Qidirish

17:10 / 2024-10-26 268 0 Жамият

Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, унинг истиқболи шу кунларда дунё олимлари эътиборида…

Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, унинг истиқболи шу кунларда дунё олимларининг эътиборида, десак муболаға бўлмайди.

world-news

Тошкентда бўлиб ўтаётган “Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг ялпи йиғилишида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин исботини топди.

Унинг доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Халқаро экспертлар кенгаши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кенгайтирилган илмий кенгашининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Тошкентнинг тарихий марказида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан, ислом таълимоти ва тарихи, маънавият ва маърифатга доир барча маълумотларни энг сўнгги рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект янгиликларини ўзида мужассам этгани ҳолда ифода этишига оид режа ва лойиҳалар хусусида атрофлича сўз юритилган.

Анжуманга мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи тарихчи, қадимшунос олимлари, экспертлар, музейшунослар, реставраторлар, дин соҳаси вакиллари, хаттотлар, мусаввирлар ва дизайнерлар, замонавий рақамли технологияларнинг билимдонлари, шарқшунос олимлар, адиб ва ижодкорлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари маърифий соҳалардаги туб ижобий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.

– Янги Ўзбекистоннинг ёрқин ва юксак маънавий тимсоли бўлмиш Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилаётгани, бундай маданий мерос ҳафталикларининг юқори савияда ўтказилаётгани мамлакатимизнинг қайтадан илм-фан, маърифат марказига, Учинчи Ренессанснинг маконига айланаётганидан дарак беради.

Бугун қадимий ва бетакрор диёримизда табаррук номлари жаҳонга машҳур бўлган, ҳаёти ва фаолиятини меҳр қўйиб ўрганадиган не-не буюк зотларнинг илм-фан дунёсини мунаввар қилган тафаккур машъали яна порламоқда, десак муболаға бўлмайди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказида маданий, ижтимоий-гуманитар йўналишда амалга оширилаётган мега лойиҳадир. Ушбу маскан бир вақтнинг ўзида бизнинг давлатчилигимизнинг тарихи ва анъаналари, қадриятларини ифода этиши билан бирга, мамлакатимизнинг замонавий ва келажакдаги истиқболини ўзида акс эттирган Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини ҳам ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.

Барчамиз яхши тушунамизки, фақат ўтмиш, буюк аждодлар билан фахрланиш билан чекланиб, узоққа бориб бўлмайди. Биз аждодларимиз қўлга киритган юксак марраларга таяниб, янгича тафаккур асосида янги ҳаёт, янги жамият, янги цивилизацияни барпо этишга, бугунги глобал дунёда ўзимизнинг муносиб ўрнимизни эгаллашга азму қарор қилганмиз. Шу маънода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эркин ва мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва технологияларни пухта эгаллаган ёшларни – янги цивилизация бунёдкорларини камол топтиришга хизмат қилмоғи керак, – деди Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов мамлакатимизда яқиндагина баланд руҳда ўтказилган ҳамда халқаро ҳамжамият эътибори ва эътирофига сазовор бўлган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” ҳамда Имом Термизий илмий меросига бағишланган халқаро анжуманларнинг юқори савияда ўтказилгани маърифий ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Шу билан бирга мазкур нуфузли халқаро анжуманларнинг иштирокчилари мамлакатимизда диний ва дунёвий йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар мўътадиллиги, буюк аждодлар меросига таяниши, халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг эканини намуна сифатида қайд этгани аҳамиятга моликдир.

Анжуманда ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, атоқли адиб ва публицист Султон Раев табаррук Ўзбекистон диёри азалдан қадимий илм-фан, маданият ва санъатнинг бебаҳо бешиги бўлиши билан бирга ушбу илмий мерос туркий халқлар, умуман башарият учун ғоят қадрли эканини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш