Qidirish

13:14 / 2024-02-14 1082 0 Ҳодисалар

CMS COP14. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида трансчегаравий ҳамкорликни янада мустаҳкамланади

world-news

Самарқандда бўлиб ўтаётган CMC COP 14 халқаро конференцияси доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода билан учрашди.

Мазкур учрашувда вазир юқори мартабали меҳмонга «Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисида»ги Конвенция иштирокчиларининг 14-конференциясига ташриф буюргани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, юртимизда 2018 йилдан буён Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон экиш дастурини амалга оширилаётгани, бугунги кунга қадар қарийб 2 миллион гектар майдонда ишлар олиб борилгани, 2021 йил кузида «Яшил макон» умуммиллий ташаббуси бошланган бўлиб, унинг доирасида ҳар йили 200 миллион тупдан ортиқ дарахт экилиб, яшил майдонлар майдонини 30 фоизга етказиш кўзда тутилгани ҳақида маълумот берилди.

«Биз қўриқланадиган табиий ҳудудлар тармоқларини кенгайтириш бўйича фаол сиёсат олиб боряпмиз, уларнинг ҳудуди сўнгги йилларда бутун республика ҳудудининг 14 фоизини ташкил этди.

Ишончимиз комилки, бу саъй-ҳаракатлар БМТнинг экотизимларни тиклаш бўйича ўн йиллигининг мақсад ва вазифаларига мос келади», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, учрашувда трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратилди.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) офисининг очилиши трансчегаравий объектларни бошқариш бўйича узоқ муддатли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг очилиш маросимидаги табригида таъкидланганидек, биз Марказий Осиёда минтақавий мулоқотни яхшилаш ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз. Мамлакатларимизнинг трансчегаравий ҳудудларида Марказий Осиёда трансчегаравий муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудни яратишдан манфаатдормиз», — деб қўшимча қилди у.

Қолаверса, Тожикистоннинг ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қаторида «Raptors» меморандумига қўшилиши қувонарли эканлигини қайд этилди.

Маълумот учун, «Raptors» («Йиртқич қушлар») Африка ва Евроосиёда кўчманчи қушларни сақлаш бўйича CМС меморандуми бўлиб, халқаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни рағбатлантиришга қаратилган.

«Raptors» меморандуми ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияга (CMC) мувофиқ ишлайдиган ҳужжатлардан биридир. Учрашув якунида минтақада қулай экологик вазиятни таъминлашда янада фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш