Qidirish

15:39 / 2024-05-13 4636 0 Мақолалар

Президент қарори 3 йилдан буён ўз вақтида бажарилмаяпти!

«Спортчи ва санъаткорларга ажратилаётган миллиардлаб маблағлар, қимматбаҳо совғалар ўз вақтида берилади, таълимга келганда эса ҳар доим…»

world-news

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрда, «Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори билан ҳар йили Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови ўтказилиб келинмоқда. Танлов 3 босқичда ўтказилиб, ғолиблар қуйида келтирилган миқдорларда Президент соврини билан мукофотланиши белгиланган:

Туман (шаҳар) босқичида:

1-ўрин — 100 миллион сўм;

2-ўрин — 75 миллион сўм;

3-ўрин — 50 миллион сўм.

Вилоят босқичида:

1-ўрин — 250 миллион сўм;

2-ўрин — 200 миллион сўм;

3-ўрин — 150 миллион сўм.

Республика босқичида:

1-ўрин — 500 миллион сўм;

2-ўрин — 400 миллион сўм;

3-ўрин — 300 миллион сўм.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-боби (Танловни ташкил этиш ва ўтказиш) 2-§ (Танловни ташкил этиш) 16-бандига биноан «Танловнинг биринчи босқичи (туман босқичи) ҳар йили февраль ойида тумандаги мактаблар ўртасида» ўтказилиши белгиланган бўлса, 22-бандига биноан эса «Танловнинг иккинчи босқичи (вилоят босқичи) ҳар йили апрель ойида туман босқичида ғолиб бўлган мактаблар ўртасида, Агентлик ҳамда Вазирлик томонидан тайёрланадиган махсус синов материаллари асосида ўтказилиши белгиланган ва шу асосда ушбу танлов 3 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.

Ушбу низомнинг 5-боб (Танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини бериш) 36-бандида келтирилишича: «Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини сифатида берилган пул мукофотлари танловнинг белгиланган босқичи якунлангандан сўнг 5 иш куни ичида ғолиб мактабнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисоб варағига ўтказиб берилади» деб белгилаб қўйилган.

Мазкур низомда танлов ғолибларини тақдирлаш маросимлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тантанали равишда ташкил этилиши белгиланган.

Аммо, низомда айтилганидек «пул мукофотлари танловнинг белгиланган босқичи якунлангандан сўнг 5 иш куни ичида» эмас, туман (шаҳар) ҳокимликлари бюджетидан ажратилиши керак бўлган ушбу маблағлар 4-5 ойлаб (айрим ҳудудларда эса унданда кўп муддатларга) кечиктирилади.

Ҳатто 2023-2024 ўқув йилидаги Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг апрель ойидаги вилоят босқичи ўтказилган бўлсада, февраль ойида бўлиб ўтган туман (шаҳар) мактаблари ўртасидаги 2-босқич ғолибларига белгиланган пул мукофотлари 2 ойдан кўп вақт ўтган бўлсада ғолиб деб топилган мактабларга ҳозиргача топширилган эмас! Ачинарли томони, спортчи ва санъаткорларга берилаётган миллиардлаб пул мукофотлар, қимматбаҳо машиналар ёки 2-3 хонали уйлар ажратилса доимо ўз вақтида берилади!

Бироқ, таълимга келганда эса ойлаб кечиктирилади. Халқимиз уларга давлат томонидан катта миқдорда берилаётган пул ва совғалар ажратилган ахборотларни эшитганда бунга нисбатан доимо норозилик кайфиятини билдириб келмоқда, лекин пул мукофотлари ёки қимматбаҳо совғалар таълим ва илм-фанда юқори натижаларга эришаётган ўқувчи-ёшларга берилса халқимиз, кенг жамоатчилик фаоллари доимо 100% қўллаб келмоқда.

Энг асосийси халқимизнинг давлат раҳбари ва ҳукуматнинг Таълим ва Илм-фанга нисбатан муносабатини ижобий қабул қилиб, буни тарғибот ҳаракати сифатида баҳолайди! Шунингдек, ота-оналар ва ўқувчиларнинг таълим ва илмга умуммиллий ҳаракат сифатида муносабати ўзгариб, ўқувчилар ўртасида эркин рақобат муҳити яратилади!

Унутмайлик, бизни ТАЪЛИМ ва ИЛМ-ФАН ислоҳотлари ривожлантиради, отарчи-спортчилар эмас! Янгиланаётган ЎЗБEКИСТОНнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий равнақига, халқ фаровонлигига таълим ислоҳоти билангина эриша оламиз! Шундай экан, уйғонайлик, уйғотайлик, таълим ислоҳотларини умуммиллий ҳаракатга айлантирайлик! Зеро, барча муаммоларимизнинг илдизи таълимга бориб тақалади! Барча муаммоларимизнинг ечими фақат ва фақат ТАЪЛИМда!

Завқибек Маҳмудов. Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳлар 0

Фикр билдириш