Qidirish

14:58 / 2024-04-02 3836 0 Бизнес

«Туронбанк» 2023 йил учун умумий ҳисоботини эълон қилди

Миллий матбуот марказида «Туронбанк» АТБнинг жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида бир қатор маълумотлар очиқланди.

world-news

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга бизнес лойиҳалари учун 300 млн. сўмгача микрокредит, расмий даромадга эга бўлмаганларга 50 млн. сўмгача микроқарз, янгиланган “MyTuron” ва “TuronBusiness” иловалари, олиб борилаётган трансформация жараёнлари ва бошқа янгиликлар, Туронбанк томонидан ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Туронбанк стипендияси ҳақида. Бу лойиҳа бу йил ҳам давом этадими, қанча талабаларга стипендия берилди?

«Туронбанк» Акциядорлик тижорат банки биринчилардан бўлиб республикамиздаги молия ва иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган талабаларни ишга жалб этишни йўлга қўйган.

Банк томонидан ташаббускор ёшларни доим қўллаб-қувватлаш, билим ҳамда кўникмаларини мунтазам ошириб бориш мақсадида махсус стратегия ишлаб чиқилган. Қувонарлиси, банкда фаолият юритаётган ходимларнинг 35% ини ёшлар ташкил этади.

2022 йилда «Туронбанк стипендияси» лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирга қадар 200 нафар талаба ушбу стипендия соҳибига айланган. Шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга эса тўлов контрактлари ҳам тўлаб берилади.

Шунингдек, Туронбанкнинг иқтидорли ёшлари Германия, БАА, Жанубий Корея, Чехия, Хитой, Туркия ва бошқа қатор давлатлардаги нуфузли таълим дастурларида иштирок этишлари ҳам таъминланган.

Ўзбекистон молия бозорида 33 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки бугунги кунда Республика бўйича ўзининг 21 та банк хизматлари маркази ва 70 дан зиёд офислари орқали 622 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ўтган 2023 йилда тижорат банки фуқароларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш, бизнес эгаларининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш, янги маҳсулотларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича самарали ишларни олиб борди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган матбуот анжуманида «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви аъзолари бу ҳақида батафсил маълумот беришди.

Қайд этилганидек, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига банкнинг жами капитали 1 трлн. 897 млрд. сўмни ташкил этди. Айни шу даврда активлар 15 трлн. 939 млрд. сўмга етиб, 23,8 фоизга ошди. Шунингдек, ўтган 2023 йилда юридик ва жисмоний шахслардан жалб қилинган депозитлар миқдори 4 трлн. 661 млрд. сўмга етди. Бу ўтган йил билан солиштирганда 33,5 фоиз кўп демакдир. Жами кредит қўйилмалари эса 11 трлн. 894 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 26%га ўсди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида бизнес эгаларини молиявий қўллаб – қувватлаш мақсадида банк томонидан 3 трлн. 202 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан кичик бизнес субъектларига 1 трлн. 437 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигига 86 млрд. сўм, ёшларнинг стартапларини амалга ошириш учун 82 млрд. сўм ва бошқа қатор йўналишларнинг маблағлар йўналтирилди.

Йирик корпоратив мижозларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун эса Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Туркиянинг Эксимбанки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Хитойнинг Эксимбанки, Германиянинг «АКА» банки, Чехиянинг CSOB банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилди.

Улар орқали «Қишлоқ хўжалиги», «Чорвачиликни ривожлантириш», «Озиқ – овқат маҳсулотларини қайта ишлаш», «Тўқимачилик ва текстиль», «Мева – сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш», «Туризм», «Хизматлар соҳаси» ҳамда «Ҳунармандчилик» каби ўнлаб йўналишларга хорижий кредит линиялари ўзлаштирилди. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ лойиҳаларга 270 млн. АҚШ долларлик маблағ ажратилди.

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки ўтган 2023 йилда эндигина ўз бизнесини бошлаётган ёки капиталлашув даражасини ошириш истагида бўлган кичик бизнес субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бир қатор манфаатли хизматларни таклиф этди.

Хусусан, «Айланма маблағларни тўлдириш», «Ишлаб чиқаришни қўллаб — қувватлаш», «Микрокредитлаш», «Инвест лойиҳаларни ривожлантириш», тендер савдоларида қатнашишлари учун «Банк кафолати», «Экспорт амалиётларини бажариш» ҳамда қуёш панеллари учун «Eko panel» номли маҳсулотлари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, юридик шахсларнинг бўш турган сармояларини юқори фойда билан хавфсиз кўпайтириш мақсадида миллий валютада 20%дан, хорижий валютада эса 7%дан депозитлар таклиф этилмоқда. Қолаверса, ишбилармонларимизнинг вақтлари ва маблағларини тежаш мақсадида, банк томонидан улар учун ҳисобрақамларга масофадан хизмат кўрсатувчи махсус «TuronBusiness» мобил иловаси, «SMS ва Internet banking» хизмати ҳамда «One Touch» сингари инновацион дастурлар ҳам ишга туширилган. Бугунги кунда мазкур қулайликдан қарийб 48 минг нафар юридик мижозлар фойдаланишмоқда.

Шунингдек, пресс – анжуман давомида ўтган 2023 йилда жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар, таклиф этилган янги маҳсулотлар бўйича ҳам маълумотлар берилди. Унга кўра, «Туронбанк» АТБ томонидан жисмоний шахсларга умумий ҳисобда 1 трлн. 612 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар ажратилган. Уларнинг 343 млрд. сўми 1 598 нафар мижозга ипотека кредитига, 8,2 млрд. сўми 284 нафар мижозга истеъмол кредитига, 336 млрд. сўми 25 минг 569 нафар фуқарога микроқарзга, 906 млрд. сўми 5 минг 695 нафар мижозга авто кредитга,

18,3 млрд. сўми 2 минг 41 нафар талабаларга таълим кредитга ва 74 млрд. сўми 13 минг 809 нафар мижозга онлайн микроқарзга расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, 2023 йил якунлари бўйича «Туронбанк» АТБ кассаларига 1 трлн. 552 млрд. сўмга тенг аҳоли омонатлари жалб этилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ўсди. Бунинг натижасида мижозларга қулай ва манфаатли бўлган миллий валютада «Ipoteka», «Ustivor», «Imkoniyat plus», «Maksimum onlayn» ҳамда хорижий валютада «Optimum» омонатлари тақдим этилди.

Қолаверса, нақд пульсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш бўйича 2023 йилда 599 минг 162 дона миллий валютадаги пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, шундан 371 минг 710 донаси «UzCard» ва 227 минг 452 таси «Humo» тизимидаги пластик карточкалар ҳисобланади. Шу билан бирга, «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки 3 мингга яқин «Visa» ҳамда 15 минг 299 та «MasterCard» халқаро пластик карточкаларини ҳам фуқароларга очиб берди. Мазкур пластик карточкалардаги пулларни нақдлаштириш, кирим қилиш ва бошқа амалиётлар учун бутун Республика бўйича 144 та «UzCard», 132 та «Humo» ва 63 дона валюта айирбошлаш хусусиятига эга банкоматлар ишлаб турибди.

Яна бир жиҳатни қўшимча қилиш лозим. «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда 2022 йилда банкнинг янги «MyTuron» мобил иловасининг янгиланган талқинини ишлаб чиқди.

Янги дизайн, замонавий интерфейс ва кўплаб банк хизматларини ўзида жамлаган иловани 2023 якунлари бўйича 150 мингдан ортиқ фойдаланувчилар юклаб олишди ва индентификациядан муваффақиятли ўтишди. «MyTuron» мобил иловасида бир неча дақиқа ичида онлайн микроқарз олиш, «UzCard», «Humo», «Visa» ва «Mastercard» пластик карталарига буюртма бериш, «Humo Virtual» картасини бепул очиш каби кўплаб функциялар мавжуд.

Хусусан, бирламчи ва иккиламчи бозордан хонадон харид қилиш истагида бўлган мижозлар учун 10 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга, йиллик 16 фоиздан бошлаб, ҳеч қандай расмий даромадсиз, 416 млн. сўмгача ипотека кредити ажратилмоқда. Албатта, шартлар сиз танлаган уй ва унинг бошланғич тўловига қараб ўзгариши мумкин.

Қолаверса, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб — қувватлаш мақсадида «Бизнесга биринчи қадам» номли кредит тури ҳам ишлаб чиқилганлиги айтилди. Унинг доирасида фуқароларга 5 млн. сўмгача бўлган молиявий кўмакни ҳеч қандай бошланғич тўлов ва гаровларсиз, шунчаки суғурта полиси ёки учинчи шахс кафиллиги билан олишлари мумкин бўлади.

Агарда улар ўз бизнесларини янада кенгайтириш истагида бўлсалар қўшимча яна 300 млн. сўмгача микрокредит ҳам ажратилади. Фақатгина бунда кўчар, кўчмас мулк ёки автотранспорт воситаси гаров сифатида тақдим этилиши лозим.

Қолаверса, мижозларга «Истеъмол кредити», «Микроқарз», «Расмий даромадсиз микроқарз», «Саёҳат учун кредит», «Соғлиқни сақлаш учун кредит» ва «Таълим кредити» каби маҳсулотлар ҳам тақдим этилмоқда. Улар ҳақида батафсил банкнинг www.turonbank.uz расмий сайтида танишишингиз мумкин.

Бир сўз билан айтганда, «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки ўтган 2023 йилда мамлакат молия бозоридаги ўз ўрни ва имижини янада мустаҳкамлаб, жисмоний ва юридик шахсларга кўплаб янги хизмат ва маҳсулотларни тақдим этди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш