Qidirish

01:30 / 2022-12-22 125 0 Мақолалар

Ўзбекистон-Қозоғистон: Муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик

“Қозоғистон биз учун замон ва ҳаёт синовидан ўтган яқин қўшнимиз, бизни кўп йиллик дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради”, Шавкат Мирзиёев.

world-news

21 декабрь куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди. Бу Қозоғистон раҳбарининг президентликка қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири сифатида, икки қардош давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада кенгайтиришга тайёр эканининг ёрқин далилидир.

Бунда халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам муҳим омил бўлмоқда. Шу кунларда Ўзбекистонда қозоқ халқининг ардоқли фарзанди, шоир ва мутафаккир Aбай Қўнанбоевнинг мероси кунлари кенг миқёсда нишонланди.

Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси иштирокида кўплаб ижодий кечалар ташкил этилиб, олий таълим муассасаларида шоир ижодига бағишланган маърузалар ўқиб эшиттирилди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Миллий академик драма театрида “Aбай” номли спектаклининг намойиш этилгани ҳам ғоятда қувонарлидир. Тошкент, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида буюк мутафаккир ижодига бағишлаб маданий-маърифий ва бадиий кечалар ташкил этилди.

Ушбу тадбирлар Aбай Қўнанбаевнинг маънавий меросини яқиндан танитиш орқали, ўзбек-қозоқ маданий-гуманитар алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистон билан тарихий ришталар, миллий анъаналар, муштарак тил, дин ва ўхшаш маданият ва қадриятларга асосланган ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келмоқда.

Сўнгги йилларда Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўзбек-қозоқ дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевннинг Остонага ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди. Бу эса ўзаро яқин ва ишончга асосланган ҳамкорликни яққол намоён этади.

Икки мамлакат халқлари манфаатларига тўла хизмат қиладиган мавжуд салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича тарихий келишувларга эришилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, “яшил” энергетика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, маданият, фан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида ўзаро алмашинувлар шулар жумласидан.

Бугунги кунда ушбу шартномалар изчил амалга оширилиб, ўзаро савдо алоқалари жадал суръатларда ўсмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми энг юқори кўрсаткичга, яъни қарийб 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобиль ва темир йўл орқали юк ташиш ҳажми кундан-кунга ортиб бормоқда.

Қолаверса, ўзаро авиақатновлар тўлиқ тикланиб, янгидан-янги йўналишлар йўлга қўйиляпти. Икки давлат етакчи корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб, иқтисодиёт тармоқларида қўшма корхоналар ва лойиҳалар сонининг олти баробарга ошгани қуйида фикримизнинг ёрқин далилидир.

Қўстанай вилоятида автомобиллар, автобуслар ва агротехника ишлаб чиқариш корхонаси, Туркистон ва Чимкентда замонавий тўқимачилик ва маиший техника ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, саноат, кимё, озиқ-овқат саноати, қурилиш соҳаларида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда, ўзаро маданий-гуманитар алоқалар жадал суръатларда ўсиб боряпти. Мисол тариқасида, икки давлат “Маданият ва кино кунлари”, қўшма концертлар, кўргазма ва анжуманлар ўтказишдек эзгу қадриятлар янада фаолашаётганидан бениҳоя мамнунмиз. Ёшлар ва сайёҳлар алмашинуви фаол йўлга қўйилган.

Аввалроқ, 21-24 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиб, ушбу тадбир доирасида “давра суҳбатлари” ва ёш рассомлар кўргазмалари, Риштон кулолчилик мактаби, Бухоро ва Нурота каштачилиги, шунингдек, Марғилон тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Қозоғистон Миллий санъат университетида Ўзбекистон халқ артистлари томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилди. Тадбир Қалибек Қуанишбоев номидаги қозоқ давлат академик мусиқали драма театрида бўлиб ўтган ўзбекистонлик санъаткорларнинг гала-концерти билан якунланди.

Икки мамлакат ўртасидаги яқин ришталар, ўзаро очиқ мулоқот ва дўстлик, маданий алмашинувнинг фаоллашуви бош мақсадга эришиш – халқларимизни янада жипслаштириш имконини берди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг давлат мустақиллигини қўлга киритиши ижтимоий-сиёсий фаолликнинг мисли кўрилмаган юксалишига, миллий ўзликни англаб етишга кўмаклашди.

Мустақилликдан сўнг, жамиятда умуммиллий ва маънавий қадриятлар тикланиши белгилари яққол намоён бўла бошлади, айни пайтда янгича сиёсий, мафкуравий ва маданий юксалишга гувоҳ бўлдик.

Янги тарихий шароитда ҳам икки мамлакат халқлари ўртасидаги анъанавий алоқаларни ривожлантириш муаммоси долзарб бўлиб қолди.

Марказий Осиё тарихий-маданий маконида алоҳида ўрин тутган Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари бугунги кунга келиб минтақадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида муҳим саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, тарихий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари умумий тарихий-маданий меросни оммалаштириш ва асраб-авайлаш бўйича турли лойиҳаларга доир ташаббусларни илгари сурмоқда.

Мазкур ташаббуслар, Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мустаҳкам сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимизнинг халқаро нуфузи, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятининг буюк аждодларимиз тарихий-маданий меросига қизиқиши сезиларли даражада ортди.

XIX аср ўзбек-қозоқ мутафаккирлари Марказий Осиё халқларининг маданий ва маънавий ривожига улкан ҳисса қўшиб, уларнинг ижтимоий-фалсафий ва интеллектуал мероси минтақамизда ва ундан ташқарида ҳам алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Бу борада Марказий Осиё халқаро институтида ҳам самарали ишлар амалга оширилиб, ушбу ташриф олдидан “XIX аср ўзбек ва қозоқ мутафаккирлари дунёқарашида умумий тарихий-маданий меросни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда Р.Б.Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти, М.О.Аузев номидаги Адабиёт ва санъат институти, Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети “Абай Академияси” илмий-тадқиқот институти ва бошқа етакчи эксперт-таҳлил муассасалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда уларнинг кўп қиррали ислоҳоти ва маърифий фаолияти чуқур, фаол мулоҳазалар ва илмий изланишлар мавзусидир. Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг бўлажак олий даражали музокаалари якунлари бўйича имзоланадиган ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини очиб беришга ҳамда ўзбек-қозоқ стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш