Qidirish

00:46 / 2024-03-08 1467 0 Мақолалар

Қамоқдаги ўлим: Собиқ ҳокимнинг бўйнидаги қарзлари қиёматга қолдими?

Жорий йилнинг 5 март куни 10 йил муддатга озодликда маҳрум этилган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров жазони ижро этиш муассасасида вафот этганди. Унинг бевақт ўлими ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Чунки, Баҳром Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани ҳамда ҳоким ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 млрд сўмдан ортиқ зарар келтиргани учун 10 йил озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, келтирилган зарарларни энди ким тўлаши ҳақида турли саволлар пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, марҳумни билганлар унинг қамоқда жазони ижро этишига соғлиқи тўғри келмаганлигини айрим судлар инобатга олмаганини танқид қилишмоқда. Ҳайдаровнинг вафотида судлар адолатсиз қарорлар чиқарган бўлиши мумкин.

2019 йил 8 октябрдан Андижон шаҳар ҳокими лавозимига расман киришган Баҳромжон Ҳайдаров 2022 йилнинг июн ойида жиноят қилганликда айбланиб, процессуал тартибда ушланган, ушбу тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган.

1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган Баҳромжон Ҳайдаров Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволанаётган бўлган.

Касалхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, марҳум Б.Ҳайдаров “Юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси, Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан гипертоник касаллиги III босқич, артериал гипертензия-III яъни хавфи Ўта юқори ташхиси билан 2024 йил 5 март куни соат 00:15 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида оламдан ўтган.

Ҳолат ҳақида касалхона раҳбарияти томонидан махсус прокурорга ва Жазони ижро этиш департаментига маълумот ҳамда марҳумнинг яқин қариндошларига хабар берилган. Махсус прокуратура томонидан суд-тиббий экспертлар жалб қилинган ҳолда текширув ўтказилган. Шу куни соат 8:30 ларда марҳум ўғли ва қудаси томонидан олиб кетилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жараённинг яна бир томони шундаки, Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган пайтида жиддий касалликлар билан оғриган, колония бошлиғи Ҳайдаровнинг соғлиги ёмонлашгани сабаб уни Жиноят кодексининг 75-моддасига асосан яъни шахс жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилиниши лозимлиги кўрсатилган бўлсада жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Баҳром Ҳайдаровни жазони ўташдан озод қилиш ҳақидаги тақдимномани рад этган.

“Суд иш ҳужжатларини текшириб, даволовчи шифокор ва адвокат Э.Носировнинг тақдимномани қувватлаб берган фикрини, прокурорнинг тақдимномани рад қилишни сўраш ҳақидаги фикрини эшитиб, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг 2023 йил 2 ноябрдаги Nº230-сонли хулосасида, маҳкум Б. Ҳайдаровга қўйилган ташхис асосли эканлиги ёзилган бўлса-да, бироқ маҳкумнинг мазкур касалликлари уни жазосини ўташга монелик қилаётгани ҳақида кўрсатиб ўтилмаганини, шу билан бирга, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига киришини, ўталмаган жазо муддати 8 йил 6 ой 21 кунни ташкил этишини инобатга олиб, маҳкум Б.Ҳайдаровга нисбатан касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш ҳақида келтирилган тақдимномани рад қилишни лозим деб ҳисоблайди”, дейилган ушбу суд ажримида.

Иш 2023 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳам кўрилган. Суд мажлисида раислик қилувчи судья Ражабов биринчи инстанция суди чиқарган ажримни ўзгаришсиз қолдирган.

“Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 15 ноябрдаги ажрими ўзгаришсиз, келтирилган хусусий апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Ажрим узил-кесил ҳисобланиб, шикоят, протест келтиришга йўл қўйилмайди”, дейилади шаҳар суди қабул қилган ажримда.

Юқорида биринчи инстанция суди қарорида собиқ ҳокимнинг касаллиги ҳақидаги ҳужжатлар ўрганилгани, Республика Суд-Тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг хулосасида, маҳкум Б.Ҳайдаровга қўйилган ташхис асосли эканлиги ёзилган бўлса-да, бироқ маҳкумда аниқланган касалликлар унинг жазосини ўташига монелик қилаётгани ҳақида кўрсатиб ўтилмагани ва бошқалар важ қилиниб, 23-сон МУИК томонидан берилган тақдимнома рад этилган.

Баҳром Ҳайдаровнинг адвокатига кўра, келтирилган айнан шу важ сабабли у Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига собиқ ҳокимда аниқланган касалликлар унинг жазо ўташига монелик қилиш-қилмаслигини аниқлаш мақсадида адвокатлик сўрови билан мурожаат қилган. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг адвокатга берган жавоб хатида шундай дейилади:

"2023 йилнинг 2 ноябрида Ҳайдаров Баҳромжон Носирбоевични саломатлик ҳолатини баҳолаш юзасидан комиссион суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.

1. Б.Ҳайдаровда экспертиза ўтказилган вақтда аниқланган касалликлар саломатлик ҳолати бўйича унинг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазони ўташига монелик қилади.

2. Б.Ҳайдаровда экспертиза жараёнида аниқланган касалликларнинг мажмуи, уларнинг ривожланганлик даражалари ва асоратларнинг мавжудлиги унда ҳар қандай вақтда оғир (қайтмас) оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан далолат беради”, дейилади экспертиза хулосасида.

Марҳумнинг адвокатига кўра, у асосли ҳужжат билан, Тошкент шаҳар тафтиш инстанциясига мурожаат қилган. Суд 2024 йил 1 февраль куни бўлиб ўтган. Келтирилган барча ҳужжатларга қарамай, тафтиш инстанцияси ҳам биринчи инстанция ва аппеляция инстанцияси суди ажримларини ўзгаришсиз қолдирган. Катта эҳтимол билан қамоқда қолган собиқ ҳокимнинг касаллиги жиддийлашиб, оғир ҳолатгача боргач, қамоқхонада жон берган.

Ваҳоланки, биринчи, апелляция, тафтиш инстанциялари судларининг 7 нафар судьялари жазодан озод қилиш ҳақидаги тақдимномани маъқуллашлари учун қонуний асос бор эди.

Ҳайдаровнинг яқинлари, агар у озод қилинса, даволатиш чораларини кўриш ҳаракатида бўлишган, бироқ, судьяларнинг адолатсиз ёндашуви эндиликда марҳумнинг яқинларини бундай имкониятдан маҳрум қилган.

Маълумот ўрнида, Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган, 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини сиртқи, 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини кундузги форматда тамомлаган.

1994 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги молия бошқармасида иш бошлаган Баҳромжон Ҳайдаров 2017-2019 йилларда бошқарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган. 2019 йил 8 октябрдан Андижон шаҳар ҳокими лавозимига расман киришган Баҳромжон Ҳайдаров 2022 йилнинг июн ойида жиноят қилганликда айбланиб, процессуал тартибда ушланган.

2022 йилнинг декабрь ойи охирларида Баҳром Ҳайдаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 млн 750 минг сўм жарима жазоси белгиланган.

52 ёшга кириб, бу фоний дунёни тарк этган Баҳром Ҳайдаровни кўплаб андижонликлар тириклик чоғидаги ижобий ёрдамлари билан эслашади.

Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ушбу хабарни шунчаки хабар сифатида эмас, балки фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилиниши кераклигини айтди.

«Шахснинг жазони ижро этиш муассаси, тергов ҳибсхонаси, ИИБ ёки прокуратура биносида вафот этиши оддий хабар эмас, фавқулодда вазият сифатида қаралиши керак.

Ўзи нега инсон қамоқхона, ИИБ ё прокуратура биносида вафот этади? Бу "демак, у ерда қийноқ бўлган, уни ўлдиришган", деган хулоса келтириб чиқариши табиий», дейди Расул Кушербаев.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш