Qidirish

18:38 / 2025-04-07 114 0 Мақолалар

Ўзбeкистонда сўз эркинлиги, қонун ва амалиёт ўртасидаги тафовут…

Сўз эркинлиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, уни қонуний ҳимоя қилиш долзарб масаладир. Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши бу ҳуқуқни таъминлаш ва бошқаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанат топишни талаб қилади.

Ушбу мақолада Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинади.

world-news

Мавзуга оид калит сўзлар: Сўз эркинлиги, ахборот эркинлиги, Ўзбекистонда сўз эркинлиги, демократик жамият, қонун ижроси, давлатнинг очиқлиги, фуқароларнинг фикр билдириш ҳуқуқи, фуқаролар эркинлиги, матбуот эркинлиги, жамоатчилик назорати, глобал рейтингларда ўрин.

Сўз эркинлиги – инсон шаъни ва қадр-қимматининг ифодаси бўлиб, ҳар қандай очиқ ва адолатли жамиятнинг ажралмас асосидир. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ушбу йўналишда сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда, бироқ халқаро рейтингларда ҳануз паст ўринларни эгаллаётганлигимиз эса муаммолар ҳозиргача долзарб эканлигидан дарак беради.

Сўз эркинлиги масаласи фақатгина қонунлар билан тартибга солинадиган техник жараён эмас. Балки бу жамиятнинг фикрлаш тарзи, инсонларнинг ўз фикрини очиқ баён қилишга бўлган ишончи ва давлат органларининг шаффофлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида муайян қадамлар ташланаётган бўлсада, амалиётда эса журналистлар ва блогерлар учун ҳали ҳам муайян тўсиқлар, қўрқув ва босимлар борлиги нафақат кўзга ташланади, балки бу яшаётган ҳаётимизда ҳам яққол сезилмоқда.

Сизнингча, Ўзбекистон сўз эркинлиги борасида дунё рейтингида нечанчи ўринда туриши керак?

Бу саволга жавоб сифатида, Буюк Британиянинг халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи «Article 19» ташкилотининг 2024 йил 30 май санасидаги маълумотларига назар соладиган бўлсак, сўз эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 132- ўринда турибди.

Янги эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистонда сўз эркинлиги вазияти «инқирозли» деб баҳоланган. Шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги даражаси Руанда, Яман, Бурунди, Судан ва Камбожа каби давлатлар билан бир хил деб кўрсатилган.

Бундан ташқари, «Freedom House» нодавлат ташкилоти томонидан тақдим этилган «Freedom on the Net 2020» ҳисоботида Ўзбекистон интернетдаги эркинлик бўйича ҳам эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатига киритилган.

2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев сўз эркинлиги ва жамоатчилик назоратининг аҳамиятига алоҳида урғу бериб, давлат идораларининг танқидий фикрлар билан ишлашга очиқ бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Орадан олти йил ўтса ҳамки, негадир халқаро рейтингларда юқори ўринларга эришолмаяпмиз. Хўш, унда ривожланишнинг сустлашиши сабаблари нимада?

Ўзбекистон Республикасида сўз эркинлиги ва ахборот эркинлиги масаласи бугунги кунда ўта долзарб бўлиб қолмоқда.

Биринчидан, тизимли ислоҳотлар ҳали тўлиқ амалга оширилмаган, бу эса ривожланишнинг сустлашишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчидан, янги қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро стандартларга мослаштирилаётган бўлсада, уларнинг амалда самарали ишлашига ҳали кўплаб тўсиқлар мавжуд.

Афсуски, қонунлар кўпинча қоғозда қолиб кетмоқда, уларнинг ижроси амалда паст ва бир хил даражада эмас.

Учинчидан, сўз эркинлиги ва ахборот эркинлиги масалалари жамиятда тўғри тушунилмаган. Фикрни эркин ифода этиш маданияти ва фикрлаш тарзи етарлича шаклланмаган. Натижада, бу соҳаларда ҳали жиддий ривожланиш кузатилмаяпти. Ўз фикрини эркин баён этишнинг тўлиқ маданияти ва ҳуқуқий асослари яратилмаганлиги жамиятнинг эркин ва очиқ мулоқотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга халақит беряпти.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасидаги муаммоларни ёритишда, оддий фуқаролар бошидан кечираётган воқеалар айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Шу ҳолатни янада яхшироқ тушуниш учун реал бир мисолга таяниш зарур.

2024 йил 23 декабрь куни Тошкентдаги метан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган ҳолат бунга яққол мисол бўла олади. 46 ёшли Дамас ҳайдовчиси Ғайрат Дўстов навбатда туни билан кутиб, газ қуйиш шохобчасида газ бериш тўхтатилганлиги ва навбати келиб қолган Ғайрат Дўстов норозилик билдириб, расмийларга видеомурожаат йўллаган эди.

У ўз мурожаатида мамлакатдаги газ танқислигидан норозилигини ва ер усти шунингдек ер ости табиий бойликларидан халқ фойдалана олмаслигини очиқ ифода этди. Аммо орадан уч кун ўтиб, яъни 26 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир тумани суди уни майда безориликда айблаб, 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ушбу воқеа нафақат ҳайдовчининг тақдирига, балки умуман жамиятда сўз эркинлигининг қай даражада мавжудлигига оид саволларни келтириб чиқарди. Мазкур вазият фонида интернетда юзага келган кескин мунозаралар, жамиятнинг жавоби бу масаланинг нақадар долзарб ва оғриқли эканини кўрсатди. Ғайрат Дўстовнинг ушбу воқеада билдирган фикрлари эса бизни чуқур ўйлантиришга мажбурлади.

У ўз мурожаатида шундай деган эди: «Ўзимнинг тинчлигим, бола-чақам, уч кунлик ҳаётда яхши яшашим учун ўзим ҳаракат қилишим керак, ўз фикрларимни айтяпман. Демократик давлат, сўз эркинлиги, фуқаролар эркинлиги, қонун устуворлиги бўлганидан кейин менинг ҳам гапиришга ҳаққим борми? Нима учун ҳақиқатни гапирсам, мени прокуратурага чақирасизлар, шунчаси етмаганидек».

Шахсан бу сўзлардан, одамларнинг юрагида тўпланган норозиликни очиқ айтишга уринган фуқароларнинг қандай хавф остида қолаётганини ҳис қилиш мумкин. Агар фуқаролик позициясини билдирган оддий бир ҳайдовчи жазога тортилса, унда сўз эркинлиги фақат матнларда қолаётган иборами, деган савол ўз-ўзидан туғилиши табиий.

Шу сабабли ишонч билан айтмоқчимизки, жамиятда очиқ фикр билдиришдан қўрқмайдиган муҳитни яратиш — бу нафақат ҳуқуқий, балки маънавий мажбуриятдир.

Ушбу ҳолат жамиятда фуқароларнинг фикр билдириш ҳуқуқи қандай хавф остида қолаётганини кўрсатади. Ўзбекистонда журналистлар ва блогерлар учун қонуний ҳимоя назарда тутилган бўлсада, амалиётда бу ҳуқуқларнинг қай даражада ишлаши жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.

Айнан шу зиддият — қонун билан берилган эркинлик ва ҳаётда юзага келаётган чекловлар ўртасидаги тафовут — сўз эркинлигини фақат ҳуқуқий мезонлар билан эмас, балки ижтимоий ва сиёсий контекстда ҳам чуқур таҳлил қилиш зарурлигини кўрсатади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ахборот эркинлигини мустаҳкамлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Бу борада давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг биргаликдаги ҳаракати муҳим.

Очиқлик – тараққиёт гаровидир. Эркин фикр ва сўз эркинлиги яшнаган жамиятда ижтимоий адолат, ишонч ва фаровонлик мустаҳкам ўрнашади. Биринчи ўринда, янада юқори натижаларга эришиш ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш учун тизимли ислоҳотлар зарур. Бу жараённи фақат қонунлар ва норматив ҳужжатлар билан чеклашнинг ўзи етарли эмас.

Шунинг учун, сўз эркинлиги кафолатларини мустаҳкамловчи ҳуқуқий муҳит яратиш, журналистлар ва блогерларга эркин фаолият юритиш имкониятларини тақдим этиш жуда муҳим.

Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакилларининг эркин ишлашлари учун ҳуқуқий кафолатлар берилиши керак. Давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятини ошкора қилиш, фуқароларнинг фикр билдириш ва танқид қилиш ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлаш ҳам жамиятни очиқ ва демократик қилишда муҳим роль ўйнайди.

Фуқароларнинг фикрини инобатга олиш ва бошқарув тизимини шаффоф қилиш орқали жамият билан давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга эришиш мумкин. Шу сабабли, Ўзбекистонда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш зарур. Бу, нафақат мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини яхшилайди, балки жамиятни эркин ва шаффоф бўлишига хизмат қилади.

Бугунги куннинг энг долзарб вазифаси – Сўз эркинлигини таъминлаш бу фақат сиёсий ислоҳот эмас, балки миллатнинг маданий ва маънавий уйғонишидир. Бу йўлда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз керак.

Ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, жамиятни янада очиқ ва демократик қилишдир. Ялпи ижтимоий барқарорликка эришиш ва демократик қадриятларни янада чуқурлаштириш учун бундай изчил ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим.

Шундай ислоҳотлар орқали биз нафақат жамиятда эркин ва адолатли муҳитни яратамиз, балки фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, давлат бошқарувидаги шаффофликни таъминлашда катта қадамлар қўямиз. Бу жараён, ўз навбатида, мамлакатимизнинг келажакдаги ривожланишида мустаҳкам пойдевор бўлади, деб умид билдирамиз…

ЖИДУ «Халқаро ҳуқуқ» факультети 1-курс талабаси Шерзод Шарипов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш