Qidirish

13:39 / 2024-09-20 498 0 Жамият

Скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида йўл ҳаракатида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгаришларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг хизмат вақтида қоидабузарликни аниқлаган тақдирда шу жойнинг ўзида жарима қўллаши ваколати бекор қилинмоқда ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.

world-news

 

Сенатнинг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, шу жумладан ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Натижада жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайишига эришилди.

Муҳокама этилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик яратиш ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда.

Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларимизга ушбу ёрдам ва хизматлар зудлик билан кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд.

Бундай ҳолатлар, ўз навбатида, автоматлаштирилган фото- ва видео техник воситалар орқали қайд этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига асосан юқорида кўрсатилган ҳолат юзага келган ҳолларда, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси асосида тугатилиши белгиланган.

Муҳокама қилинган қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.

Қайд этиш жоиз, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.

Шу сабабли скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.

Йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, бугунги кунда юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳанузгача юқорилигича қолмоқда, оқибатда эса ҳалок бўлганлар ва жароҳат олган фуқароларнинг сони ҳам кам эмас.

Мунира, [Пт 20.09.24 15:52]
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.

Ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаганлиги сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланишмоқда ва бу ҳолат автомобиль йўлларида тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг ўтган 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.

Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлиги (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, шунингдек фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш