Qidirish

00:38 / 2025-01-12 39 0 Мақолалар

Айдар–Арнасой кўллар тизими – кимнинг тизгинида?

Айдаркўлда балиқчилик қачон ривожланади?! Ўтган асрнинг 70- йилларидан бошлаб ҚИЗИЛҚУМ бағридаги Тузкон кўли Қозоғистоннинг Чордара сув омборидаги сув ташламаларининг кўпайишидан бориб-бориб бугунги кунда Ўзбекистондаги Орол денгизидан кейинги энг катта шўр кўлга айланган.

world-news

Халқ орасида Айдаркўл деб аталувчи Айдар-Арнасой кўллар тизимининг кўл юзаси ҳозирда 4000 кв. метрни ташкил этади. Ўтган йиллар давомида кўлнинг нафақат флора ва фаунаси бойиди балки балиқчилик ҳам ривожланди.

Маълумотларга кўра Айдаркўл ҳозирда ҳам Ўзбекистон аҳолисининг 3/1 қисмини балиқ билан таъминлайди. Жиззах вилояти ҳудудларидан то Навоий вилоятининг Нурота туманига қадар чўзилган 200 кмлик масофада мавжланаётган кўлдан шу кунларда Жиззах вилоятининг Арнасой, Зафаробод, Фориш тумани ва Навоий вилоятининг Нурота туманида яшовчиларнинг бир қисми балиқчилик орқасидан рўзғор тебратишади. Балиқчиларга кўра кейинги пайтларда Айдаркўлда балиқ етиштириш сезиларли камайган.

Устига—устак Айдаркўлни ривожлантириш бўйича Президент томонидан чиқарилаётган фармон ва қарорларнинг ижроси амалда бажарилмаётгани кун кўриши бевосита шу кўлга боғлиқ балиқчилар ва балиқчилик билан шуғулланадиган тадбиркорларни хавотирга солмоқда. Жумладан тадбиркорларнинг мурожаатида шундай сўзлар бор «Айдар-Арнасой кўллар тизими 2017 йил март ойига қадар Жиззах вилояти ҳокимлиги қишлоқ хўжалигига қарашли ташкилот эди.

Президентнинг 2017 йил мартдаги 124-сонли қарорига биноан Айдар-Арнасой кўллар тизими унитар корхонаси ташкил этилиб, кейинги ўринда Давлат унитар корхонаси (ДУК) деб номланиши кўзда тутилади ва Республика солиқ қўмитаси бошқарувига берилади.

2017 йил 26 апрель куни Жиззах вилояти солиқ бошқармаси идорасида ДУК участкаларини балиқ овлаш ва етиштириш учун очиқ тендер асосида 10 йил муддатга ижарага бериш мақсад қилиб қўйилди. тендерга қатнашган бригадалардан 137 нафари 10 йил муддатга ижарага ер олиб ҳар бир контур учун 2017 йил ҳисобига 11 миллион сўмдан ижара ҳаққи тўлаш мажбурияти билан иш фаолиятини бошлайди. Тадбиркорларнинг ушбу тендерда ютиб олган участкалари шартномага кўра 2027 йил 15 июнгача ҳуқуқий кучга эгалиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур шартнома томонларнинг келишувига биноан қўшимча ўзгартиришлар ҳам киритилишини кўзда тутади. Лекин номаълум сабабларга кўра 2018- йил учун ижара тўлови 43 миллион сўмга ошириб юборилди. Натижада 31 нафар бригада ижара ҳақи кескин ошиб кетганлиги сабабли харажатларни қоплай олмасдан бригадаларни ёпишга мажбур бўлишади. 2019- йилга келиб эса 1 контур учун 122 миллион сўм ижара ҳақи белгиланди. натижада 136 бригададан 30 та бригада қолади халос.

2020 йилга келиб ДУК бошқарув органларининг тажрибасизлигими ёки атайлаб ДУКни банкрот қилиш режаси ишлаб чиқилганлиги бўйича гумон пайдо бўлади. Айни шу даврда қўлда ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари авж олади.

2021 йилда ДУК директори ўзгаради ва бригадирларга битта контур учун ижара тўлови «ўттиз уч миллион сўм»дан таклиф этилади. Ижара ҳақининг туширилгани боис 64 та бригада яна ишга қайтади. Бригадаларнинг ҳар бири 2000 гектар ерни ижарага олишиб 10-15 кишини иш билан таъминлаб 70–100 тоннадан балиқ маҳсулотларини халқ дастурхонига тортиқ қилиб келишаётган эди.

2022 йилнинг 22 февралида Президентнинг «Айдар-Арнасой кўллар тизимини бошқарувини такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисидаги» 141-сонли қарори чиқади. Қарорда кўрсатилишича 2017- йилга нисбатан балиқ овлаш кўрсаткичлари 45 фоизга тушиб кетганлиги, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлар авж олишига йўл қўйиб берилгани учун Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси ДУКни Сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими» МЧЖ сифатида қайта ташкил этиш кўзда тутилади ва катта ишларни катта лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб беради.

Афсуски орадан 3 йилга яқин вақт ўтишига қарамасдан янги келганлар ҳам мурожаатчиларга кўра бирон янгилик қилмаган. Аксинча, эски ҳаммом эски тослигича қолиб фақат ўз манфаатлари учун ишлаётганлигини иддао қилишмоқда.

Балиқчиларга янгидан — янги солиқларни жорий этаётган« Айдар-Арнасой кўллар тизими» МЧЖ ва унинг 2023 йилнинг 22 майида 100 фоизлик ишончли бошқарувини инвестиция киритиш шарти билан қўлга киритган «PRO FISH LINE» МЧЖ иш юритувидан балиқчи тадбиркорлар кескин норози бўлишмоқда. Мурожаатчи тадбиркорларга кўра уларнинг эътирозларига салкам икки йилдан буён ҳеч бир идора жиддий ёндашмаётганлиги уларнинг норозилигини оширмоқда.

Бир неча марта Жиззах вилояти ҳокимининг қабулида ҳам бўлишган. Ҳатто 2024 йилнинг 21- сентябрь куни Арнасой тумани ҳокимлигида Жиззах вилоятининг собиқ ҳокими Эргаш Салиев бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам «PRO FISH LINE»нинг ноқонуний талаблари ва ноҳақликларига чек қўйилишини талаб қилишган. Бироқ на ҳоким ва на бошқаси шунча вақт ўтсада уларга ёрдам беролмаган.

Яқинда бир гуруҳ балиқчи тадбиркорлар Жиззах вилояти ҳокимлигига янги раҳбардан нажот излаб келишди.

Тегишли масъуллар ва Вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев уларнинг муаммоларини тинглагач, душанба куни яъни 13 январь – Фориш тумани ҳокимлигида учрашиб масалага ечим топишга келишиб олишди.

EFFECT.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради. Тез кунларда ушбу мурожаат юзасидан тайёрланган катта видеорепортаж эътиборингизга ҳавола этилади.

Аъзам Хўжақулов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш