиши” қўшимча ахборот белгилари билан, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг тури, хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилиши мумкин.

Қўшимча ахборот белгилари қуйидаги мазмундаги 7.27, 7.28, 7.29 ва 7.30-бандлар билан тўлдирилади:

7.27. “Пиёдани уриб юбориш”. Пиёда билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси хавфи мавжудлигини билдиради;

7.28 “Транспорт воситалари тўқнашуви”.Транспорт воситалари тўқнашуви хавфи мавжудлигини билдиради;

7.29. “Велосипедчини уриб юбориш”. Велосипедчини уриб юборилиш хавфи мавжудлигини билдиради;

7.30. “Транспорт воситалари ағдарилиши”. Транспорт воситаси ағдарилиш хавфи мавжудлигини билдиради.

Шунингдек, йўл чизиқларини чизиш бўёқлари ҳамда бошқа восита ва моддалар, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларининг нархлари бозордаги ўртача кўрсаткичлари тегишли ҳудудда юзага келган нархлар даражасини ҳар ой ўрганиш орқали буюртмачи ва аутсорсер томонидан нархлар баённомаси билан белгиланади.

Агар йўл чизиқларини чизиш бўёқлари ҳамда бошқа восита ва моддалар, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларининг амалдаги бозор нархлари нархлар тўғрисидаги баённомада белгиланган нархлардан баланд ёки паст бўлса, буюртмачи аутсорсер ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўриб чиқиш ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда қарор қабул қилиш учун тегишли ҳудуддаги амалдаги нархларни ўрганиб чиқиш далолатномаси илова қилинган таклифларни белгиланган тартибда юборади.

Қарор муҳокамаси жорий йил 18 апрелга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрь куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидаларига пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда йўлларда хавфсизликни оширишга қаратилган “Баланд пиёдалар ўтиш жойи” янги йўл белгиси жорий этилиши хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш