Qidirish

12:12 / 2024-01-19 838 0 Ҳодисалар

Тошкентдаги эко-вазиятни яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилди

“Юксалиш” ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳолатни яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. 

world-news

Cўровда 34 нафар мутахассис, шу жумладан тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий эко фаоллар ва журналистлар иштирок этган. 

Респондентларнинг аксарияти (80,7 фоиз), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблаган. 

Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.

Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳк.) мониторинг қилиш керак, деган фикрда.

Бунда масъул идоралар ва NNTлар вакилалларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиш тавсия этилди:

ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;

ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиши учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;

қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;

ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Респондентлар, шунингдек, ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериш бўйича кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3 фоизи). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак.

Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.

Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли обектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳк.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6 фоиз) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1 фоиз).

Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.

Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблаган.

Шунингдек, сўралганларнинг 18 фоизи қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган.

Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлар натижасида ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин.

Бундан ташқари, экспертлар ҳаво сифатини яхшилашга, унинг янада ифлосланишининг олдини олишга комплекс ёндашиш ва узоқ муддатли турли даражадаги стратегик чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган.

Масалан:

• бетон ёки асфалт билан қопланган майдонлар яқинида кичик боғлар ташкил қилиш;

• шаҳарда ва аҳоли яшаш ҳудудларида кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;

• тиғиз вақтларда (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) Н2 ва Н3 тоифали (оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ юк ортилган) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;

• 2010-йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобилларнинг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда замонавий транспортларга ўтиш бўйича имтиёзлар жорий этиш;

• Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи зоналар ташкил этиш;

• Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ифлосланишининг олдини олиш давлат дастурини ишлаб чиқиш;

• Марказий Осиёда экологик вазиятни мониторинг қилишда давлатлараро муносабатлар соҳасида мақсадли ишларни амалга ошириш, муайян ваколатларга эга ишчи гуруҳларни тузиш;

• корхона ва заводларда тозалаш ускуналари мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;

• корхоналарнинг экологик аудитини ўтказиш, белгиланган стандартларга риоя этилишини назорат қилиш;

• аҳоли учун экологик таълим дастурларини янада ривожлантириш;

• хусусий ташкилотларга экологик муаммоларни ҳал қилишга сармоя киритиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш. Атроф-муҳитга хайрия қилиш учун солиқ имтиёзларини бериш;

• атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Экология, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш вазирликлари вакилларидан иборат ишчи комиссия тузиш.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш