Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
“Ходим ўғри бўлса дардимизни кимга айтамиз?” ёхуд Баҳодир Ғуломов иши нимадан бошланган эди?
Ўзбекистонда 15 йиллик қамоқ жазоси билан якун топган оламшумул коррупция ҳолатларидан бири ҳақида тўхталамиз.
Ўзбекистонда 15 йиллик қамоқ жазоси билан якун топган оламшумул коррупция ҳолатларидан бири ҳақида тўхталамиз. 2024 йилнинг 13 февраль куни Бухоро вилоятининг Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг АҚШ долларни пора сифатида олаётганда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Иш ҳужжатларига кўра, у катта миқдордаги пулларни қидирувдаги шахсга қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва жиноят иши бўйича енгиллик қилиб бериш эвазига олган.
Суд ҳужжатларида ёритилишича, кейинчалик собиқ прокурор фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш жиноятларини содир қилганликда ҳам айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Февралда содир бўлган ҳолатдан сўнг 16 февраль куни Андижон вилоятида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пора билан қўлга тушган Баҳодир Ғуломов ҳақида тўхталиб ўтганди. Давлат раҳбари ўшанда бу иш эртага суддан қайтмаслиги кераклигини таъкидлаб, жиноят тафсилотлари ҳақида тўлиқ маълумотларни очиқлаган. Шавкат Мирзиёев ҳолат ҳақида гапирар экан, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни танқид қилиб, ўзи курашчи бўлиб, ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик дея халққа юзланган эди.
Суд собиқ прокурорни фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш жиноятларини содир қилганликда айбли деб топган. Шунингдек, ҳукм билан Ғуломовнинг жиноий шериклари Нажмиддин Нўмонов 11 йил муддатга, Зафар Одилов эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Улар прокурорнинг қўлига пора пуллари келишида ўртадаги воситачи вазифасини бажарган. Жабрланувчи эса «Когон ёғ-экстракция заводи» акционерлик жамияти таъсисчиларидан бири Исмаджонов Баҳодир Ғуломов келишилган пулдан қисман олиб ҳеч қандай ёрдам бермаганлиги сабаб Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси номига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган. У прокурор билан ўрталарида бўлиб суҳбатлар аудиосини исбот сифатида ДХХга топширган. Effect.uz’да мавжуд суд ҳужжатида Баҳодир Ғуломов гўёки ишни Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Камолов орқали ҳал қилишга урингани кўринади. Ажабланарлиси, иш ҳужжатида ҳатто Бош прокуратуранинг юқори лавозимда ишловчи мансабдорлари ҳақида ҳам сўз борган бўлиб, Ғуломовнинг жиноий шериги Одилов жиноят ишини Бош прокуратура юритувига ўтказиш орқали тугатиб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан 700 минг кейинчалик эса 300 минг доллар пора сўраган.
Суд ҳукмида келтирилишича, Баҳодир Ғуломов Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келиб фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида 2024 йил январ ойи бошларида Н.Нўъмонов ва хавфли рецидивист бўлган З.Одилов билан жиноий тил бириктирган.
Улар Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бирининг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўрашган.
Шундан сўнг, амалдаги прокурор Баҳодир Ғуломов 2024 йил 15 январ куни Бухоро шаҳрида жойлашган “Турон” меҳмонхонаси олдида 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н.Нўъмонов орқали олган. Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Когон ёғ – экстракция заводи” АЖга алоқадор шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини қўлга киритган.
Шундан 10 минг АҚШ долларини З.Одилов олиб, қолган 34 минг АҚШ долларини Н.Нўъмонов келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаган.
2024 йил 13 феврал куни Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Нўъмонов орқали 56 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида судланувчи Н.Нўъмоновнинг Cobalt машинасидан “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамиятга алоқадор тўрт нафар шахсларни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига сўралган 100 минг АҚШ доллари ҳисобидан 34 минг АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда баённома асосида олинган.
Суд мажлисида собиқ прокурор айбига иқрорлик билдирмасдан, сўзининг охирида қисман айбини тан олиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, давлат раҳбаридан кечирим сўрашини айтган ҳамда суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан Баҳодир Ғуломов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди жуда кўп миқдорда фирибгарлик, 28 орқали 211-модданинг 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. Суд унга 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Маълумот ўрнида, Баҳодир Ғуломов 1984 йил Бухоро вилоятида туғилган, тўрт нафар фарзанди бор, у Когон тумани прокурори лавозимига 2022 йил апрелда тайинланган. Ғуломов Когонда иш бошлагунга қадар Бухоро вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ғуломовнинг коррупциявий ишига ўхшаш яна бир ҳолат бўйича суд ҳукми ўқилди. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида, мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 АҚШ доллари ҳам олган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Фориш тумани судида кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят Кодексининг бир нечта моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга ИИВ тизимидаги мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда жиноятларга қарши курашадиган уларни фош қиладиган ташкилот ходимлари юқоридаги икки ҳолатдан ўзларига етарлича хулоса чиқаришлари керак. Ахир айтишган-ку, қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади. Ҳурматли давлат идоралари ходимлари, ҳурматли фуқаролар нафсингизни кўп пул билан қондираман дея, ўзингизни жиноят қурбонига айлантирманг. Зеро, тўрт девор ичига кирганда кейин кечирим сўрашга анча кеч бўлади.